Британия БМТ йиғилишида экспертларнинг суриштирув олиб бориш учун Шарқий Туркистонга киритилишини талаб қилмоқчи.

0
195
Фото:(Reuters)

Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Доминик Рааб бугун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти йиғилишида чиқиш қилиб, БМТ экспертларининг Хитойнинг Шарқий Туркистон провинсиясига «шошилинч ва ҳеч қандай чекловсиз» кириши ва у ердаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги хабарларни текширишини талаб қилмоқчи. Бугунги йиғилишда Буюк Британия БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига овоз берувчи аъзо сифатида қатнашади.

Раабнинг матбуот хизмати хабар беришича, у бугунги нутқида Белоруссия ва Мянмадаги намойишлар ҳақида ҳам сўз юритади.

Рааб Шарқий Туркистондаги уйғурларга нисбатан қилинаётган зўравонликлар, жумладан, мажбурий меҳнат ва аёлларнинг мажбуран стерилизация қилиниши борасидаги хабарларга тўхталади.

“Ушбу зўравонликлар катта миқёсда рўй бермоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари ёки бошқа экспертга Шарқий Туркистонга фавқулодда ва чекловсиз кириш ҳуқуқи берилиши шарт” дея Раабнинг бугун қиладиган нутқидан парча келтирган унинг идораси.

Маълумотларга кўра, айни пайтда Хитойнинг Шарқий Туркистон провинсиясида бир миллиондан ортиқ мусулмон уйғурлар “қайта тарбиялаш” лагерларида сақланмоқда. Хитой ҳукумати бундай лагерлар экстеримизмга қарши кураш ва касб-ҳунар ўргатиш марказлари эканини таъкидлаб, у ерда ҳеч қандай зулм қилинмаётганини айтиб келади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича раҳбари Мишел Бачелет 2018 йилнинг декабридан бери Хитой ҳукуматидан Шарқий Туркистонга киришга рухсат беришни талаб қилиб келмоқда. Бачелет бир йил олдин ушбу ҳудудга «ҳеч қандай чекловсиз кириш» ни сўраган.

 Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг