«Биз текширувлардан қўрқмаймиз»: Ухан аҳолиси коронавируснинг келиб чиқиш манбайи топилишига умид қилмоқда

0
1012
Фото: Reuters

Бир неча кун аввал ЖССТ экспертлари Хитойга келиб, коронавируснинг манбасини топишга ҳаракат қилишлари ҳақида хабарлар тарқалди. Буни эшитган Ухан аҳолиси ушбу экспертларнинг ўз шаҳарларига ҳам келишлари кераклигини айтишди. Уханликлар коронавирус бу шаҳардан келиб чиқмагани исботланишига умид қилишмоқда.

ЖССТнинг 17 декабрь куни берган маълумотларига кўра, халқаро экспертлар гуруҳи январ ойида Хитойга боришади. Коронавирус илк бор 2019 йилнинг ноябрь ойида айнан Уханда қайд этилганди.

“Мен мутахассисларнинг келишини мамнуният билан қабул қиламан. Шунингдек,  агар вирус манбайи шу ерда бўлса унинг қандай ривожланганлигини, айнан қаердан келиб чиққанлигини билишни истаймиз. Менинг ўйлашимча, вируснинг асл келиб чиққан жойи бу ер эмас” дейди Ухан шаҳрида яшовчи Ван исмли фуқаро.

ЖССТ ўз хабарида халқаро экспертлар Хитойга қиладиган сафарларида Уханга ҳам боришларини маълум қилмаган ва айни пайтда Хитойнинг қайси ҳудудларини текшириш бўйича муҳокамалар давом этаётганини айтган. Июл ойида ЖССТнинг икки нафар аъзоси Хитойга келган, аммо, Уханга бормаганди.

CОVID-19 нинг келиб чиқиши ва унда Ухандаги ёввойи ҳайвонлар савдосининг роли ҳақида кўплаб саволлар очиқлигича қолмоқда. Гарчи коронавирус шу йилнинг январида Ухандаги Хуанан бозоридан келиб чиққан деган тўхтамга келинган бўлсада, CОVID-19 нинг бу ерда бошланмагани борасидаги илмий қарашлар ҳам кучаймоқда. Баъзи тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, коронавирус Ухандаги бозорга келмасдан олдин ҳам тарқалаётган бўлган.

Баъзиларнинг таъкидлашича,  ЖССТ ташрифи – бу Ухан шаҳри вирус билан қанчалик яхши курашганлигини кўрсатиш учун имкониятдир. Коронавирус бошланганида Ухан 76 кунлик кучайтирилган карантин ҳолатида бўлди. Уханда 10 майдан шу пайтгача маҳаллий аҳоли орасида вирусни юқтириш ҳолати аниқланмади.

«Биз уларнинг терговидан қўрқмаймиз. Бу йилги эпидемиядан шу нарса кўриниб турибдики,  Ухан шаҳрида ишлар яхши бажарилди. Агар ундай бўлмаганида эди, ушбу юқумли касаллик тезлик билан назорат остига олинмас эди» дейди уханлик Лиу Цин.

Манба

 

 

 

 

 

 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг