ЭЙ ЎҒЛОН!

0
938
Очиқ ресурслардан олинган сурат

Аллоҳ инсон зотига берган неъматларнинг ҳаммаси ҳимояга муҳтож: иймонни ширкдан, қалбни иблисдан, дўстни душмандан, миллатни хоиндан ва, албатта, Ватанни, юртни, халқни босқинчидан ҳимоя қилиш шарт.

Ҳимоя қилсанг, Аллоҳ ёрдам беради. Ҳимоя қилмасанг, қўлингдагини олдирасан, хорликка юз тутасан.

Бир халқ учун Ватану миллат, Ҳақ ва ҳақиқат ҳимоячи керак.

Гўдагингга ҳалол луқма едир. Қалбини иблис оҳангларидан қўриқла.

Билакларини кучга тўлдирар экансан, ақлларини-да, қувватлантир.

Нолишдан таълим берма, муаммоларни ҳал этмоқ таҳсилини раво кўр.

Заифлик суратини кўрсатма, куч ва қудрат ибратини намоён эт. Қочишга эмас, ҳужумга ўргат. Қўрқишга эмас, жасоратга оёқлантир. Шижоатини сўндирма. Ғайрати аланга олса, сув сепма. Юрса, югур де! Сўйласа, ҳайқир де.

Эй Ўғлон!

Ўлимни сев. Ўлимга маъшуқа ҳузурига боргандек бор, ҳаётни ўлим учун тайёргарлик майдони деб бил.

Зулмдан нафратлан. Адолатга рағбатлан. Улуғларга ҳурматда, кичикларга иззатда бўл. Золимларга даҳшат сол, мазлумларга нажоткор бўл.

Табассум гулини ёру дўстга тут. Қаҳру ғазаб оташини ёву ғанимга соч.

Эй Ўғлон!

Қадамингдан ўт чақнасин! Боланг бошингни эгик, онасини кўзёшли топмасин. Жиддиятни табиатингга дўндир! Кўзларингда мудом оловлар ёнсин. Тушкунлик занжирлари билан душманни банд эт. Қалбингни эса зикруллоҳга пайванд эт!

Эй ўғлон!

Қон қуссанг ҳам, душман олдида тупурма. Юрагингга ханжар санчилса-да, азобу изтироб унини чиқарма. Роббингга тиз чўк, бандага эгилмагайсан. Аллоҳга итоат қил, қулларга мутеъ бўлмагайсан. Ўлимни ёд эт, ҳаёт қадрини билгайсан. Таҳажжудда йиғла, жаннатда кулгайсан.

Эй Ўғлон!

Иймондек шараф, жаннатдек ҳадаф йўқ. Номусдек бойлик, ҳимматдек мардлик бўлмас. Ватандан улуғ мерос қолдирмоқ имконсиз. Ватанни ҳимоя эт! Жонингни жаннатга сармоя эт!

Акром МАЛИК
2021 йил, 14 январ

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг