Журналист фикри:Хитой ва Россиянинг ойни тадқиқ қилиш бўйича стансия қуриши Ғарб учун даҳшатли белги ҳисобланади.

0
306
Фото:(AP)

Яқинда Хитой ва Россия ойни тадқиқ қилиш бўйича ҳамкорликда космик станция қуриши борасида хабарлар тарқалди ва бу хатарли. Ушбу ҳамкорликнинг тез орада юз берадиган таъсири унчалик катта бўлмаса ҳам, у аслида Москва ва Пекиннинг Ғарбга қарши иттифоқ тузаётганининг белгисидир.

Ойни тадқиқ қиладиган стансиянинг ўзи тез орада катта хавфни юзага келтирмайди. Айни пайтда на Хитой ва на Россияда ушбу станцияни қуришга салоҳият мавжуд эмас. Улар эълон қилган режада ҳам ушбу қурилмани қуриш 2030 йилларгача амалга оширилмаслиги айтилган. Америкаликлар тез фурсатларда Хитойнинг ойдаги махфий лазерлари ёки бошқа қуролларидан хавотир олмаса ҳам бўлади.

Шунингдек, АҚШ ўзининг ойдаги станциясини Россия ва Хитойдан олдинроқ қуриб битказиши ҳам мумкин. НАСАнинг Артемис номли лойиҳасида 2024 йилгача одамзод яна ойга қадам босиши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳада ой орбитасида доимий фаолият олиб борадиган база қуриш ҳам режалаштирилган. Мазкур лойиҳада Қўшма Штатларга шерик бўлиш учун 8 мамлакат, жумладан, Япония, БАА, Британия ва Италия рози бўлган.

Пекин ва Москванинг космос лойиҳаси бўйича бирлашиши АҚШ бошчилигидаги иттифоққа қарши туриш иши бўлиши мумкин, чунки бу жиддий ҳамкорлик ташаббуси ҳисобланади. Россия ва Хитой ўртасидаги муносабатлар сўнгги ўн йилликда жуда қалинлашди. Россия ўзининг илғор қуролларини Хитойга сотади ва бу қуроллар Хитойнинг технологияларидан устунроқдир. Бу икки мамлакат ҳарбийлари қўшма машғулотларни ҳам олиб боришади. Жумладан, ўтган ойда Россия, Хитой ва Эрон аскарлари Ҳинд океанида машғулотлар ўтказишган. Ҳатто, Россия президенти Владимир Путин келажакда Хитой билан расман ҳарбий иттифоқ тузилиши мумкинлигини ҳам айтган.

Теҳрон-Москва-Пекин учлигининг юзага келиши президент Жо Байденни хавотирга солиши керак. Мазкур давлатлар дунё бўйлаб АҚШнинг манфаатларига хавф солиш имкониятига эгалар. Фараз қилинг, бир тарафдан Россия томонидан қўллаб-қувватланадиган кучлар АҚШнинг НАТОдаги иттифоқчиларига хавф солса, бошқа тарафдан Эрон Форс кўрфазида Исроил ёки араб мамлакатларини сиқувга олса, Хитой бўлса Тайванга ва Жанубий Хитой денгизидаги ерларни ўзига тегишли эканини даъво қилиб, унга қарши чиққан давлатларга таҳдид қилса. АҚШ аксарият ҳолларда битта муаммони ҳал қилишда катта қийинчиликка учрайди. Агар, унга бир пайтнинг ўзида уч ёки тўртта муаммо туғилса нима бўлади?

Бу Жо Байден юзлашадиган энг қийин вазиятдир. Байден форс, рус ва хитойларга бузиб ёки ўзгартириб бўлмайдиган иттифоқ сифатида қараши ва унга қарши туриш учун куч тўплаб, атрофига ўзига хайрихоҳ бўлган мамлакатларни йиғиш йўлини танлаши мумкин. Ёки бўлмасам, Байден Россияни Хитой билан ҳамкорликдан қайтариб, мазкур иттифоқни бузиш йўлини танлаши ҳам мумкин. Аммо, Байден иккинчи йўлни танласа, албатта, Россияга қадрли бўлган нарсаларни тақдим қилишига тўғри келади. Масалан, у Россиянинг Украина устидан ҳукмронлик қилиши ва ҳатто НАТО ҳарбийларининг Балтикадаги давлатлардан олиб чиқилишини таъминлаши керак бўлиши мумкин.

Байден президент бўлгач Европадаги иттифоқчиларига “Америка олдинги ҳолатига қайтгани”ни айтди. Аммо, АҚШ ҳали ҳануз олдин Россияга нисбатан қандай позицияда бўлса, ҳозир ҳам шундайлигича қолаётгандек кўриняпти. Ўрта Шарқда эса АҚШ давлат котиби Антони Блинкен икки томонлама ишни ҳал қилишга уринмоқда. У бир томондан АҚШ Исроилнинг хавфсизлик бўйича эҳтиёжларини қондиришини айтаётган бўлса, иккинчи томондан Эронни 2015 йилда тузилган ядро шартномасига қайтариш йўлларини кўриб чиқмоқда. Аммо, Исроил АҚШнинг Эрон билан шартномага қайтишга жиддий қаршилик қилади.

Лекин, Байденнинг Осиё бўйича юритаётган сиёсати дадилроқ бўлмоқда. Масалан, Байден ҳукумати Жанубий Корея билан қўшма ҳарбий машғулотларга қайси давлат қанча маблағ тўлаши бўйича Трамп даврида юзага келган баҳсни ҳал қилиб, ўртадаги муносабатларни яхшилади. Шунингдек, АҚШ шу ҳафтада Ҳиндистон, Япония ва Австралия билан “тўртлик” тузиб, унинг биринчи учрашувида қатнашди.

Бироқ, Қўшма Штатлар ўзининг миллий хавфсизлик хизмати ва космос тадқиқотига инвестиция киритмас экан, унинг ушбу ташаббусларининг ҳеч бири аҳамиятга эга бўлмайди. Трамп ҳукмронлиги даврида АҚШ бюджети ошганига қарамай, унинг мудофаага ажратаётган пули 1960 йиллардан кейинги паст даражага тушган. Бу эса АҚШнинг глобал миқёсдаги манфаатлари учун етарли бўлмайди. Қўшма Штатлар космос ва ҳарбий соҳага пул тикмаса, Хитой бошчилигидаги иттифоққа қаршилик қила олмайди.

Ушбу мақола муаллифи The Washington Post журналисти Генри Олсен

Манба: 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг