Қоришиқ эмбрион: Энди одам ва маймун чатиштирилди

0
221
Фото: WEIZHI JI/KUNMING UNIV OF SCIENCE AND TECHNOLOGY

Одам ва маймуннинг қоришиқ ҳомиласи яратилди. Бундан аввал худди шу тадқиқотчилар одам ва чўчқани бир-бирига чатиштиришганди. Аммо эришилган ютуқ олимлар ўзларининг орасида баҳсу мунозараларни қизитмоқда. Қоришиқ ҳомила одам, деб ҳисобланадими?

Тажриба макака маймунларида олиб борилган.

Олимлар одамнинг ҳужайраларини уларнинг эмбрионларига кўчириб ўтказишган, 20 кун давомида лаборатория шароитида ўстиришган.

Уларнинг айтишларича, мазкур тажриба донор аъзолари тақчиллиги муаммосини ижобий ҳал қилишга ёрдам беради.

Инсоннинг дастлабки ривожланиши, касалликларнинг келиб чиқиши ва қариш жараёнини яхшироқ англашда қўл келади.

Олимларга АҚШдаги Салк институти профессори Хуан Карлос Исписуа Белмонте бошчилик қилган.

Айнан шу олим 2017 йилда ҳам одамни чўчқага чатиштиришда ёрдам берган.

Одам ва чўчқа ҳомиласи, Видео лавҳа:

Тажриба жараёнида макакалар эмбрионига инсоннинг ҳар қандай тўқималарида ўсиб кета оладиган илдиз ҳужайралари киритилган.

Бунгача макакаларникига ўхшаш қоришиқ ҳомилалар қўй ва чўчқа ёрдамида олинган.

Америкалик ва хитойлик олимларнинг сўнгги қўшма тадқиқоти ҳам аллақачон бунинг ахлоқий жиҳатдан қанчалик тўғри эканига оид баҳсу мунозараларга сабаб бўлган.

Профессор Бельмонтенинг даъво қилишича эса, Cell журналида эълон қилинган тадқиқотлари амалдаги ахлоқий ва ҳуқуқий меъёрларга тўлиқ мос келади.

«Қоришиқ эмбрионлардан фойдаланиш нафақат ҳаётнинг энг дастлабки, балки охирги босқичларида ҳам тиббий-биологик тадқиқотларни ўтказишга ёрдам беради. Алал-оқибат, биз инсонни тушуниш ва унинг саломатлигини яхшилаш учун бунга ўхшаш тадқиқотларга қўл урамиз», – дейди профессор.

Лекин бошқа олимлар улар ўтказаётган тажрибалардан ташвишда.

Очиқ қолаётган саволлар

Қоришиқ эмбрион
СУРАТ МАНБАСИ,SINCLAIR STAMMERS/SPL

Шарқий Англия университетининг Норвич тиббиёт коллежи ўқитувчиси ва тадқиқотчиси Анна Смайдор улардан бири.

Олиманинг айтишича, сўнгги тадқиқотда қоришиқ ҳомилалар 20 кундан сўнг йўқ қилинган бўлса ҳам, бошқа олимлар уни ривожлантиришда давом этишлари ва бунинг қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги назарда тутилмоғи лозим.

У ва яна бир қатор олимлар қоришиқ эмбрионлар яратиш оқибатларини ошкора муҳокама этишга чақиришмоқда.

«Бу тадқиқот ортида турган олимлар қоришиқ ҳомилалар инсонларда қилинмаётгани боис, янги имкониятлар эшигини очади, дейишади. Лекин қоришиқ эмбрионлар одам, деб ҳисобланадими, деган саволга қандай жавоб берамиз», – дейди Анна Смайдор.

Оксфорд Уэхиро Амалий Этика марказининг директори ва Оксфорд университети Ахлоқий-гуманитар марказининг ҳамраиси, профессор Жулиан Савелеску тадқиқотлар «одам бўлмаган қоришиқ эмбрионлар учун Пандора қутисини очади», деган фикрда.

«Ҳомилалар бу гал 20 кунлигида йўқ қилинди. Аммо қоришиқ эмбрионларни одам учун органлар манбаи сифатида яратиш фақат вақт масаласи», – дейди у.

Олимларга кўра, бу тадқиқотларни давом этдириш лозим, аммо уларнинг оқибатлари ошкора муҳокама этилиши ва инсон ҳужайраларини ташувчи қоришиқ эмбрионлар яратишнинг ахлоқий, ҳуқуқий меъёрлари белгиланиши керак.

Ҳелен Бриггс- Илм-фан масалалари бўйича ВВС мухбири

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг