Толибон Афғонистондаги урушни тўхтатиш шартларини маълум қилди

0
203
Фото:thenationalnews.com

Афғонистон ҳукумати ва Толибон ўртасида музокаралар ўтказилди. Унга кўра, Толибон Афғонистон қамоқхоналаридаги 7 минг нафар тарафдори қўйиб юборилса, уч ойга ўт очишни тўхтатишини маълум қилди. Бу ҳақда The National News хабар берди.

Ушбу таклифни музокараларда қатнашган Афғонистон ҳукумати расмий вакили Надер Надери маълум қилди.

“Бу – катта шарт”, – деди у.
Надерининг таъкидлашича, Толибон раҳбари БМТнинг қора рўйхатидан чиқарилиши ҳам талаб қилинмоқда.

Толиблар Афғонистон вилоятларига бостириб кириб, шаҳарларни, шунингдек, савдо учун муҳим бўлган чегара ўтиш жойларини эгаллаб олмоқда.

Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, Покистон билан чегарадаги Спин-Болдак-Чаман чегара пункти ҳам эгаллаб олинган. Бироқ, Кобул расмийлари ҳукумат кучлари мазкур чегара пунктини назоратга олганини айтмоқда, дея хабар берган reuters.

Толибон вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид Афғонистон ҳукумати чегара пункти устидан назоратни қайтариб олгани ҳақидаги хабарларни рад этган. Унинг айтишича, толиблар чегара пунктини ҳали ҳам сақлаб келмоқда.

Айни пайтда БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссари Афғонистонда яқинлашиб келаётган гуманитар инқироз ҳақида огоҳлантирган. Бу эса ўз навбатида қочқинларнинг қўшни мамлакатларга оммавий равишда чиқиб кетишига олиб келиши мумкин.

Хабарларга кўра, Қатарда Афғонистон ҳукумати ва Толибон ўртасида ўт очишни тўхтатиш учун дипломатик ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Маълумки, Афғонистон Президенти Ашраф Ғани минтақадаги раҳбарлар билан C5 + 1 Марказий Осиё-АҚШ учрашувида Тошкентда учрашди.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистондаги вазият янада оғирлашмоқда. Шу боис, Тожикистон Афғонистон билан чегарани мустаҳкамлаш учун 20 минг аскар юборишни режалаштирмоқда.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг