“Миям шундай ишлайди”. Илон Маск ўзида Аспергер синдроми борлигини тан олди

0
210
Фото:(bbc.com)

Тесла ва SpaceX раҳбари Илон Маск руҳий бузилиш — Аспергер синдромидан азият чекишини маълум қилди. Америкалик тадбиркор бу ҳақда NBC телеканалида Saturday Night Live мусиқий комедия шоусига бошловчилик қилган пайти айтиб ўтди, деб ёзади BBC рус нашри.

“Мен Saturday Night Live шоусига бошловчилик қилиш шарафига муяссар бўлдим. Бугунги чиқишим тарихий аҳамиятга эга, чунки мен ушбу дастурнинг Аспергер синдромига эга биринчи бошловчиси бўламан. Ҳеч бўлмаганда буни тан олганларнинг биринчисига айланаман”, — деди Маск.

Бизнесмен кириш нутқида ўзининг Twitterʼда тез-тез ноаниқ нарсалар ёзиб туришини айтиб ҳазиллашди.

“Аммо миям шу тарзда ишлайди-да. Мен электромобилларни қайта ихтиро қилдим ва одамларни космик кемада Марсга жўнатяпман. Шунча ишларга қарамай сиз мени оддийгина вазмин одам деб ўйлаганмидингиз?” — деди Маск.

Аспергер синдроми — бу руҳий касаллик, унга чалинган одамлар ижтимоий мулоқотда, атрофдаги дунёни идрок этишда қийинчиликка дуч келади. Стереотипик, такрорланувчи қизиқиш ва фаолиятлар мажмуаси шу билан тавсифланади.

“Илон Маск: Тесла, SpaceX ва келажакка йўл” таржимайи ҳоли муаллифи Эшли Венс “Маскка руҳий бузилиш ёрлиғини ёпиштириш, уни масъулиятсиз дейиш каби осон” деб ёзган.

Ёзувчининг таъкидлашича, унга Маскнинг хатти-ҳаракатларидаги баъзи “ғалати ҳолатлар” ҳақида, масалан, “хўжайинининг ҳайратланарли даражада бефарқлиги”, “куракда турмас ҳақоратлари” шунингдек, Маскнинг электрон почта хабаридаги хатолардан ғазабланиш одати ҳақида гапириб беришган.

Бироқ Венснинг сўзларига кўра, тадбиркор “аҳмоқлар ва қуруқ гапларга тоқат қилмаслиги” сабабли шундай қилади, шу билан бирга у дўстлари ва қариндошлари даврасида ўзини қувноқ ва ўта ҳиссий тутади.

Маскнинг ўзи ҳазил деб атайдиган твитлари бозорларга жиддий таъсир кўрсатмоқда. Йил бошидан бери Илон Маскнинг микроблоглар хизматидаги фаоллиги биткоин нархи, Etsy онлайн бозори, Signal мессенжери, CD Project ва Game Stop видеоўйин акциялари қийматининг ошишига олиб келди. Икки кун олдин ҳам ишбилармон Twitterʼда «cиба-ину» зотли кучукчасига қараётганини айтди. Шундан сўнг Shiba Inu номли криптовалюта нархи бир соат ичида 68 фоизга кўтарилди.

Maнбa: 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг