Львов яҳудийси Ляпольд Вайс – Покистон Ислом Республикаси мафкурачиси

0
360
Фото: vatnikstan.ru/Ляпольд Вайс Покистондаги мажлислардан бирида

Муҳаммад Асад (Ляпольд Вайс) – журналист, ёзувчи ва мутафаккир, дипломат ва Покистоннинг БМТдаги вакили сифатида фаолият олиб борган машҳур Ислом уламоларидан ҳисобланади. Муҳаммад Асад яҳудий оиласида туғилган, лекин унинг ғоялари ислом оламини ўзгартириб юборди ва шу сабабли бутун дунё мусулмонлари томонидан ҳурмат қилинади. Бугун биз Муҳаммад Асад ҳақида гапириб берамиз.

Покистон фуқаролигини олган биринчи чет эллик ҳисобланган Муҳаммад Асад мазкур мамлакатдаги давлат тизимининг мафкурачиларидан бири эди.

У 1900 йил 2 июлда Львов шаҳрида туғилган. Бу вақтда ушбу шаҳар Австрия-Венгрия таркибида эди, ҳозир эса Львов ғарбий Украинанинг маркази саналади. Вайснинг бобоси Львовдаги энг бой банкирлардан бири бўлган, Ляпольдлар оиласи ўзига тўқ ҳаёт кечирарди. Бироқ, Ляпольднинг ўзи яҳудийлик дини оила ҳаётида алоҳида ўрин тутмаганини, ота-онаси диндор бўлмаганини айтади. Шунга қарамай, у оиласидагилар талабига кўра яҳудий тилида равон гапирар ва Тавротни ўрганар эди.

Кейинчалик Вайс яҳудий дини унга тўғри келмаганини тан олди. Унда, Ляпольд айтганидек, Худо кўпроқ танланган халқ – яҳудийлар билан банд эди, аслида эса дунёда қанчадан –қанча бошқа халқлар бор.

1918 йилда Ляпольд Вайс Вена университетига ўқишга киради, у ерда тарих фанини ўрганади ва бўш вақтини австриялик психоаналитикларнинг чиқишларида ўтказди. Вақт ўтиши билан Вайс тарихга қизиқишни тўхтатади ва Берлинга кетади. Ляпольд Берлинда журналистика билан шуғулланган ва ҳатто бир нечта сценарийни сотишга муваффақ ҳам бўлган. Вайс Максим Горькийнинг рафиқаси Екатерина Пешкова билан учрашиб, Волга бўйидаги очарчилик ҳақида гапириб беради ва ўзидаги юқори журналистик маҳоратни кўрсатди. Унинг бу мақоласи жуда машҳур бўлиб кетди ва шундан кейин Вайс бир вақтнинг ўзида бир нечта йирик немис нашриётларидан таклиф олди.

«Frankfurter-Zaytung»га жойлашгандан сўнг, Ляпольд Вайс Зигмунд Фрейднинг шогирди, амакиси Дорианнинг таклифига биноан Британия Фаластинига жўнаб кетади. Қуддусда Вайс умрида биринчи марта ислом дунёси билан алоқа қилади ва сионизм ҳақида билиб олади. Ляпольд бу мафкурани нафақат араблар, балки яҳудийларнинг ўзлари учун ҳам хавфли, деб билган. Унинг ёзишича, сионизм ғоялари ахлоқсизликдан бошқа нарса эмас – ахир қандай қилиб муҳожирлар хорижий давлатларнинг ёрдами билан бошқа давлатни босиб олиш умидида келиб, ҳам маҳаллий аҳолини ўз ҳудудларидан чиқариб юбориб, тинч давлат қуришлари мумкин?

Ўшандан кейин Ляпольд Вайс сионизмга қарши кураша бошлайди. Қуддусда у Исроилнинг бўлажак президенти Чаим Вейзман ва Фаластинни жойлаштиришнинг асосий мафкурачиси Меначем Усишкин билан араб масаласи бўйича фикр алмашди (Вейзман ва Усишкинларнинг келиб чиқиши Россия империясига бориб тақалади).

Шу билан бирга, Вайс Голландиядан келган яҳудий журналист Ёқуб Исроил де Ханни қўллаб -қувватлайди. Де Хан, Вайс сингари, сионизмдан ҳафсаласи пир бўлганлардан бўлиб, у араблар ва инглизлар ўртасида сионизмга мойил яҳудийларнинг раҳбарлигини тан олмаслик учун шартнома тузишга ҳаракат қилади. Де Хаан 1924-йилда Қуддусда «Хагана» яширин ҳаракатининг фаол аъзоси Иброҳим Теҳоми томонидан отиб ўлдирилган.

Фото: /vatnikstan.ru/Ляпольд Вайс араб кийимида

Бироқ, ўлимидан олдин, 1923 йилнинг ёзида, Де Хан Вайсни Иордания қироли амир Абдуллоҳга (1882 – 1951) таништиришга муваффақ бўлган эди. 1924-йилда Вайс Германияга қайтиб келади ва инглизларга қарши аниқ тезислар акс этган араб миллатчилиги ҳақида китоб нашр этади. Бу иш Вайсга яна бир бор Яқин Шарққа қайтиш имкониятини берди.

Унинг кейинги сафари икки йил давом этади. Ляпольд Қоҳирага ташриф буюради ва у ерда Шайх Мустафо ал-Марагий билан учрашди (Маълумот ўрнида, Ал Магарий кейинчалик у Ал-Азҳар ислом университети ректори бўлган). Шайх билан учрашув асносида Вайс муқаддас Ислом динини кашф этишга муваффақ бўлганини ва Ислом ҳақида ўрганганлари европаликлар таърифлаганидан кўра бутунлай фарқ қилиш ҳақида ёзади. Исломни янада чуқурроқ билиш учун Ляпольд саёҳатга чиқиб, Сурия, Ироқ, Курдистон, Эрон, Афғонистон, Туркистонга ташриф буюради ва диннинг мазмун-моҳиятини янада яхшироқ билиб олади.

1926 йилда Вайс Франкфуртга қайтиб келади ва у ерда ўзидан 15 ёш катта рассом-бева Эльза билан турмуш қуради. Кейинроқ «Frankfurter-Zaytung» газетаси таҳририяти билан жанжаллашиб қолиб, Берлинга кўчиб ўтади ва у ерда ислом фанларини ўрганишни бошлайди.

1926 йилнинг кузида Ляпольд рафиқаси билан Исломни қабул қилиб, исмини Муҳаммад Асад деб ўзгартиради ва 1927 йил январда Ҳаж қилиш учун Маккага боради. Муҳаммад Асаднинг рафиқаси Маккада жон таслим қилиб, уларнинг ўғиллари Эльзанинг оиласи қарамоғида қолади. Вайс булар ҳақида “Макка йўли” китобида чиройли тасвирлаб берган.

1927 йилда Масжид ал-Ҳарам масжиди кутубхонасида Ляпольд Вайс шаҳзода Файсал билан учрашади ва монархнинг таклифига биноан Саудия қироллигининг асосчиси қирол Абдел Азиз билан учрашиш шарафига муяссар бўлади. Ляпольд қиролда жуда катта таассурот қолдиради, ва шунинг учун унга ўша пайтда чет элликлар учун ёпиқ бўлган Наждга жойлашишга рухсат берилади.

Қизиғи шундаки, 1928 йилда Вайс болшевикларга ёрдам берганликда гумон қилиниб, совет жосуси сифатида шубҳа остига олинган. Вайс бу миш -мишларга жавобан 1929 йилда Қуддусда қирол учун муҳим маълумотларни тўплашни бошлайди. Муҳаммад Асад Қувайтда Буюк Британия билан алоқаси борлиги айтилган “Ихван” ҳаракатини фош қилиш учун ишлайди. Мазкур маълумотлар туфайли у яна қирол эътиборини қозониб, Арабистонга қайтишга ўша ерда у Шаммар қабиласидан Мунира исмли араб аёлига уйланади ва ундан Талал исмли ўғли туғилади.

Вайс Саудия Арабистонида бўлганида, Ибн Сауд қўшни давлатларда исломнинг тикланиши ва тарқалиши билан шуғуллана бошлайди, деб умид қилган. Шунга қарамай, ҳокимиятни қўлида жамлаган Ибн Сауд, Вайс ёзганидек, қандайдир Шарқий Европа қиролини эслатувчи оддий подшоҳга айланади, холос. Вайс, Саудия подшоҳи исломнинг ҳақиқий қадриятларини унутиб, араб аҳолиси орасида Ғарб турмуш тарзини оммалаштиришга уранаётганини ёзган. Қироллик оиласидан ҳафсаласи пир бўлган Вайс санусликлар билан боғланиб, Киренайкага боради ва у ерда ливияликларнинг Италияга қарши қўзғолонини қўллаб-қувватлайди.

1932 йилда Саудия Арабистони қироли Ляпольд билан алоқани узишга қарор қилади. Вайс 1932 йилда Арабистонни тарк этиб, Туркистон, Хитой, Индонезия бўйлаб бошқа саёҳатини бошлайди ва ниҳоят Ҳиндистонга келиб, ўрнашади. Жанубий Осиё ва айниқса Кашмир Вайсни ўзига маҳлиё этган эди. Ляпольд мусулмон олимлари билан биргаликда Ҳиндистон бўйлаб саёҳат қилиб, дарс берган. Вайснинг ташрифи Кашмирдаги тартибсизликлар даврига тўғри келади. Британия разведкаси эса Вайснинг фаолияти ҳақида ҳеч нарсани аниқлай олмаган. Шунга қарамай, уни минтақадан чиқариб юбориб, Лаҳорга жойлаштиришади.

Фото: vatnikstan.ru/ Вайс Лаҳорда

Лаҳорда Ляпольд Вайс кашмирлик мусулмон ва бутун мусулмон Ҳиндистонига машҳур шоир-файласуф Муҳаммад Иқбол билан учрашади. Шу пайтдан бошлаб Ляпольд фақат исломий фаолият билан шуғулланишга ва мусулмонлар мавзусида, шариат қонунлари ва ислом маданияти ҳақида мақолалар ёзишга қарор қилади.

1934 йил март ойида у «Чорраҳада ислом” китобини нашр этади ва шарқда Ғарб капитализмига қарши чиқади. Бу китобда Вайс бугунги кунгача ислом фундаменталистларига тегишли бўлган баъзи ғояларни очиб беради. Китоб Ҳиндистонда ҳам, Яқин Шарқда ҳам кенг тарқалган.

1938 йил октябрь ойида Вайс Ҳиндистонни тарк этиб, Европага қайтади. Лондонда у ўз оиласини Австриядан қутқариб, олиб келиш учун Британия ҳукуматидан ёрдам сўрайди. Лекин, бу амалга ошмай унинг бутун оиласи концлагерларда вафот этади. Вайснинг ўзи 1939 йилнинг ёзида Ҳиндистонга депортация қилинган ва у ерда ҳибсга олинган. У фақат 1945 йил августда озодликка чиқади. Қамоқда у кундалик юритмаган ва Европада содир бўлган барча сиёсий муаммолардан ўзини бутунлай четга тортган. Муҳаммад Асад мусулмон сифатида Европанинг муаммолари билан шуғулланмаслиги керак, деб ҳисобларди.

Қамоқдан озод бўлган Вайс ўзини Покистон ва ҳинд мусулмонлари муаммосига бағишлайди. 1947 йилда, Покистон мустақилликка эришгач, Ляпольд Исломни қайта тиклаш департаменти бошлиғи этиб тайинланади. У Покистонда замонавий бошқарув тизимини қуришнинг асосий мафкурачиларидан бирига айланади.

Вайс янги давлат ислом, парламент демократияси ва мусулмон маъносида либерал демократик қадриятларга асосланган бўлиши керак деб ҳисобларди. Вайс, шунингдек, Покистон Ислом Республикасининг фуқаролигини ололган биринчи чет эллик киши бўлади.

1949 йилда Вайс яна мусулмон қадриятларидан кўра дунёвий ғояларга йўналтирилган деб ҳисоблаб, кейинги исломий ҳукуматдан ҳафсаласи пир бўлади. Вайс, бир пайтлар Покистоннинг Ҳиндистондан ажралиб чиқишига қарши чиққан Али Жиннани ҳақли равишда Покистон бошлиғи бўлиши керак, дерди. 1952 йил бошида Вайс Нью -Йорка Покистоннинг БМТдаги доимий вакили сифатида юборилади.

Фото: vatnikstan.ru/Вайс Покистон радиоси орқали чиқиш қилмоқда

Нью -Йоркда Вайс хотини Мунира билан ажрашади ва католиклик дини чиқиб, исломни қабул қилган Полка Хамидига уйланади. Муҳаммад Асад қолган умрини шу хотини билан ўтказади. Вайснинг ажрашиши Покистон расмийлари томонидан танқидга учраган, шунинг учун у муддатидан аввал истъефо беради.

АҚШда Вайс қариндошлари билан учрашади, лекин айни пайтда Исроилни танқид қилишни тўхтатмайди. Моссад ҳатто Вайсни ўз тарафига ўтишни таклиф қилиб, ёллашга уриниб кўрган, лекин бу мувафаққиятсиз тугаган. Бора-бора Вайс сионизмнинг ашаддий душманига айланади.

1954 йилда Вайс «Макка йўли» китобини нашр этади. Мазкур китоб Осиё ва Нью -Йоркда катта шов-шувларга сабаб бўлиб, шу воситасида исломни қабул қилганлар ҳам бўлади. Улардан бири исмини Марьям Жамила деб ўзгартирган америкалик яҳудий аёл Маргарет Маркус эди. 1950 йилларнинг ўрталарида Муҳаммад Асад АҚШни тарк этиб, Покистонга кўчиб ўтади, у ерда ислом фундаментализмининг машҳур мафкурачисига айланади ва Ғарбнинг ислом оламига нисбатан позициясини танқид қилади.

1950 йилларнинг охирида Ляпольд Швейцарияга кўчиб ўтади ва Женевага жойлашади. У ерда «Исломда давлат тараққиёти тамойиллари» (1961) китобини нашр этади. Бу китоб Покистон Президенти Аюб Хонга катта таъсир кўрсатади. У Вайсга маслаҳатчи лавозимини ваъда қилиб, Осиёга қайтишга таклиф қилади. Вайс бу таклифни қабул қилмайди, чунки бу вақтда у Қуръонни инглиз тилига таржима қилиш билан банд эди. Шу муносабат билан шаҳзода Файсал Маккада исломий конференция уюштиради. 1963 йилда у Вайснинг Саудия Қироллигидаги ҳомийлигини тиклайди ва Вайсни Арабистонга қайтишга таклиф қилади. Ляпольд Марокаш Танжерига кўчиб ўтади.

1967 йил араб-исроил можароси бўлиб ўтади. Бу воқеалар ҳақида Вайс “Ғарб кучлари Қуддусни яҳудийлар, мусулмонлар ва насронийлар Европанинг аралашувисиз яшаши мумкин бўлган давлат бўлиши керак, деган ҳақиқатни қабул қилмоқчи эмас”, деб таърифлаган эди. Бироқ, Покистон Яқин Шарқдан узоқ бўлганлиги сабабли, Исроил ҳукуматига таъсир ўтказа олмайди. Араб-Исроил можаросида Покистон ҳеч қачон алоҳида роль ўйнамаганини ҳам бу борада алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.

Эронда ислом инқилобидан кейин Вайс журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, Ҳумайнийни шоҳдан ҳам ёмонроқ эканлигини, унинг сиёсати ислом билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтган.

1980 йилда Вайс ниҳоят Қуръон таржимасини якунлайди ва Покистон Президенти Зия ул-Ҳақ томонидан мамлакатга таклиф қилинади. Бу унинг Покистонга охирги ташрифи бўлади. Исломободда уни узоқ кутилган меҳмон сифатида кутиб олишади. Покистонга ташрифи давомида у Лаҳордаги эски дўстлариникига ташриф буюради, мамлакат президенти билан конференцияда қатнашади ва мамлакатдаги баъзи ислоҳотларни қўллаб -қувватлайди. Вайс, шунингдек, Покистон ҳукумати аёлларга катта ёрдам кўрсатишини талаб қилади, чунки у аёллар сиёсатда алоҳида ўрин тутиши керак, деб ҳисобларди.

Кейинроқ Вайс Лиссабонга, сўнгра Испаниянинг жанубига кўчиб ўтади. Саудия қиролларидан бири, ўша пайтда Ар -Риёд губернатори бўлган шаҳзода Салмон Вайсни яна Арабистонга таклиф қилишга уринади. Вайс эса кексалигини баҳона қилиб, Испанияда қолади. Муҳаммад Асад 91 ёшида, 1992 йилнинг 20 февралида Гранада шаҳрида вафот этади ва мусулмонлар қабристонига дафн қилинади. Унинг ҳаёт йўли ва ғоялари Исломнинг Европа ва Осиёда ривожланишига ҳисса қўшган.

Муҳаммад Асаднинг мафкураси туфайли 1988 йил 2 декабрда Беназир Бхутто Покистоннинг биринчи аёл бош вазири бўлади. Бундан ташқари, Муҳаммад Асаднинг китоблари Покистон таълим тизимига ўзгартиришлар киритилишига таъсир кўрсатади. Асад томонидан ишлаб чиқилган ғоялар Покистонда ҳамон долзарб ва машҳурлигича қолмоқда.

Нашр «Туркистон ва Волга бўйи» телеграм канали муаллифи томонидан «Чет элда» рукни муҳаррири Климент Таралевич (CHUZHBINA канали) кўмагида тайёрланган.

 

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг