Алишер Навоий ҳақида бир оғиз сўз

0
295
Фото: www.facebook.com

Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ ҳақида Аллоҳ изн этган даражада изланиш олиб бормоқдамиз. Миллатимизга Алишер Навоийдек шахсни ато этгани ва каминани ул зотга қалбан яқинлатгани учун Аллоҳга ҳамд айтаман.

Ёзажакларим бир гурунг услубида бўлиб, давраларда меҳрибон ва хайрихоҳ чеҳраларга боқиб сўйланажак калималардир. Яъни ушбу битик илмий ва расмий услубда эмас, балки суҳбат тарзида қоғозга тушаётир.

Шунинг у учун бироз туйғу, бироз эҳсос кузатилса, маъзур кўргайсиз.

Миллатни қул қилиш уни йўлбошчилардан айириш орқали амалга ошадиган жиноятдир. Совет тузуми ўзбек халқининг мусулмон раҳнамоларини жисман йўқ қилди ва тарихга тажовуз нигоҳи билан қаради: Амир Темур шахсиятини уни қонхўр дея сифатлаш воситасида халқ онгида обрўсини ўчирмоққа интилди, Мирзо Улуғбекни заиф бир подшоҳ деб тасвирлади, Шоҳрух Мирзо, Султон Ҳусайнни феодал деб атади, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Муҳаммад Порсо каби руҳоният устозларини мистик ва радикал, клерикал қатлам намояндаси ва аскетизм душмани деб кўрсатди.

Ўтган ўн беш асрда Туркистон халқи азоб ва қулликда яшаган деган бир сафсатани онгларга сингдириб, авлодлар қалбида ўз ўтмишидан ор қилиш ҳиссини уйғотди ва тарихнинг маънавий қувват томирини кесиб ташлади.

Шунинг учун бугун ҳам биз ўз аждодларимиз қаҳрамонликларидан руҳланмаймиз, уларга бегонадек қараймиз ва миллий мозийимиз ҳақида ҳеч қандай хотираларимиз йўқ.

Боболаримизнинг турмуш тарзи биз учун азоб туюлгани етмаганидек миллий шаҳарсозлигимиз, миллий яшаш тарзимиз ҳақидаги ахборотлар ҳам онгимиздан буткул ўчиб кетган.

Телевидение бизга Англия лордлари, Франция қироллари ҳаёти, саройлари – Букингем, Версал ва ҳоказолар ҳақида икир-чикир маълумотларни тақдим қилади, бу маълумотлар ичида Людовик ўн тўртинчининг соат нечада уйғониб, қандай таом егани ҳақида мароқ билан айтилади, лекин биз Амир Темур ёки Муҳаммад Шайбонийхоннинг қароргоҳлари, уларнинг тоати ва ибодати, қалби ва ақли ҳақида мутлақо билмаймиз.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романи доирасида фикрлаймиз. Амир Олимхонни ишратпараст ва золим ҳукмдор деб таниймиз.

Юқорида таъкидлаганимиздек, тарих илдизидан кесиб олинганимиз натижасида биз шу ҳолга тушдик. Лекин туркий дунё саҳнида бир шахсият бор эди, унинг шаънини ерга уриш имконсиз бўлди. Чунки у булут билан яшириб бўлмайдиган қоядек қўър тўкади, этак билан ёпилмайдиган ой ўлароқ нур сочиб туради. Унинг номини унуттириш қийин, унинг китобларини ёқиб, кўмиб тугатиш маҳол. Унинг исмини қоралаш жуда аҳмоқона иш бўлиб, бу энг авомни ҳам: “Нима учун уни маломат этмоқдалар? Уни маломат этяптиларми, демак, бу ерда ҳақиқат йўқ!” – дея фикрлашга мажбур этарди.

Шунинг учун усталик билан бир иш қилинди: унинг номини кўкларга кўтариб, шахсиятини феодалларга қарши, мухолиф деб тушунтирдилар, бир мамлакат бош вазири бўлатуриб, ҳукмдор билан қиз талашган деган тамғани уриб, унинг обрўсини ерга уришга интилдилар.

Асарларини ўзлари истагандек талқин қилиб, ўз тузумлари хизматкорига айлантирмоқ учун курашдилар. Оқибат бу шахсият ҳақида бутун халқ тасаввурида афсонавий, ишониб бўлмайдиган, айни пайтда миллий руҳдан ўта узоқ, мавҳум бир даҳо пайдо бўлди.

Халқ учун бу даҳо ўта буюк, айни пайтда ўта бегона, қизиқки, севилиш баробарида ётсираш билан қараладиган бир сохта қиёфага айланиб қолди.

Халқнинг ёш фарзандлари, Данте, Шекспир, Сервантес, Пушкин, Толстой, Камюларга руҳан яқинлик ҳис этган ҳолларида ундан ақлан, қалбан, ҳиссан йироқлашдилар.

Туркий дунёнинг уриб турган юраги, аслият булоғи бўлган бу шахс Амир низоми давлат ва дин Алишер ибн Муҳаммад Ғиёсиддин Кичкина Баҳодир раҳматуллоҳи алайҳдир. Ҳаммамиз унга талпинамиз, лекин тишимиз ўтмайди. Ич-ичимиздаги латиф бир ришта бизни унга боғлайди, бироқ унинг сўзлари моҳиятини англамаймиз. Ундан ҳадиксираймиз.

Бугун Аллоҳ насиб этган вақт бўлса, не ажаб! Алишер Навоийга яқинлашмоқ, уни танимоқ фурсати келди. У айтган сўзларни ўқиб, мағзини чақишимиз керак бўлган замонда яшамоқдамиз.

У бизга сингдирганларидек босиқ, мулойим, бўшанг табиатли инсон эмас, балки қизиққон йигит, ўрни келса, қаттиққўл, адолатли, қатъиятли амир, ўта оқсуяк зодагон, дақиқ фаҳмли олим эканлигини онгли равишда билишимиз керак.

Алишер Навоийни диндор деб кўрсатманг деб талаб қилиш уни коммунистга айлантиришганидек мантиқсиз бир истакдир. Буюк мутафаккирнинг диндорлигини исботлаш шарт эмас, унинг сийратига боқинг, бас.

Шахсий хоҳишларимизни Алишер Навоийни дастак қилиб халққа сингдириш давридан ортиқ юксалмоқ лозим. Алишер Навоий май ҳақида, гўзал қизлар, жононлар ҳақида, мутриб ва созандлар ҳақида, амир ва подшоҳлар, қозию қузотлар, ҳофизу муқрийлар, муфтию муршидлар ҳақида ёзган.

Ўз машаққатларидан шикоят қилган, баъзида ҳаяжонга берилган. Уни бугуннинг дунёқараши, мафкуравий ва сиёсий қолиплари билан эмас, Алишер Навоийнинг ўзидан келиб чиқиб шарҳламоқ жоиз.

Алишер Навоийга холис ёндашмоқ билан ундан манфаат оламиз. Ваҳдатул вужуд вакили деб айблаш ёки ғулувв кетган бир мусулмон сифатида баҳо бериш Совет даврида тарихий шахсларни ёппасига золим феодаллар деб аталгани бир хил.

2021 йил милодий ҳисобда Алишер Навоий таваллудига 580 йил тўлар экан. Сана бир сабаб, аслида, у зотга у ёки бу шаклда эҳтиром кўрсатиш ҳеч бир даврда тўхтамади. Ўтган йилнинг 19 октябр куни Шавкат Мирзиёев бу масалада махсус Қарорни имзолади. Қарор ҳақидаги мулоҳазаларимни баён қилганман.

Аллоҳнинг изни билан Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ билан яқиндан танишмоқ учун ул зотнинг “Ҳайрат ул-аброр” ва “Лисон ут-тайр” достонларини видео орқали шарҳлаб бормоқдамиз. Шунингдек, “Ҳайрат ул-аброр”нинг матни ва шарҳини қисқа луғатлар билан нашрга тайёрлаяпмиз.

Камина Алишер Навоийни ўрганиш фақат байрам арафасида – Алишер Навоий таваллуд куни атрофида ёки унинг ҳайкали остига йиғилиб, шеър ўқиш билан тўхтамасин, балки йил бўйи давом этсин дейман.

Шу мақсадда “Ҳайрат ул-аброр” достонининг видео шарҳи юзасидан танлов эълон қилдик. Шарҳнинг охирги қисми суратга олинган кун маърифат аҳли иштирокида илм мажлиси уюштириб, танлов ғолибларини тақдирлаш ниятидамиз, иншааАллоҳ.

Ҳали кун аниқ эмас, чунки айни вақтда достоннинг 13 бобини шарҳлашга муваффақ бўлдик. Ҳали 29 боб бизни кутиб турибди. Ҳафтанинг душанба ва чоршанба кунлари “Ҳайрат ул-аброр” суҳбати “Азон.ТВ” билан ҳамкорликда тасвирга олинмоқда.

Тасвир ишлари соат 10.00 да бошланиб, 11.30 ларга қадар давом этаётир. Шарҳлар эса ҳар ҳафта уч марта “Азон китоблари” канали орқали эълон қилинмоқда.

Ниятимиз шу эдики, имкон топа олсак, тасвир соатларини кўпайтирайлик, шарҳни бир ҳафтада уч кун эмас, беш кун эфирга берайлик. Чунки қилинажак ишларимиз кўп. Бу ташкилий муаммолар билан боғлиқ иш, балки мақбул ечимга эришармиз, иншааАллоҳ.

Сиз азиз дўстлардан хайрли ишларимиз учун дуо сўраб қоламиз.

Акром МАЛИК
2020 йил, 5 январ

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг