ШАРҚ ВА ҒАРБ ЎРТАСИДА УЙҒУНЛИК ЛОЗИМ

0
1281

Куни кеча “БУЮК КЕЛАЖАК. Ўзбекистон – 2035” иккинчи халқаро форуми бўлиб ўтди.

Унда хорижда муваффақиятли фаолият юритаётган юзга яқин иқтисодчи, молиячи сиёсатшунос ва бошқа соҳалардаги ватандошларимиз қатнашишди. Икки кун давом этган форум жуда қизиқарли бўлди. Ҳатто «Инсон капитали ва маданият» йўналишидаги сессияда музейшуносликка доир маърузани ҳам дииқат билан тингладим.

Хориждан келган юртдошларимизнинг Ватан равнақига қўшишга бел боғлашлари таҳсинга лойиқ. Чунки улар ўзлари яшаётган мутараққий мамлакатларда обрўли мавқега эга ва таъминотлари жойида бўлган кишилар ҳисобланишади. Бошқача қилиб айтганда, ўз йўлларини аллақачон топиб олишган. Менга нима, демасдан ота юрт қайғуси уларни ватанга бот-бот келишга, унинг равнақи учун бош қотиришга ундаган экан, буни фақат олқишлаймиз.

Модомики форумнинг мақсади Ўзбекистонни 2035 йилгача ривожлантириш стратегиясини тақдим этиш экан, масала ўта муҳим бўлгани учун ўз мулоҳазаларимни изҳор қилишни лозим деб билдим.

Форумнинг чет эллик иштирокчилари ҳаммаси ғарб мамлакатларида фаолият юритаётган ёшлардан иборат. Бу уларнинг ўзларини тутишларида, тилларида ва фикрларида яққол намоён бўлмоқда. Майли, инсон атроф муҳитдан таъсирланади, айниқса кучлилардан. Ташқи кўриниш ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Аммо иш тушунча, фикр ва эътиқод масаласига келганда масала бошқача аҳамият касб этади. Бу жиҳатдан мавзу ўта ҳассос ва нозик ҳисобланади.

Мисол учун форум мажлисларидан бирида бўлган воқеага эътиборингизни қаратаман. «Инсон капитали ва маданияти» йўналишида бўлаётган сессияда, маърузачи Буюк Британиянинг Кембриж университетидан, олим Тимур Юнусов таълим соҳаси ҳақида сўзлаётиб жумладан ўзбек таълимига жинсий тарбия моддасини киритиш кераклиги, болалар ўз танасида содир бўлаётган жараёнларни илмий ўрганиб, бу жараён нималардан иборат экани билиши лозимлиги ва шундоқ ҳам бу жараённи у интернетдан таълим олаётганини, ўрганаётганини урғулади.

Табиийки, мен унга ғарбнинг бу борадаги қарашлари бизнинг миллий қадриятларимизга ва динимизга зидлиги, агар ёш болалар учун жинсий тарбия шунчалик зарур бўлса, ўзимизда бунга етарли адабиёт ва таълимотлар мавжудлигини гапириб, нега ўзимизда имконият бўла туриб бошқа андозалардан фойдаланишимиз керак, деб савол бердим. Маърузачидан «Ўзбекистон дунёвий давлат» дея бошланадиган қисқа ва мавҳум жавоб олдим. Яъни, саволим у ёқда қолиб, у киши умумий гаплар билан мавзуни ёпди.

Мен бу билан айтмоқчи бўлганим, бизнес юритиш, молия, экология, суд тизими каби масалаларда илғор тажрибалардан фойдаланиш керак, аммо жинсий масала каби халқ ва миллат қадриятларига тааллуқли ишларда ғарбдан андоза олиш у ёқда турсин, унинг аянчли ҳолатига ҳавас ҳам қилиш керак эмас.

Шунинг учун «Буюк келажак» экспертлари қаторида, айниқса, маданият ва маънавият йўналишларида ўзимизнинг мутахассислар шуғулланса, агар иложи бўлса Ўзбекистон ҳамда шарқ мамлакатларида таълим олган етук олимлардан маслаҳат олинса.

Қисқаси шарқ эканмизни унутмаган ҳолда ғарб ютуқларидан фойдалансак.

Мубашшир Ахмад

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг