«Танқидий фикрлаш»

0
273
Фото: experimental-psychic.ru
Аллоҳ таоло Китобида ҳақ ва ботилни ажратиб тушунтирди. Ҳақнинг хусусиятлари, ботилнинг аломатларини баён қилди. Бандаларга ҳақда туриш кераклигини айтди.
Танқид деган сўз сараламоқ деганидир. Бир тўп буюм ётган бўлса, ичидан яроқлиларини айириб олсангиз, ана шу танқиддир. Кўнгилни хира қиладиган ҳолат ёки аргументни топиб, омма кўз ўнгига буни чиқариб, шов-шув кўтариш; бу ҳолат ҳақидаги “нафрат”ини ақллилик билан билдириш танқид эмас, аксинча, жамоатчилик кўз ўнгида обрў сўраб тиланчилик қилиш ҳисобланади. “Мени ҳурмат қилинглар, мен шундай жасурман, шундай ақллиман!” – деган даъво, ҳатто, муаллифнинг ўзига англанмаган бир даъво бўртиб туради.
Кўплаб одамларда танқид деганда айнан шу айтилган ҳаракатлар кузатилади. Уларнинг фикрича, танқид шу – кимнидир ёки ниманидир аёвсиз фош қилиш, айбу нуқсонларини айтишдир. Хато тушунча.
Танқиднинг мақсади тузатмоқдир. Даволаш. Касал бўлган нуқтага шифо бағишламоқдир. Тузатиш учун ҳақоратга на ҳожат! Таҳдиднинг кераги борми? Дилозорлик нечун зарур?
Шифо фақат гиёҳда эмас, ширин сўз ва тиғда ҳамдир.
Тиғ дегани ҳам таҳқир эмас.
Тузатиш ислоҳ қилиш ҳам дейилади. Ислоҳ қилувчи касалликни кўради ва уни энг зарарсиз, энг мақбул йўллар билан даволашни истайди. Шунинг учун изланади.
Танқид ҳақида мезонлар ўзгаргани каби ислоҳ ва ислоҳот ҳақидаги қарашлар ҳам бузилган.
Бир инсоннинг ўзгариши жуда қийин. Инсонни тарбиялаш каби мушаққат йўқ. Инсон хулқининг таҳрирланиши йиллар давомида амалга ошади.
Қўлига қалам тутган журналист ёки блогер бу ҳақиқатни англаши керак.
Бирор ерда адолатсизлик ёки ҳақсизлик содир бўлса, нима қилиш лозим? Мақсад бу ҳақда шов-шув солиб, қаҳрамон номини олишми ёки золимнинг жазосини бериб, вазиятни тузатиб, мазлумнинг жароҳатига марҳам қўймоқми?
Агар шов-шув истаги бўлса, марҳамат, майдон кенг, ютуб ёки фейсбукка чиқиб, “даҳшат” деган сўзни ўта мантиқсиз ўринда қўлланг. Кейин кўришлар ва “лайк” сонига, ҳар хил изоҳларга қараб умрни совуринг.
Башарти, сизда ундан йирик мақсад бўлса, иш бошқача ҳал қилинади. Касалликни даволашга шайланган бемор қандай йўл тутса, худди шундай йўл тутасиз: касаллик нима учун келиб чиқди? Аввал ҳолат қандай эди? Асл ҳодиса қандай рўй берди? Бу ерда айбдорлар ким? Хато кимдан содир бўлди? Қасддан қилишдими, бехосданми? Кимдир, ҳақиқатан, инсонларнинг эзиб, уларга ноҳақлик қилмоқдами?
Рад этиб бўлмас далиллар билан аниқ хулосага келгач, уларни тартиблайсиз ва масалани онгли, маданиятли равишда, кишиларнинг ичидаги ғазаб ва нафратни уйғотмайдиган тарзда ёзасиз. Сўнг тегишли майдонга чиқарасиз. Бу йўлда ҳар қандай савол ва босимларга мардона туриб жавоб берасиз. Ана шу тадбирлардан сўнг Аллоҳ насиб этса, зафар сизга насиб қилади. Ҳақсизлик тугайди ва адолат қарор топади.
Йўқ жойдан душман орттириш, пасткашларча шалақилик қилиш, нафсониятга тегишга эҳтиёж ҳам, талаб ҳам йўқ. Инсоннинг обрўсини сақлаш, керак бўлса, унинг обрўсини кўтариш, ҳамдам ва ҳамдард бўлиш, кўнглига йўл топишдан кўра каттароқ иш борми? Албатта, бунга ҳамма қодир бўлавермайди, чунки бундай бўлиш учун мустаҳкам иймон, қаноатли ва ҳусни зон қилувчи қалб, ҳақни кўра биладиган идрок, илм ва тажрибага таянган ёруғ бир жасорат керак.
Оламлар Роббиси даъват йўлида ўз пайғамбарларига ҳалимликни, ҳикматни буюрди. Бирор жойда ҳақни етказишда қўполликка амр қилмади.
Алишер Навоий ёзади:
“Ул кўнгулгаким, қаттиғ сўздин решдек бўлғай, аччиғ тил заҳролуд нешдек бўлгай. Кўнгулда тил синони жароҳати бутмас, анга ҳеч нима марҳам ерин тутмас. Ҳар кўнгулки, тил синонидин жароҳатдур ҳам юмшоқ сўз ва ширин тил анга марҳам ва роҳатдур. Мулойим такаллум ваҳшийларни улфат сари бошқарур, фусунгар афсун била йилонни тўшукдин чиқорур” (“Маҳбуб ул-қулуб).
Мазмуни:
Кўнгилга қаттиқ сўз тиғдек бўлгай. Аччиқ тил заҳарли тилдек бўлгай. Кўнгилда тил найзасининг жароҳати битмайди. Унга ҳеч нарса шифо бера олмайди. Ҳар кўнгилки, тил найзасидан жароҳатланган бўлса, юмшоқ сўз ва ширин тил унинг шифоси ва роҳати. Мулойим сўз ваҳшийларни улфат қилади, афсунгар ҳам афсуни билан тешикдан илонни чиқаради.
Бу нозик қоидаларни унутдик.
Тилимизга эрк бердик. Мақсадимиз нима ўзи? Тузатишми ёки бузиш? Агар шу йўл билан тузатаман десак, бундан кўра бузганимиз яхшироқ.
Афсуски, илмсизлиги, устозсизлиги ва тарбия кўрмаганлиги сабабидан аксар инсонлар атрофдаги алдов туманида йўлни кўрмаяпти. Танқид деганда ҳақоратни, эътироф деганда маддоҳликни тушуняпти. Қалбда сидқ бўлмагани учун, самимийлик бўлмагани учун турли дилозор ишларни қиляпти.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг