Қозоғистонда сайловларни танқид қилган намойишчилар ҳибсга олинди

0
169
Фото: Reuters

10 январь куни Қозоғистонда парламентнинг қуйи палатасига сайлов бўлиб ўтди. Пойтахт Нур-Султон шаҳри ва Алматида ушбу сайловга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди ва бир қанча намойишчилар ҳибсга олинди.

Акипресс ахборот агентлигининг хабар беришича, Алмати шаҳрида сайловларга қарши чиққан 30 дан ортиқ намойишчилар ҳибсга олинган. Шунингдек, пойтахт Нур-Султонда ҳам намойишчилар ҳибсга олинган, аммо, уларнинг сони аниқ кўрсатилмаган.

Қозоғистонда бешта партия аъзолари парламентнинг қуйи палатасида кўпроқ ўрин эгаллаш учун кураш олиб бордилар. Аммо, ушбу партияларнинг барчаси амалдаги ҳукуматга содиқ ҳисобланади. Қозоғистондаги рўйхатдан ўтган ягона мухолиф партия эса ўз номзодларини сайловда қатнашишидан воз кечган.

Бугунги кунда Қозоғистонда Нур Отан партияси ҳукмрон ҳисобланади. Янги сайловда ҳам айнан шу партия парламентда энг кўп ўринга эга чиқиши кутилмоқда. Нур Отан партиясига мамлакатнинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев бошчилик қилади.

Назарбоев 1990 йилдан 2019 йилга қадар Қозоғистон президенти лавозимида фаолият олиб борди. У 2019 йилнинг мартида шов-шувли тарзда президентликдан кетган бўлсада, ўзида муҳим сиёсий кучни сақлаб қолган ва мамлакатнинг миллий хавфсизлик қўмитасига бошчилик қилиб келмоқда.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг