Ўзбек телевидениеси 65 ёшга тўлди (фото)

0
227
Фото: mytashkent.uz

Тарихда биринчи (1926 йил Логи Берддан кейин) ҳаракатланувчи тасвирни катод-нур трубкаси ёрдамида узатиш 1928 йил 26 июлда Тошкентда, ихтирочилар Б.П.Грабовский ва И.Ф.Белянскийлар томонидан амалга оширилган. Ўзбек телевидениеси эса 1956 йилнинг 5 ноябрида ташкил этилган. Бугунги ёши  улуғ отахон- онахонларимиз ўша пайтлардаги телевизион дастурларни тамоша қилган пайтларини жуда яхши эслашади. У пайтлари маҳаллада ҳаммада ҳам телевизори бўлмаган. Ён атрофдаги қўни-қўшнилар телевизор бор уйга чиқиб, худди кинотеатрга келгандек биргаликда кўрсатув ва фильмларни мароқ билан томоша қилишган. Ўша вақтларда экран ортида кимлар ва қандай ижод қилишган эди?

Куни кеча 4 ноябрь куни «TURON» ахборот кутубхона марказида ўзбек телевидениесининг фахрий журналисти Марат Асадуллаев муаллифлигида нашрдан чиққан “Телевидениенинг назарий ва амалий асослари” деб номлаган китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Фото: Бахтиёр Хонкелдиев

Айни шу маросимга кўплаб ўзбек телевидениесининг фахрий журналистлари, телережиссёрлари, телеоператорлари ва сухандонлари ташриф буюришди. Ушбу тақдимот маросими ўзбек телевидениесининг ривожига муносиб ҳиссасини қўшган, кўплаб кўрсатувлар, телеочерклар, видеофильмлар ижодкорларини бир жойга жамлади.

Фото: Хусанжон Самигов
Фото: Хусанжон Самигов

Ўз даврида ўзбек телевидениесида узоқ йиллар меҳнат қилган кўплаб инсонлар ҳозирда бу дунёдан ўтиб кетишган бўлишса-да, марҳум ижодкорларнинг оила аъзолари ва фарзандлари ушбу маросимга таклиф этилди. Тадбирда сўзга чиққанлар Элбек Мусаев, Эргаш Каримов, Ҳайбатилла Алиев, Мақсуд Юнусов, Қўзижон Ҳакимов, Маҳкам Мухаммедов, Мели Маҳкамов каби ўз даврининг забардаст ижодкорларини хотирлаб уларнинг ижод йўли ва фаолияти, улар қолдирган теле асарлар ҳақида маълумотлар беришди.

Муаллиф китобда 50 дан ортиқ устозлари, ҳамкасблари ҳамда иш жараёни акс этган фотосуратлар билан китобхонни таништирган. Йиллар ўтгани сайин телевидение санъатининг ривожланиб бориши, ҳозирги замон томошабинини қизиқтира оладиган кўрсатувлар тайёрлаб, уларга тақдим этиш учун  юқори салоҳиятли ва  истеъдодли етук кадрларга эҳтиёж сезилади. Бу борадаги устозлар қолдирган анъана ва ижод йўллари шогирдлар учун мактаб бўлиши лозим.

Мазкур маросимда, ҳозир кексалик гаштини сураётган телевидение фахрийлари айнан ҳозирги замон телевидениесининг томошабин олдида турган вазифасини нечоғлик бажара олаётгани, яна қандай ишлар амалга ошириш мумкинлиги ҳақидаги мулоҳазаларини ҳам билдирдилар.

Бахтиёр Хонкелдиев

 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг