Ҳикматовлар оиласининг ҳаёт фалсафаси

0
167
Фото: ishonch.uz

ёхуд бахт формуласини инсон ўзи яратади

Одамзот ҳаётини, турмушини енгиллаштирувчи қулайликлар қанчалик кўпаймасин, аммо баъзида унинг хотиржам эмаслигини кўрамиз. Айримларнинг эса атрофида жилва қилиб турган бахт нашидасини суришга, ҳис этишга фурсати етмайди. Аммо орамизда шундай инсонлар борки, улар ўз бахт-у саодатини меҳнатда, қаноатда кўра олгани учун ҳам, ҳаётнинг турфа синовларига дуч келса-да, ўзлигини, самимийлигини йўқотмаган, ҳаётдан бахтини топа олган.

Ҳикматовлар оиласини ана шу тоифадаги инсонлар сирасига киритиш мумкин. Улар эр-у хотин – Ботиржон ака ва Дилбар опа пойтахтимизнинг Миробод туманидаги ободонлаштириш бўлимида ишлайди.

Мана 15 йилдирки улар уйда ҳам, ишда ҳам бирга. Ботиржон ака аввалига уйларига яқин мактабда сантехник бўлиб ишларди. Ишдан сўнг Миробод тумани ободанлаштириш бўлимига турмуш ўртоғи Дилбар опага ёрдамлашгани бориб турарди. Дилбар опа уйларига узоқ бўлмаган “Толариқ” маҳалласи ҳудудидаги кўчаларнинг озодалигини зиммасига олган эди.

Оиладаги тўрт нафар ўғил фарзандлар, уларнинг тарбияси ҳамда дарсларига кўзқулоқ бўлиш, пишир-куйдирига улгуриш ўзи бўлмасди. Шу сабаб Ботиржон ака ишини тугатиб, турмуш ўртоғига ёрдамлашарди. Шу тариқа Ботиржон ака ҳам шу идорага ишга кирди. Улар тозалайдиган ҳудуд икки баробар кенгайди.

Аммо улар учун бу юмушнинг оғирлиги сезилмайди. Дилбар опа супуриб кетаверади, Ботиржон ака уюлган чиқинди уюмларини идишга солиб махус жойга элтади. Асосан 7:30гача кўп қаватли уйларнинг олдилари, одамлар гавжум бўладиган бекатлар атрофини тозалайди. Кейинроқ уйларнинг орқа томонларини, ариқларни супуриб-сидиради.

Улар ана шу ҳалол меҳнатлари эвазига уч нафар фарзандини касб-у корли қилишди. Каттаси Бобуржон маиший техникаларни тузатувчи уста. Иккинчи ўғли Баҳодир математика фани ўқитувчиси. Кенжатойлари Давронбек хусусий фирмада ҳисобчи бўлиб ишлайди.

Учинчи ўғли Баҳромжон 2015 йилда автоҳалокатга учраб оламдан ўтди. Ўшанда тоғдек фарзандидан ажралган Дилбар опа анча куюнди, ўзини олдириб қўйди. Аммо вақт ҳамма нарсанинг ҳовурини босар экан. Оила устунлари қолган уч фарзанди ва уларнинг келажагини ўйлаб Оллоҳнинг иродасига тан беришди. Миробод туман ободонлаштириш бўлими касаба уюшмалари томонидан берилган санаторийга йўлланма эса Дилбар опанинг соғлиғини тиклаши учун айни муддао бўлди.

Дилбар опа санаторийдан келганида жигаридан айрилган уч ўғил ота-онани ўртага олишди. “Бўлди, етар шунча ишлаганларингиз, энди кексалик гаштини суринг!” дейишди. Аммо Дилбар опа “Мени соғ-саломат бўлсин десаларинг, индаманглар, ишлайверай. Қайтанга уйда ўтирсам касал бўлиб қоламан” деди. Ботиржон ака ҳам бу гапни тасдиқлади.

Шу-шу йигитлар уларга қаршилик қилишмади. Ботиржон ака ва Дилбар опа ўз ишлари билан мушғул бўлишди. Массивдаги хонадонлар атрофини тозалайди. Атрофни обод қилиб, баҳри дили яйрайди. Улар ҳозир нафақада бўлсалар-да, ишларини жуда севадилар. Уйда бекорчи бўлиб ўтиришдан, бирор ишга ярамай қолишдан қўрқадилар.

Фарзандларини ҳалол меҳнатлари билан боқиб камолга етказган, аммо оғир синовларда иродасини эгмаган бу икки ажиб инсон – озодалик посбонлари билан суҳбатлашар эканман, қаноат ва сабр-матонат инсоннинг ҳаёт мазмунига фақат яхшиликлар олиб келишига, кўнглига чексиз хотиржамлик бағишлашига амин бўлдим.

– Биласизми, – дейди оғриниб Ботиржон ака. – Озодалик, атрофни ораста сақлаш, авайлаш ҳақида кўп гапирамиз-у, аммо натижа кўнгилдагидек эмас. Катта-ю кичик еган-ичган нарсасининг қолдиғини, қоғозини, ёзда айниқса, салқин ичимликларнинг идишини тортинмасдан, кўча четларига, ариқларга улоқтириб кетишади.

Баъзида хонадонлар атрофида юртдошларимиз томонидан нобуд бўлган уй ҳайвонлари – кучук ва мушукларнинг кўча четларига ташлаб кетилганининг гувоҳи бўламиз. Очиғи, бундан ҳафа бўламиз. Шу ҳайвонни боқдик, қарадик. Энди нобуд бўлгач, уни бир четроққа ёки панароқдаги дарахт тагига кўмиб қўйиш керак эмасми? Бу бир томондан ўша ҳайвонга ҳурмат, қолаверса, атрофга, об-ҳавога, зарарли ҳидлар ва бактериялар тарқалишининг ҳам олдини олади-ку?!

– Баъзида эса кўп қаватли уйлар ёнида, аҳолига тегишли ҳудудларда мевалар пишиб тўкилиб ётади, – дейди турмуш ўртоғига қўшимча қилиб Дилбар опа. – Айрим юртошларимиз шу даражада эътиборсиз бўлиб кетганлар-ки, пишган меваларни териб олмайди. Улар тўкилиб, оёқ-остида эзилиб увол бўлади. Одамлар босиб ўтиб кетишади. Шундай пайтларда баъзи уй эгаларига “Илтимос, меваларни териб олинглар, увол бўлмасин”, деб айтган пайтларим ҳам бўлади.

Қаҳрамонларим билан суҳбатимиз узоқ ва мароқли кечди. Мен улардан “Касбингиздан хурсандмисиз?”, деб сўрадим. Дилбар опа бошини хиёл эгиб “Албатта, бўлмасам-чи!?, – деди дадил оҳангда ва сўзида давом этди:

– Инсон меҳнатдан уялмаслиги керак. Мана масалан, биз хўжайин иккимиз бир миллион уч юз минг сўмдан маош оламиз. Ундан ташқари нафақа оламиз. Эрталаб азонда чиқиб кетиб тушдан кейин 15:00 гача ишлаймиз ва уйга бориб дам оламиз, набираларни суямиз.

Дарсларига қарашамиз. Ўғилларимиз, келинларимизга ёрдамимиз тегади. Ахир қанча одамлар узоқ юртларда фарзандлари ва оиласидан олисларда юришибти-ку. Биз ҳалол меҳнат қилиб оиламизда, ватанимизда фаровон яшаяпмиз. Набиралар камолини, фарзандлар орзусининг ушалётганини кўряпмиз!

Суҳбатимиз сўнгида эса икки мунис чеҳра яна узоқ йиллар давомида бир-бирига елкадош бўлиб, қўша қариб юришларига тилак билдирар эканман, уларнинг қалбида жо бўлган самимийлик, хотиржамлик ҳамда қаноатнинг кўпчилик ёшларга юқишини ич-ичимдан истаб, хайрлашдим.

Зебо НАМОЗОВА

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг