Жаҳон банки 2021 йилда Ўзбекистон ЯИМ ўсиши 4,8 фоизни ташкил қилишини прогноз қилди

0
131
Фото:gazeta.uz

Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши 2021 ва 2022 йилларда 4,8 ва 5,5 фоизга етади. Бу ҳақда Жаҳон банкининг «Жаҳон иқтисодий истиқболлари» ҳисоботининг июнь ойидаги сонида айтилган, деб хабар бермоқда «Gazeta.uz».

Умуман олганда, Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш 2021 йилда 3,7 фоизга ва 2022 йилда 4,3 фоизгача тикланиши кутилмоқда. Бунга, таҳлилчиларнинг фикрига кўра, хом ашё нархларининг бироз кўтарилиши, йирик нефть ишлаб чиқарувчи мамлакатларда ишлаб чиқариш ҳажмидаги чекловларнинг юмшатилиши ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг кўпайиши ёрдам беради.

Жаҳон банкининг тахминларига кўра, 2021 йилда жаҳон иқтисодий ўсиши 5,6 фоизни ташкил этади — бу 80 йил ичида турғунлик давридан тикланишнинг энг тез суръати ҳисобланиб, асосан, бир нечта йирик мамлакатларда иқтисодий фаолликнинг жадал тикланиши билан боғлиқ. Шунга қарамай, ҳисоботда қайд этилишича, кўплаб шаклланаётган бозор ва ривожланаётган мамлакатлар COVID-19 пандемияси ва унинг оқибатлари билан курашишда давом этмоқда.

Жаҳон банки прогнозларига кўра, АҚШ иқтисодий ўсиши бу йил 6,8 фоизни ташкил этади, бу катта миқдордаги молиявий ёрдам ва карантин чекловларининг юмшатилиши натижасидир. Бошқа иқтисодий ривожланган мамлакатлардаги ўсиш ҳам кескин бўлмаса-да, тезлашмоқда. Бозори шаклланаётган ва ривожланаётган мамлакатлар орасида кескин — 8,5 фоизга ўсиш бу йил Хитой иқтисодиётида бўлиши кутилмоқда.

Иқтисодиёт тикланишига қарамай, 2021 йилнинг охирига келиб дунё ишлаб чиқариш ҳажми пандемиядан олдинги прогнозларга қараганда тахминан 2 фоизга паст бўлади. Бозори шаклланаётган, иқтисодий ривожланаётган мамлакатларнинг қарийб учдан икки қисми 2022 йилга келиб аҳоли жон бошига даромаднинг пасайишини қоплай олмайди.

Бундан ташқари, таҳлилчиларнинг қайд этишича, пандемия камбағалликни камайтиришдаги ютуқларни йўққа чиқарди ва вакциналар етишмовчилиги бўлган паст даромадли мамлакатларда беқарорликнинг кучайишига ва бошқа узоқ муддатли муаммоларнинг янада чуқурлашишига олиб келди.

Мутахассисларнинг тахминича, бозори шаклланаётган ва ривожланаётган кўплаб мамлакатларда аҳоли жон бошига даромад даражаси пандемия бошланишидан олдин эришилган даражадан паст бўлиб қолади. Даромаднинг ушбу пасайиши соғлиқни сақлаш, таълим ва турмуш даражасидаги йўқотишларни кучайтириши кутилмоқда, дейилади ҳисоботда.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон банкининг март ойидаги ҳисоботида ҳам 2021 йилда Ўзбекистонда ЯИМ ўсиши 4,8 фоизгача тикланиши прогноз қилинганди.

S&P Global Ratings халқаро рейтинг агентлигининг навбатдаги ҳисоботида 2020 йилда Ўзбекистон иқтисодий ўсишга (1,6 фоиз) эришган дунёдаги камдан кам мамлакатлардан бири бўлгани таъкидланиб, аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажмини ошириш, пул-кредит сиёсатининг самарадорлигини ошириш, ҳисобдорлик ва институтлар ўртасидаги ўзаро тийиб туриш тизимининг ривожлантириш зарурати қайд этилганди.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг