Корея Республикасига қай тартибда ишга кетиш мумкин?

0
477
Жанубий Кореяга жўнат кетаётган ўзбекистонликлар/ Ортиқхўжа Норов

Ҳозирги вақтда Корея Республикасида 36 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар қонуний вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширмоқда. Таъкидлаш жоиз, ташкиллаштирилган ҳолда давлат кўмаги билан фуқароларимизни хорижий давлатларга ишга жалб қилинаётган давлатлар орасида Корея Республикасида юртдошларимиз нисбатан юқорироқ маош олишади. Ушбу давлатда меҳнат қилаётган ҳамюртларимизнинг ўртача маоши 1 млн 822 вонни (1600 АҚШ доллари атрофида) ташкил этади.

Хўш, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ушбу давлатга қай тартибда ишга кетишлари мумкин?

Корея Республикаси 16 та давлатдан, шу жумладан, Ўзбекистондан ҳам бир хил тартиб ва шартларда ишчи кучини жалб қилиб келади. Икки давлат Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари ўртасида Ўзбекистон фуқароларини Корея Республикаси ҳудудида ишга жойлаштириш бўйича англашув меморандуми доирасида юртдошларимиз ушбу мамлакатда меҳнат фаолиятини амалга оширишлари мумкин. Ушбу меморандумга мувофиқ, E-9 ишчи визаси билан фуқароларни Корея Республикасига ишга жўнатиш ваколати эга ягона такшилот Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳисобланади. Ундан бошқа ташкилотларнинг бунга ваколати йўқ.

Ўзбекистондан Корея Республикасига ишга кетиш учун номзодларга қандай талаблар бор?

  1. Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши.
  2. Номзоднинг ёши 18 ёшдан 39 ёшгача бўлиши.
  3. Корейс тилини билиши.
  4. Судланмаган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқишга рухсати бўлиши.
  5. Корея Республикаси ҳудудида бўлиш ва бошқа қонунларини бузмаган бўлиши.
  6. Соғлом ва дальтонизм касаллиги (ранг ажрата олмаслик) бўлмаслиги.
  7. Корея Республикасида 5 йилдан ортиқ муддат давомида ишламаган бўлиши лозим.

Корея Республикасига ишга кетишнинг асосий босқичлари:

1-босқич. Корейс тилини билиш даражаси бўйича тестга саралаш босиқичидан муваффақиятли ўтиш.

2-босқич. Кореянинг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати (КИРРХ) томонидан ўтказиладиган EPS-TOPIK тест имтиҳонидан муваффақиятли ўтиш.

3-босқич. КИРРХ вакиллари томонидан ўтказиладиган малака тестида (skill test) қуйидаги машқлар ва суҳбатдан ўтиш:

– ранг ажратишни синаш (дальтонизм);

– жисмоний машқ (қўл кучини синаш, бўй ва вазн ўлчаш, оғирлик кўтариш машқи);

– малака тести (рангли халқачаларни ажратиш ва жой-жойига қўйиш, пўлат симларни белгиланган ҳажмда қирқиш, пробиркаларда белгиланган ҳажмни ўлчаш, темир халқаларни жой-жойига жойлаштириш);

– корейс тилида мутахассис билан суҳбатлашиш.

4-босқич. Малака тестидан муваффақиятли ўтган фуқаролар КИРРХ томонидан белгиланган муддатларда Корея Республикаси иш берувчиларининг махсус SPAS базасига киритилади.

Танловлар базасига киритилган номзодлар иш берувчилар томонидан 2 йил давомида танлаб олиниш имкониятига эга бўлади.

5-босқич. Корея Республикаси томонидан шартнома лойиҳаси тақдим этилган фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилиб, ўқиш ва адаптация жараёнларидан ўтади.

6-босқич. Корея Республикасининг Ўзбекистондаги консуллик хизмати томонидан фуқароларга виза расмийлаштирилади ва 4 йил 10 ой муддатга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун жўнаб кетилади.

Пандемия Корея Республикасига ишга кетиш жараёнларига қандай таъсир қилди?

Пандемия бошланган, яъни 2020 йилнинг апрель ойидан буён меҳнат шартномаси келиб, ишлаш учун кетишини кутиб турган фуқароларнинг кетиши вақтинча тўхтатилди ва бугунги кунга қадар ушбу фуқаролардан бирортаси ҳам Корея Республикасига ишлаш учун кетгани йўқ.

Аммо пандемия даврида Корея Республикасида ишлаш давомида меҳнат таътили олиб юртимизга келган 500 дан ортиқ ва 4 йил 10 ой ишлаб, янги шартнома билан келган 24 нафар юртдошларимизнинг ушбу давлатдаги иш жойларига қайтаришга эришилди.

Корея Республикасининг ваколатли ташкилотлари билан қатор музокаралар ўтказилиши натижасида юртдошларимизни илк бор ушбу давлатга Е-8 визаси билан мавсумий ишларга жалб қилиш бўйича келишувларга эришилди.

Келишувларга мувофиқ, мамлакатимиз ҳудудларида ташкил этилган танловлардан муваффақиятли ўтган юртдошларимиздан бугунги кунга қадар 400 дан ортиғи Корея Республикаси ҳудудида 5 ойлик мавсумий ишларда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун жўнаб кетди.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Корея Республикасига узоқ муддатли, яъни 4 йил 10 ой муддатга Е-9 визаси билан ишларга жалб қилиш масаласи давлатлардаги коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб кўриб чиқилмоқда.

Шу ўринда Корея Республикасида меҳнат мигранти бўлган айрим юртдошларимиз фикрлари ҳам ўргандик.

Убайдуллаев Шокир, Самарқанд вилоятидан:

Белгиланган босқичларнинг барчасидан муваффақиятли ўтиб, вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун 2016 йил 27 июнда Корея Республикасига жўнаб кетган.

Кёнгидо провинсияси Ичон шаҳрида 4 йил 10 ой давомида пластик буюмлардан эшик ва ромлар ясаш корхонасида ишлаб, янги меҳнат шартномаси билан Ўзбекистонга қайтиб келган. Ҳозирги вақтда аввалги иш жойига яна қайтиб бориб ишлаш учун барча ҳужжатлари расмийлаштирилган ва яқин кунларда жўнаб кетишни режалаштирмоқда.

Шокир корейс тилини мулоқот қилиш даражасида яхши билади. Ойлик маошларини ҳар ойнинг 15-санасида олган.

Унинг сўзларига кўра, Корея Республикасида ишлаш давомида ноодатий озиқ-овқатларни ҳисобга олмаганда, бошқа бирор жиддий муаммога дуч келмаган, агар муаммо юзага келса, ўша жойнинг ўзида иш берувчи вакиллари билан ҳал этилган.

Ортиқхўжа Норов

 

USAIDнинг Марказий Осиёда барқарорликни қўллаб -қувватлаш лойиҳаси доирасида тайёрланди

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг