Нима учун ўзбек адабиётининг чет эллардаги тарғиботи учун бошқа давлатлар грант бериши керак?

0
1131
Гулноза Набиеванинг шахсий фото жамланмаси

Бу қиз ҳар куни 10 км масофадаги ишига велосипедда қатнайди!

Тошкентдаги Goethe-Institute ходими, таржимон ва фаол фикрлар эгаси, қатъий фуқаролик позициясига эга Гулноза Набиева  билан суҳбат қурдим.

Гулноза ёқимтой, ҳур фикрли ва яхши оила бекаси. Ишга велосипедда келиб кетади. Машинаси йўқлигидан эмас.

Агар қайси ҳоким, қайси раис маҳаллада ёшлар учун кутубхона қуриш мақсадида ҳашар қилса, бориб ёрдами тегса, ғишт ташишга ҳам тайёр.

У билан Германия немисларини роса «ғийбат» қилдик. «Оппоққина» ўзимиз билан солиштирдик. Начора, дунё кўрган одам билан нима ҳақдаям гаплашардик?

«Қонни алмаштиришимиз керак», «Истеъмолчи эмас, инсон бўлишимиз зарур», «Катта эркинлик агар одамда тарбиявий унсурлар бўлмаса, одамни вахшийлаштириб юбориши мумкин», «Ижтимоий нотенгликка қаршиман», «Ҳамма нарсани пул билан ўлчашни бас қилишимиз лозим. Бу йўлдан қайтмасак, ҳолимизга вой бўлади!», «Мусулмонман, деймиз-у, қилиқларимиз билан қанча юртдошларга азият етказаётганимиз билан ишимиз йўқ», «Маданият ўчоқлари фақат шаҳарларда бўлиши керакми, қишлоққа маданият керак эмасми?», «Кутубхоналар улкан ва қўриқланадиган эмас, бир хонали бўлса ҳам ҳар бир маҳаллада бўлгани яхши». Бу суҳбатдошим фикрларидан мухтасар жумлалар. Унинг янаям чуқурроқ, кескинроқ, лўнда ва «бўладиғон» мулоҳазаларини Сиз билан ҳам бўлишишга қарор қилдим. Марҳамат, сўз Гулноза Набиевага!

Қахрамоннинг шахсий фото жамланмасидан олинди

Самарқанд яқинидаги Булунғур туманидаги Килдон деган қишлоқда оддий оилада туғилиб, ўсган олтинчи фарзандман. Мен кичкиналигимданоқ ўқишга жуда ўч эдим. Қишлоғимизда қизлар ўқишга кам юбориларди. Қишлоқ жойларда эътибор ўғил болаларга кўпроқ, қизларга камроқ бўлади, биласиз. Оиламизда қизларга кўп иш қилдириларди. Доимо ишга жалб қилинганим учун китобни беркиниб, қочиб юриб ўқирдим. Боғларнинг ичига, маккажўхоризорга кириб кетиб, чақиришса ҳам, индамай ўтириб, китоб ўқирдим. Қўлимга тушган китобни қайси тилда бўлмасин, тушунмасам ҳам чанқоқлик билан ўқирверардим.

Болалигимизда кутубхоналар, китоб дўконлари кўп бўларди. Ҳозирги ҳолатга қараб, ёшлар нима билан банд экан, деб ҳайрон қоламан. У пайтлар тўғри, телефон, интернет йўқ эди.

Биз Жанни Родарининг эртакларини, Астрид Линдгринни ўқирдик, Мартин ғозлар билан учганида, синглим билан биз ҳам учардик, сюжетни ривожлантириб бошимизни кўрпанинг тагига беркитиб, фантазия билан қаерга учиб келганимизни ҳам тасаввур қилардик.

Шу тариқа катта бўлиб, Самарқанд давлат чет тиллар институти, немис тили филологиясига ўқишга кирдим. Имтихонлардан олдин ўнг қўлим синиб, узоқ пайт касалхонада ётганман. Ўқишга тайёрланиш учун китобларимни келтириб беришган, ўнг қўлим «илизаров  аппарати»да турарди. Дарсликлардан ташқари мен чап қўлда ёзишни ҳам машқ қилардим, имтиҳонни чап қўлда ёзиб, топширганман.

Журналист бўлиш ниятим бор эди. Мени даволовчи врач Беркен Тўраевич эса, чет тиллари институти очилди, ўша ерга кирмайсанми, деб қолди. Докторнинг мен билан тенг ўғлининг ўқишга киришга қизиқиши кучли бўлмай, менинг иштиёқимни кўргач, бирга дарс қилишимиз учун мени уйларига олиб кетган. Ота-онамдан рухсат олиб, менга уйидан хона ажратиб берган. Биргаликда дарс қилардик, мен ҳам, у бола ҳам ўқишга кирдик.

Жон жаҳдим билан ҳаракат қилиб, бирортаям тўрт баҳо олмай, фақат бешга ўқидим. Германияга ҳам бориб, DAAD стипендиясини олиб ўқидим. Тошкентда Миллий Университет аспирантурасига кирдим.

Мен танлаган мавзу эса университетда кўпчиликка ёқмади. Ëқлаш ниятидан қайтдим. Илмий фаолиятдан совиб кетдим. Пауль Целан шеърияти кўпчиликда эътироз уйғотди. Яҳудий, шеърлари тушунарсиз…

У Германияда пост модернизм шеъриятининг асосчиси, немисларнинг етук лирик шахси ҳисобланади. Унинг ҳаёти жуда оғир ўтган. Ота- онаси холокост пайти концлагерда ҳалок бўлишган. Шоир уруш даврида олган жароҳатларини тилга кўчирган. Унинг шеърияти билан танишиш мен учун катта янгилик эди. Нима учун тилни бузган экан, сўзларни нега ўзгартириб ташлаган, деб қизиққанимда, одамнинг олган руҳий яраларини тилга кўчириш услуби экан бу. Мен ўша жараённи илмий кўринишда ифодалаб бермоқчи бўлдим.

Лекин Европанинг семантик сирли шоири, метафизик шахс ҳақидаги мавзу негадир илмий раҳбарларимга маъқул келмади, мавзуимни қоралашди. Мен бошқа мавзуда ёзолмадим. Шоирнинг шеърияти билан таниш бўлганим учун ҳам унинг олдида қандайди руҳий масъулият ҳис қилдим. Бошқа мавзуга ўтиб кетиш гўё сотқинликдек туюлди. Унинг шеърларини таржима қилиб, газеталарда чоп эттирдим, шу тариқа таржима оламига кириб келдим. Ҳали ўзимга нисбатан иккиланиш кучли эди. Қисқа ҳикоялар таржима қилардим холос.

Биласизми, бадиий таржима билан Ўзбекистонда кун кўриш қийин. Таржимонлик билак рўзғор тебрата олмайсиз. Менинг асосий вақтим ишда ўтади. Кечалари нимадир “Тур ўрнингдан, таржима қил”, деб ундагандай бўлади. Немис адабиёти ортиқча пафоссиз, теранлиги билан ёқади.. Шу теранликни мен ўзбек адабиётига олиб киргим келаверади.

Умуман олганда, аслида мумтоз адабиёт умуминсоний қадриятга асосланган. Адабиёт орқали биз бирлигимизни, Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалганимизни ҳис қиламиз. Ҳамма ҳар хил динга эътиқод қилар, лекин юқоридан  қараганда битта одамнинг фарзандларидекмиз.

Мумтоз асарларни ўқиганимда мен учун тўсиқ йўқолади. Чегараларни эса ўзимиз ўйлаб топамиз. Мен ҳаётда жуда юксак даражага эришган, ўқимишли инсонларга йўлиқтиргани Худойимнинг берган неъмати дея, шукр қиламан. Шу инсонлар билан гаплашсангиз, инсон сифатида орада ҳеч бир чегара сезмайсиз.

Аслида барьер қачон пайдо бўлади? Таълим даражаси пасайган сари, одам чегара белгилай бошлайди.

Бир сафар Германия билан ҳамкорлик доирасида Мюнстер шаҳридан ўқитувчилар келишган, у ёққа бориб биз ҳам қатнашганмиз. Мен ўша доиранинг қанчалик кенглигига ҳайрон қолганман. Дунёқарашингиз кенгайган сари, чегараларни бузиб ўтаверар экансиз. Қолоқлик эса чегараларни тўсади. Одамнинг билим даражаси ошгани сайин толерантлиги ошиб бораверади.

Миллий қадрият. Дунё глобаллашиб кетган бир пайтда одам аслида ким эканлигини билиши керак. Лекин бу ўз қобиғингизда қолиб кетишингизга олиб келмаслиги керак. Савия юксалганида, миллат тушунчасининг чегаралари юмшоқлашганиниям кўриш мумкин.

Ўзбек эканингиздан ғурурланасизми деб сўрашади. Турмуш ўртоғим дипломатлиги боис кўп хориж давлатларда бўламиз. Фарзандларимга кўп таъкидлаб келаман-ки, биз ўзбекмиз, буни кўрсата олиш вазифамиздир. Хўш, нимада кўрсатамиз? Ўзбекона тарбияда. Мен бу борада қадрлайдиган нарсалар, бебаҳо қадриятлар бор. Булар ўзбекона одоб -аҳлоқ ва асрий эзгуликлар.

Жамиятимизда аёл, қизларга муносабатлар масаласи мени кўп ўйлатади. Ўзим анъанавий оилада тарбия топганман. Онамнинг қизалоқлигимизда берган ўгитлари эсимда турибди: “Эркак киши- ярим пир”, “Эркак кишининг олдини кесиб ўтмаслик керак”, “Эркак кишини улуғлаш керак” деган гапни бизга яхшилаб сингдиришган.

Сингилларим масаласида эса “қиз бола ўқиб шаҳар олиб берармиди”, “Қиз бола -бировнинг хасми, палахмон тоши” деган ақидалар билан улар мактабда ҳафсала қилиб ўқимаган ҳам.

Мен шаҳарга ўқишга киргач, катта синглимни ҳам ёнимга олиб кетдим. Мотивацияда гап кўп, мен унга: “Ахир ҳаётга бир марта келасан, наҳотки ўқишга, бирор фойдали иш қилишга қизиқмайсан?” дея каттароқ мақсадларни сингдирардим.

Мен университетда немис тили дарсларини ўқиб келардим -да, нима ўрганган бўлсам, синглимга ўргатар эдим. Унинг врач бўлиш орзуси немис тилини ўрганиб олгач, Германияда тиббиёт йўналишига ўқишга етаклади. Синглим орзусига эришди. Германияда медицина соҳасида ўқиб битириш машаққат талаб қилади. Энди унга янаям кучлироқ мотивация бериш керак бўлди.

Кейин кичик синглим ҳам органик химия бўйича ўқишни Германияда битирди. Умуман олганда мени хурсанд қиладиган нарса Ўзбекистондан борган талабалар жуда яхши ўқишади. Қизларимизнинг кучини қирқиб, очилмаган қирраларини тўсиб турган турган нарса менталитетимиздаги хотин- қизларга паст назар бўлиши мумкин.

Бухорога борганимизда Улуғбек мадрасасининг эшигига “Илм олиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир”, деган ҳадиснинг ўйиб ёзиб қўйилгани  менга кучли таъсир кўрсатган эди. Фақат муслим учун дейилмаган! Ўрта асрлар учун бу ҳадисни шиор қилиш революцион характердаги гап эмасми?!

Масалан, Европада бунақа комил таълимот бўлмаган пайтда, улардан анча олдинроқ бизда аёлларнинг илм олишига шундай  инсонпарвар муносабат бўлган.

Масалан, сўзана, палакларни олайлик. Аёллар космогоник билимларини кашталарга туширишган. Сўзана нақшларига рамзий маъноларни юклашган. Сўзанада бутун бир матнни ўқиш мумкин аслида. Момоларимиз билимли бўлишган, дея баралла айта оламан.

Яна бир нарса. Бизга билим, маданиятни ҳеч ким бошқа ёқдан олиб келмаган. Баъзи танишларимнинг руслар бизга ўқиш ёзишни, илмни олиб кирган деган фикрига мутлақо қўшилмайман. Бу каби фикрлар умуман нотўғри. Бу масалада битта мисол эслатай. Меҳробдан чаён романи образи Раънони олайлик. 16 -17 яшар қизми? У Қуръон ўқийди. Ҳафтиякни ўқийди. Бедилдан цитаталар келтиради. Ҳофизни билади. Демак, араб, форс, ўзбек тилини билади. Бу уйда ўқиб, таълим олган ёш қиз шеър ёзган! Солиштиришда давом этадиган бўлсак, у даврлар болалар 7 ёшиданоқ Қуръонни ёд олишган.

Бизнинг бир масаламиз бор, у ҳам бўлса ўзимизга нисбатан ҳурматимизни оширишимиз керак. Ўзбекларнинг муаммоси – ўзига нисбатан ҳурмат йўқлигида. Баъзи жойларда яхши кийиниб, рус тилида гапирсангиз, сизга эътибор жуда бир бошқача. Оддийроқ кийиниб, ўзбекча гапирсангиз, тамоман бошқача муносабат кўрсатадилар. Бу нимани кўрсатади? Инқирозни кўрсатади! Биз шунчаки мақтанамиз холос, ўзимизга бекмиз, деб. Юзаки, қуруқ гапларни гапирамиз. Ҳаётга ичкарироқ кириб борсангиз, ўзимизга нисбатан ҳурматимиз йўқлигини ҳар жабҳада кўрамиз.

Мустамлака шууримизда яшашда ҳалиям давом этяпти. Бизга яхши сингдирилган “Сен туземецсан”, “Сен ўқимаган оми халқсан”, “Сен бой – батрак бўлиб юрганингда маданият ва илмни биз сенга обкирганмиз” деган хўрловчи уқтирма онгимизда қолиб кетган.

Мен фаҳрланадиган нарса, қаерга бормай, чет тилини намунча тоза, акцентсиз гапирасиз, дейишади.  Зотан, четда ўқиётган ўзбек талабаларига эътибор берсангиз, хорижий тилни жудаям бенуқсон гапирадилар. Яхши ўрганадилар. Кўп соҳаларда ютуқларга эриша оладилар. Хорижий университетларда ўзбеклар энг юқори ўринларда туради. Фақат ёшларимизга янада кучли имкониятлар бериш керак.

Сиз ички кучингиз бўлмаганида сингилларингиз каби ўқишга ҳафсала қилмай ташлаб қўйган, ёшлигингизни ўша қишлоқдаги маккапоялар бағрида ўтказган бўлармидингиз, дедингиз. Тўғри, ҳамма қизларимиз ботинан қувватли эмас. Биз қизларимизга руҳан, маънан мадад бериб туришимиз керак. Ўз ишида муваффақиятга эришган олималар, фаол аёлларнинг ҳаёт йўлини тасвирловчи  китоблар чиқаришимиз керак, деб ўйлайман.

Бир китоб тақдимотида талаба ёшлар билан учрашдик. Биласизми, ёш ўспирин йигитларимизда патриархал унсурлар кучли. Эркак киши аёлдан устунроқ, аёл киши уйда ўтириши керак, ўқиши шартмас, дейди. Лекин ўзидан “Сенинг тарбиянг билан ким шуғулланган, ким ўқишларингда ёрдам берган”, десам, онам, деди. Аёлнинг уйда ва жамиятда роли катта. Қаранг, агар интеллектуал қатламнинг тенг ярми ишламаса, иқтисодиётга ҳам зарар тегади.

Аёллар гендер тенглиги даъво қила -қила, оғирликларни ҳам елкасига ортиб олмадими? Аёллар эркакларнинг бошига чиқиб олади, аёллар устунлик қилмоқчи, дея нотўғри талқин қилинади. Бундан қўрқиш қолоқликдир. Зиёли қатлам қўрқмайди, бунга хотиржам қарайди. Аёлнинг ўрни, онанинг ўз роли бор. Қизларга ва ўғил болаларга тенг шароит яратиб бериш керак. Масалан ҳам ўғлингиз, ҳам қизингиз бор дейлик, уй ишларини фақат қизингиздан талаб қилиб: “Тур идишларни юв, уй йиғиштир”, ўғлингизга эса: “Бор, кириб дарсингни қил”, дейишдан фарқ ажратиш бошланади. Агар уй ишларини ҳам тақсимлаб, бири бирига ёрдам берса, гендер тенглиги шундан бошланади.

Хорижда кўрганларимдан менга энг таъсир қилгани уларнинг атроф муҳитга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиши, табиатга зиён заҳмат етказмаслиги. Шахснинг тарбияси, жамиятга бўлган ҳурмат оиладан бошланади. Уйда опаси ё синглисининг меҳнатини қадрламаган одам, кўчада ҳам шу ишни қилади. Одам нимадир ҳатти- ҳаракат қилар экан, бу билан бошқаларга зиён заҳмат етказмасликни ўйлаш керак эмасми? Ўзидан кейин кимдир тозалаши, супуришини ўйлаши керак.

Хорижда пластик пакетларни олишдан олдин  ўйлаганларини кўрганман. Мен 10 дақиқа ё ярим соат ишлатиб ташлаб юборган пластик идишлар 500 йил табиатда ётади. Шунчаки ётмайди, сувни, тупроқни заҳарлайди. Шунинг учун немислар пластик идишларни ишлатмасликка ҳаракат қилишади.

Яна бир ҳавас қиларли жиҳати, аҳоли навбатларда сизни суриб, олдинга интилмайди. Европаликлар машинада ҳам ҳеч қачон сиздан олдинга айланиб ўтмайди, ўринсиз пабиллатиб сигнал бермайди. Улар бунга қандай қилиб эришган экан, деймиз? Биз ҳам қонунларни кучайтиришимиз керак. Жамиятни қонунлар тарбиялайди. Шахсий жавобгарликни иложи борича кучайтиришимиз керак.

Яна мени қойил қолдирган нарса ёш-у қарининг спортга эътибори кучли экани. 70 -80 ёшлилари ҳам пиёда юриш, югуришга албатта чиқадилар.

Тоза ҳавони эҳтиёт қилишга аҳамият кучли. Автомашина сотиб олишда биринчи ўринда ҳавога қанчалик таъсири бор йўғини ўрганиб, кейин олишади. Тез юриши, қимматбаҳо, чиройли экани, обрў келтириши умуман аҳамиятсиз улар учун. Менимча, бу ҳам бир қадрият. Биз кўпчилигимиз ортимиздан бошқалар азият чекаётгани билан ишимиз йўқ. Яқингина жойга машинада юриш шарт эмас, аслида.

Мен масалан машина ҳайдасам, виждоним қийналадиган бўлиб қолган. Ишга велосипедда келаман. Болаларни мактабга велосипедда жўнатаман. Лекин юрагим така-пука бўлиб туради. Чунки ҳавфли-да, йўлларда велосипедларга эътибор бериш йўқ, велоинфраструктура йўқ. Тағинам ҳозир унча-мунча йўлаклар қилинди. Шаҳарни қайсидир маънода одамларга яқинроқ қилиш керак, яъни яшаш учун қулай қилиш керак. Фақат автомобиль учун эмас бу шаҳар, бу ҳаёт. Йўлларда кўп машиналаримиз экологик эмас. Тутаб юрадиганлари бор.

Велосипедда юришни оммалаштиришимиз керак. Менинг велосипедда юришим, баъзиларга эриш туюлади. Ғалати қарашади. Мен эса эътибор бермайман. Қанийди кўпроқ аёлларни велосипедда кўрсам. Аёлларимиз уй юмушлари, фарзандлари билан бўлиб ўз соғлиғига қарашни унутиб қўйишади да. Соғлом турмуш тарзи дегани чиройли, қимматбаҳо фитнес марказига қатнаш эмас.

Гулноза Набиеванинг шахсий фотожамланмасидан

Велосипедга муносабатни ўзгартиришимиз керак. Велосипед паркда кўнгилочиш учун учадиган нарсамас. Велосипед бу энг экологик транспорт воситаси. Ҳавонинг тозалигини таъминлайди. Ҳеч бўлмаса бир кун машинангиз уйда қолиб заҳар чиқармай турса савоб бўлармиди балки. Масалан, Тошкент жуда текис, силлиқ шаҳар. Велосипедда юришга жуда қулай. Қандай тепалик, дўнглик, пастлик шаҳарларда велосипедда юришади-ку.

Мен 10 км йўл босиб, велосипедда ишга келаман. Интернетда саҳифа очиб, велосипедда юриш фойдалари ҳақида маълумотлар қўйиб бордим. Баъзилар аёл киши бўла туриб, велосипедда юришга уялмайсизми, дейишади. “Мен нега уялишим керак? Ҳавони тутун заҳрига тўлдираётганлар уялсин”, дейман.

Энг хурсанд бўлганим, турмуш ўртоғим галстуклари хилпираб, велосипедда ишга кетадилар. Костюм шимда, шим почасини пайпоқ ичига тиқволадилар. Қўни қўшниларим ҳавас қилишади, лекин ўзлари бундай юришга уялишади.

Сентябрь ойидан ҳали тирбандликни кўрасиз. Биринчи ўринда йўлдаги тиқилмалар болаларни ўқишга олиб борадиганлар ҳисобига кўпаяди. Мактаблар олдидан ўтиб бўлмай қолади. 20 метр нарироқда ҳам тўхташмайди, албатта машиналарини мактаб рўпарасига қўйиш керак. Бошқаларнинг вақтини ҳам оладилар.

Сиз фарзандингизнинг жисмоний ҳаракатини, координацияси ривожланашини хоҳлайсизми? Ëшлигидан ялпайволиб, қисқа масофага ҳам машинада юриши менимча қолоқлик белгиси. Бола жисмоний ҳаракат билан, очилиб мактабга бориши керак. Жисмоний ҳаракат ақлий ўсишни юриштиради.

Яна бир феълимиз бизни бошқа халқлардан ажратиб туради. Ичимлик сувини тежамаймиз.  Ўзбекистоннинг қанча регионларида сув танқис, одамлар сув ташиб яшаётган бўлса-да, сув бемалол жойларда ичимлик сувга машина ювилади. Германия элчихонасида ишлаган пайтимиз канцлеримиз негадир хўжалик иш бошқарувчисини уч марта алмаштирган. Сабаб, хизматчилар яхши иш қиляпман деб ўйлаб, кўча -ҳовлини ичимлик суви билан юваркан. Канцлер уйини обод қилиш учун бўлса-да, исрофга йўл қўймасди.

Немислар ажойиб халқ. Бир куни дугонамнинг уйига борганимда, қарашай, деб кран тагида идиш ювишни бошласам, “ҳай ҳай, нима қиляпсан!”, деб қолди! Ҳа, десам, тоғорага сув олиб шунга ювамиз, жўмракдан сув оқиб ётмайди, дейди. Увол тушунчаси уларда кўпроқ дейсиз баъзан.

Сув танқислиги, ичимлик сув бебаҳолигини одамларга кенгроқ англатишимиз керак. Мана, биз Гёте иститути ҳодимлари “Яшил институт” деган лойиҳани амалга оширяпмиз.

Бир йил давомида пластик идишларни ишлатмаслик, сувни исроф қилмаслик, экологик тоза маҳсулотларни истеъмол қилиш. Машинани уйда қолдириб, жамоат транспортидан ёки велосипедда ишга қатнаш. Жўмракларимизга тозалаш фильтри ўрнатиш, қоғозни тежаш. Биз иложи борича ҳеч нарсани қоғозга чиқармаймиз. Ахир компьютер, интернет нима учун?

Одамларнинг моддий манфаатга ҳаддан зиёд ўчлиги юрагимда оғриқ пайдо қилади. “Одамлар бир кун келиб пулни еёлмасликларини англаб етадилар. Лекин жуда кеч бўлади”, деган доно гап бор.

Дарахтлар кесилишини ҳам қадриятга ҳиёнатдир. Кеча Шаҳидлар хотираси хиёбони атрофидаги таъмирлаш ҳақида ўқиб қолдим. Менимча, у ерда дўконлар ва кафеларга ўрин йўқ. У ерга қатағонга учраган, суд қилинмасдан отилган ўзбекларнинг қони тўкилган. Фарзандларимиз билан бориб, сукут сақлашимиз, Қуръон тиловат қилишимиз керак. Мусиқа овозини баландлатиш ҳам керакмас бунда. Ҳаловатгоҳ, зиёратгоҳ бўлиши керак.

Хотирани уйғоқ сақлашимиз керак. Коллектив хотира ўчган жойда қадриятлар ўлиб боради.

Коллектив хотира йўқ- да бизда. Қани, ўзбек болалари билан Шаҳидлар хотираси майдонига бориб, шу ерда тарихимизнинг буюк шахслари кўмилган, деяпмизми?

Магазин, кафелар, аттракционлар қилсак, пул ишласак бўлди. Европада паркларда аттракционлар йўқ. Одамлар дарахтлар тагида соатлаб ўтирадилар, мутолаа қиладилар. Суҳбатлашиб, сайр қиладилар. Бизнинг болаларнинг диди кесилган дарахтлар ўрнидаги аттракционда, фақат кўнгилхушликка қараб шаклланадими? Мен эса истамайман болаларим шундай қилишини. Бу – жиноят.

Одамлар ўша пайтдаги сиёсий тузумга қарамасдан, яратувчанлик, бунёдкорлик қилганлар. Ота -боболаримиз ҳашар йўли билан қазишган комсомол кўлини. У жойни халққа қолдириш керак эди.

Ҳозир бу жойда атрракционлар ва дўконларни қурганларнинг фарзандлари мана бу жазирама кунларда қайсидир денгиз бўйида, соҳилда дам олаётган бўлиши керак. Бу ижтимоий нотенглик ҳисобланади. Биз эса кўпчилигимиз болаларимиз билан хорижга бориб денгиз бўйида дам олиб келишга имкониятимиз йўқми, йўқ! Демак, бизга ўша халқ учун халқнинг ўзи барпо қилган паркларни қолдириш керак.

Гулноза Набиеванинг шахсий фотожамланмасидан

Дарахтзор, соя салкин жой, озгина бир кўл керак эмасми бизга? Нега бизнинг болаларимиз тўрт девор ичида ўтириши керакми? Ëки ўша атрракционга бориб, ялтир ялтирларни кўриб келишимиз керакми, яна ўзимизнинг пулга? Мана шу ижтимоий нотенглик бўлади! Мен бунга тамоман қаршиман. Менинг фуқаролик позициям шу.

Инсоний қиёфамиз йўқолиб, истеъмолчига айланиб қоляпмиз. Одамлар бор, ҳаёт даражаси ошган сари, истеъмолни яна кўпайтириб бораяпти. Қайтмасак, ҳолимизга вой бўлади.  Қайтиш керак! Ўша боғ фойда келтирмаса да, қанча одам тоза ҳаводан баҳраманд эди. Болаларнинг диди шаклланар эди, табиатга меҳр уйғонар эди. Маънавий, руҳий ўсиш бўларди. Акс ҳолда бу болалардан нимани кутиш мумкин?

70 йилларда Мария Абрамович, “перфоманснинг бувиси” (тасаввурий томоша, намойиш, саҳна уюштириш) дея ном олган рассом бир тажриба  ўтказади.У кўргазмалар залида кунига 6 соат туриб беради. Ëнига 72 хил асбоб ускуна қўйилган бўлади. Бўёқдан тортиб, болға, нина ип, устара, мих, атиргул тикани… ва ҳоказо, тўппончагача. Ва одамларга ана шу ускуналардан кўргазма бўлиб ҳайкалдек турган аёлга нисбатан истаганча ишлатиб, таъсир ўтказиш имкониятини беради. Қани, одамзод нималарга қодир экан?

У рассом бу тажриба билан одамларга кўзгу тутган. Томошабинлардан бири аёл танасига чизган, бошқаси силаб кўрган, яна бири атиргул тиканини санчиган, кимдир устарада кесган, малҳам ёпиштириб қўйиб роса кулган. Модель ролини бажараётган рассом Мария Абрамович кўзларидан ёш чиқиб кетса да, 6 соатгача чидаб турган. Охири, оломоннинг бири қўлига тўппончани олганида, тажриба тўхтатилган!

Мария Абрамович ўткир муаммоларни санъат даражасигача кўтариб олиб чиққан.

Мутлақ эркинлик одамларни нималарга етаклар экан? Агар инсонда тарбиявий унсурлар бўлмаса, у бемалоллик таъсирида вахшийлашиб кетиши мумкин. Бировларнинг ҳақ ҳуқуқи ҳақида ўйламай қўйиши мумкин. Бизда ҳозир шуни кузатаман. Қонун қоида ишламаса, бир одам бошқа одамга жароҳат, оғриқ етказиши мумкин. Қонун қоида ишлаши керак, ва барчага баравар бўлиши керак.

Германияда ташқи ҳашаматга ружуъ қўймайдилар. Маънавий бойликка эса интилиш кучли. Китоб кўп ўқийдилар.

Масалан бизда ҳар қадамда гўзаллик салони бор. Уларда ҳар қадамда кутубхона бор. Кутубхона деганда улкан ва қўриқланадиган эмас, ҳар районда, ҳар маҳаллада бир хонали бўлса ҳам, керак. Биздаги кутубхоналар қаерга йўқолди? Балки шунинг учун ҳам мардикорларни етиштириб берадиган мамлакатга айлангандирмиз?

Мен учун бу жуда оғриқли масалалардан бири.

Қонни алмаштиришимиз керак. Иллатнинг илдизи кам ўқишда. Ëшлар телефонда, ижтимоий тармоқда, деймиз. Ëшларни айблаш осон. Ижтимоий тармоқлар ҳаётнинг ажралмас қисми бўлиб қолган. Ҳар томонлама мувозанат бўлиши учун уларга керакли шароитни ҳам қилиб бериш керак -да.

Чекка бир қишлоқда ўсганман, дедим. Шу жойда ҳам ёзги, қишки кинотеатр бўларди. Кутубхона, китоб дўкони бўларди. Ҳозир ҳамма нарса шаҳарларга кўчган, дерсиз. Нима, маданият фақат шаҳарда бўлиши керакми?

Бор моддий базани йўқ қилиб юбордик ахир, кутубхоналарни- чи, нега йўқотишади? Ўрнига қуриб бердингми, нега йўқотасан, дегим керади ҳайқириб! Маънавий бўшлиқ ўрнини нима билан тўлдирамиз? Ҳар бир туман ҳокими, ҳар бир раис бир бурчакни, бир хона уйни кутубхона қилиб қўйиши қийинми? Ҳозир ҳам ёшлар учун маданият ўчоқларини яратишимиз керак, ёшлар ўзининг ташаббуси билан нималардир қилиши керак. Одамлар ҳашар билан ҳам қуриб оладилар. Агар бирор бир шундай юксак мақсад учун иш бошланса, мен тайёрман, ғишт ташиб ёрдамлашишга ҳам бораман.

Ҳамма нарсани пул билан ўлчашни бас қилишимиз керак! Қишлоғимдаги ёшлар билан гаплашсам, ланж бўлиб гапириб қолишади “Мана, ўқишга ҳам киролмадим, энди Россияга кетаман ишлашга…” Нима учун  биз Росияга боришимиз керак? Нима учун қул бўлишимиз керак?

Ўқиш, ўқиш ва яна ўқиш билан ўз ҳаётимизни қутқаришимиз мумкин. Лекин шунчаки “Ўқи, ўқи!” деган билан ўқиб қолмайди ёшлар. Таълим кўп қиррали нарса, шароитини қилмасак, насиҳатбозликдан ҳеч нарса чиқмайди. Ëндошувни ўзгартиришимиз керак. Чуқур нарсаларга аҳамият бермаяпмиз.

Санъат одамларнинг орасида бўлиши керак, чунки, яратувчанлик одамларнинг ичида бўлади. Германияда ҳар мактабнинг ўз театр тўгараги бор. Бир сафар ёшлар орасида театр труппа тузиб, “Жизель” балет спекталини қўйишди.

Болалар эса оддий болалар албатта, профессионал актёрлар эмас. Бири семиз, бири ориқ, бирининг оёғи қийшиқ, яна бири ногирон бўлсада, спектаклни олиб чиқишди. Зеро шу иш билан 100 та одамни бир ғоя атрофида бирлаштира олдилар. Ҳаётга бўлган муносабатини ўзгартира олдилар.

Таржимонлик ишларим ҳақида гапирсам, мен ўзимни катта натижаларга эришган таржимон деб ҳисобламайман. Бор-йўғи иккита романни ўгирдим.  Ва бир қанча шеърлар.

Бу менинг юрагим шунга тортиб тургани учун, кечқурун жимжитлик бўлганида “Тур, бир нарса қилгин”, дейди кимдир. Шунда ўзим яхши кўрган китобларни таржима қилишга уннайман.

Германияда Франкфурт китоб ярмаркаси бўлади. Уларнинг стипендияларига қатнашишга ҳаракат қиламан.

Бутун дунёнинг китоблари ўша ерда тўпланади. Бир нечта павильонлар, гектарлаб ерда, чек чегараси йўқдек китоб океани! Китобда сузасиз.

Муаллифлар келади, дастурни очаман-да, ўзимга қизиқ бўлган адибларни танлаб, улар билан интервьюларни эшитиб, ёққан китобларини сотиб оламан. Шундан кейин вақт топиб, уларни таржима қиламан. Таржима қилиш учун классик адабиёт бўлиши шартмас. Ҳаммага ёқадиган асар бўлиши ҳам шартмас. Биз фақат мумтоз асарларни ўқиб ўрганганмиз.  Кўпинча Бертольд Брехт, Гёте, Хайнрих Хайне каби немис классикасига мурожаат қилишади.

Замонавий адабиётда ҳозирги жамиятнинг оғриқлари, муаммолари акс этади. Глобал дунёда биз бир -биримиздан боҳабар бўлишимиз керак.  Нима уларни ҳаракатлантиряпти, нима уларни йиғлатяпти, нима кулдиряпти? Шунинг учун ўзбеклар ҳам замонавий адабиётлардан хабардор бўлиши керак дейман-да, бестселлер асарларни таржима қиламан. Ниятим, ҳар йили биттадан китоб таржима қилиб чиқариш.

Ҳар сафар “Академнашр” билан ишлайман. Улар билан қийинчиликларга дуч келмадим, лекин китоб таржима қилиб бойиб кетмаслигимга ақлим етди. Мени илҳомлантириб турган нарса Ўзбекистонда шунча одам таржимамни   ўқийди, шунча одамга китоб совға қилгандек бўламан.

Ҳали Ўзбекистонда таржимачилик борасида қилинадиган ишлар кўп. Ўзбек асарларини немис тилига таржима қилиш борасида ҳам ўйлаб кўрганман. Рауф Парфини, ёш шоирларимизни таржима қилишни хоҳлайман. Битта муаллифни эмас, ёққан шеърларни танлаб юрганларимдан немис тилида ўзбек шоирлари антологиясини тузиш ниятим бор.

Бу соҳада қалам ҳақи яхши эмас, мукофот пули берилмайди, ёки давлат мукофоти таржимонларга аталмаган. Бир иқтидорли таржимон йигитимиз, таржимачилик билан яшолмаяпман, ундан кўра мардикорчилик қилсам бўларкан, деб пост қўйибдилар. Ахир битта китоб таржима қилса-ю, 1 млн. сум қалам ҳақи олса! Бу нима деган гап?

Агар бизнинг шоир, ёзувчиларимиз ўзлари тил ўрганиб, ўзлари таржима қилолганларида эди! Ëш шоирларимизга шуни кўп айтаман. Билганимиз – қардош халқлар тилларига ўгириш бўляпти холос. Туркий тил эгалари бизни таржимасиз ҳам ўқийверадилар.

Масалан Чўлпонни озабайжонлар бирор сўзини ҳам ўзгартирмай ўқий оладилар. Модомики биз ўзимизни танитмоқчи эканмиз, тилларни ўрганишимиз керак. Ëки тил билганлардан фойдалана билишлари керак. Масалан, мана биздан.

Агар мен бирор хориж асарини ўзбек тилига таржима қилсам, ўзбеклардан ҳомий қидирмайман. Агар Ўзбекистонда китоб ўқиш маданиятини ривожлантирмоқчи бўлсак, бу ишлар учун биз ўзимиз ҳомийлик қилишимиз керак.

Нима учун ўзбек адабиётининг чет эллардаги тарғиботи учун бошқа давлатлар грант бериши керак? Тўғри, турли грантлар бор. Лекин таъма қилиш учун андиша қиламан, очиғи. Мана, Гёте институти бор, 100 дан ошиқ давлатда немис тили ва маданиятини тарғиб қилади. Қачон биз Алишер Навоий институтини очамиз?

Ўшанда фикр алмашиш бўлади. Европада ҳалиям китоб ўқишади. Германияда кўчаларда китобсиз юрган одамни кўриш қийин. Метроми, йўл четими, ўт устигами ўтириб, китоб ўқийверишади. Алишер Навоий, Алишер Навоий деймиз. Адабиётшуносларимиз Навоий асарларини соддалаштириб, болалар учун чоп эттирсалар, яхши иш бўларди.

Мен болаларимга Германияда Шекспирнинг болалар учун мослаштирилган  асарларини олиб бердим. “Ромео ва Жульетта”, ҳатто “Хамлет” ни болалар учун мослаштиришган. “Катта бўлганида ўқийди” эмас! Немиснинг беш-олти ёшли боласи  ҳам Шекспирни ўқийди ва билади! Кутубхоналарида 0 ёшдан бошлаб китоблар бор. Шунда болаларда ўқиш кўникмалари эрта шаклланади.

Китоб нашриёти соҳасини ривожлантириш, китоб ярмаркалари ташкил қилиб, таржимани ривожлантириб, ҳар бир оила учун китоб жавони тузиб қўйсакгина болаларни китоб ўқишга торта оламиз. Китоб савдосини тафтиш қилиш, қайсидир китобларнинг таъқиққа киритиш маънавий қашшоқликдир. Бундай нарсалардан жудаям эҳтиёт бўлиш керак.

“Ақлвой” каналида “Венеранинг уйғониши” картинаси кўрсатилгани танқидга тутилгани ҳақида ўқидим. Ахир биз болаларимизда санъат асарини порнографиядан ажратиш кўникмасини ҳосил қилишимиз керак. Танқид қилган одамлар эса ана ўша фарқни ўзлари ажратолмаслиги чатоқ деб биламан. Бу толерантлик, бағрикенглик деган тушунчаларга мутлақо зид нарса.

Толерантлик биздан бошқача фикрлайдиган одамларни қабул қила олишдир. Бу ўша фикрни қабул қилиш эмас, ўша фикрли одамнинг ҳам мавжуд бўлишга ҳақи бор дегани. Мен учун Худо ҳимоя қилишга муҳтож эмас. У эҳтиёжлардан юқори туради. Биз оддий бандамиз. Худо яратиб қўйган бир зарра бўла туриб, унинг номидан иш қилишга чиранишимиз кулгулидир.

Мавлуда Тошпўлатова суҳбатлашди

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг