«Kundalik.com» Чет эл компаниясининг қўлида 6 млн ўзбекистонлик мактаб ўқувчиларининг маълумотлар базаси йиғиладими? Бу компания кимларга тегишли? Блогерлик суриштируви.

0
879
Фото: https://t.me/nurbekalimov

 

Ўтган йили мактаб ўқувчилари учун электрон кундаликлар тизими бизнинг мамлакатимизга ҳам кириб келаётгани ҳақидаги хабарлардан хурсанд бўлган эдим. Мамлакатда ҳали тўлиқ интернет билан қамраб олиш ва узлуксиз электр таъминоти таъминланмаган бўлсада, бундай инновацион нарсалар кириб келишда давом этмоқда. Чунки, энергетика, ахборот ва таълим вазирликлари ҳаммаси ўзини ишини қилишлари керак. Улар бир-бирларини кута олмайдилар…

2018 йил октябрь ойида Халқ таълими вазирлиги ва Россиянинг Дневник.ру компаниялари ҳамкорликда электрон кундаликлар тизими бўлган Kundalik.com сайтига асос солишни келишиб олишгани ҳақидаги хабарлар тарқала бошлади.

Газета.уз сайтида бу тўғрисида хабар берилди, унда эса Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистонда электрон кундалик тизими билан ишловчи компаниялар ўртасида саралаш ўтказгани хақида гап боради. Аммо ушбу саралашларга берилган ҳавола 404 қурбони бўлганлигини кўришимиз мумкин. https://www.uzedu.uz/Xtv/IndexBatafsil/69?ID1=1264 мана шу ҳавола сизни 404 олдига олиб боради.

Буюк 404

Дневник.ру

Дневник.ру – бу таълим технологиялари соҳасидаги Россия IT-компанияси. Ўз баёнотларига кўра, компания ўқитувчилар, талабалар, ота-оналар ва давлат органлари учун ягона электрон таълим муҳитини ишлаб чиққан. Компания 2007 йилда тадбиркорлар Гавриил Леви ва Александр Зубковлар томонидан ташкил этилган. 2011 йилда Дневник.ру Prostor Capital венчур инвистиция фондидан 1,7 миллион доллар сармоя олган. 2012 йилда эса ушбу компанияга Runa Capital фонди 5 миллион доллар сармоя киритган.

Гавриил Леви

Prostor Capital

Албатта ҳар бир стартап инвестициялар жалб қилиши оддий ҳолат. Лекин, эътиборимни торган тарафи шундаки Prostor Capital фондининг ҳаммуассислари ва сармоядорлари орасида 1999 йилдан 2008 йилгача Россия Федерацияси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири бўлган Леонид Рейман ҳам бор. У 2008-2010 йилларда Россия федерацияси президентининг маслаҳатчаси ҳам бўлган.

Леонид Рейман

Prostor Capital фондининг яна бир ҳаммуасиси Меркулов Сергей Николаевич эса эксперт сифатида Россия Федерацияси ҳукумати ҳузуридаги маслаҳат гуруҳлари ва кенгашларининг аъзоси бўлган ва сектордаги ислоҳотларни ривожлантириш бўйича стратегик ҳукумат лойиҳаларида иштирок этган.

Runa Capital

Ушбу фонд эса АҚШнинг Калифорния штатида россиялик бизнесменлар Сергей Белоусов, Илья Зубарев ва Дмитрий Чихачёвлар томонидан ташкил қилинган. Ушбу фонд 2016 йилда Халқаро журналистик суриштирувлар консорциумининг (The International Consortium of Investigative Journalists) бир қатор суриштирувлари бўйича “Панамагейт” ишларида фигурантлардан бири бўлган эди. Ушбу оффшор фондга Александр Галицкий ҳам эгалик қилган, у Россиянинг “Сколково” илмий инновацион марказида Кенгаш аъзоларидан бири бўлган.

Kundalik MCHJ

Ушбу компания Дневник.ру нинг Ўзбекистондаги “қизи” бўлиб у ҳақида очиқ маълумотлар ўзбек сайтларида деярли йўқ. Компания сайтдаги “Биз ҳақимизда” деб номланган бўлимда ушбу компания раҳбарияти, таъсисчилари, адресслари ҳақида умуман ҳеч қандай ахборот йўқ. 6 млндан ортиқ ўқувчиларнинг шахсий маълумотини бошқара оладиган одамлар кимлар? Аммо АҚШ даги D & B Hoovers тадқиқотлар марказидан олинган очиқ маълумотларга кўра, Kundalik MCHJ директори Азимов Бехзод Муратович эканлиги ойдинлашди. Давлат хизматлари порталидан МЧЖ нинг ИНН рақами орқали олган маълумотларимизга кўра, компания шакли “Чет эл юридик шахсларига тегишли” эканлигини кўрамиз.

Чет эл юридик шахслари мулки

Қизиғи шундаки, Дневник.Ру компанияси бош директори Гавриил Леви Theopenasia.net сайтига берган интервьюсида, Қозоғистон Республикасида ташкил қилинган ТОО «Күнделік» компаниясининг 45 фоиз улуши Дневник.ру компаниясига, қолган 55 фоизи эса қозоғистонлик тадбиркорларга тегишли эканлигини айтиб ўтганди. Аммо Ўзбекистондаги кейсга қарайдиган бўлсак, Kundalik MCHJ нинг 51 % улуши Дневник.ру компаниясига тегишли қолган 49 % улуши эса Швейцарияда рўйҳатдан ўтган ALLIED CAPITAL HOLDING SA компаниясига тегишли экан.

Ўзбекистонга нима тегишли?

Бундан ташқари, ушбу Швейцария компанияси «Euroasia Insurance» суғурта компаниясида 30,32% улушга ва Ўзкимёфарм устав капиталида 20% дан ортиқ улушга эга.

Ўзбекистонда 6 млн нафардан ортиқ мактаб ўқувчилари бўлса, уларнинг баҳолари, исм фамилияси, расм, ота-онасининг исми, уй адреслари каби шахсий маълумотлари ушбу хусусий чет эл компаниларига тегишли компания қўлида йиғилади.

Халқ таълими вазирлигига саволлар:

Нега Ўзбекистоннинг 6.119.440 нафар келажаги, ақлий-илмий ресурси ҳисобланган ўқувчиларининг ШАХСИЙ маълумотларини чет эл хусусий фирмасининг бошқарувига бериб қўйдингиз? Албатта бунга жавобингизни биламан, Kundalik.com порталининг серверлари Ўзбекистонда жойлашган дейсиз.

Бироқ, компания методисти Гулнора Исмоилова, Маърифат порталига берган интервьюсида «Маълумотлар мактаб ходимларига, таълим органларига, Кундалик компанияси ходимларига ва шахсий маълумотларсиз учинчи томонларга берилиши мумкин. Учинчи томонлар реклама берувчилардир. Улар Kundalik.com фойдаланувчиларига ўзларининг маҳсулотлари ва хизматлари ҳақида, бизнинг форматимизга мос келадиган формат, мавзу ва аудитория ёши бўйича маълумот беришлари мумкин.» – дея айтиб ўтган. Яъни компаниянинг 100 фоиз улуши чет эллик компанияларга тегишли бўлган ҳолда бундай маълумотлар хавфсизлиги қандай таъминланиши мумкин? Ўзбекистон ёшларининг йиллар давомидаги интеллектуал салоҳиятлари, дарсларга қатнашиш давомати, хулқи, тарбияси, баҳолари, қайси фанларни яхши қайсиларини ёмон ўзлаштириши ҳақидаги катта дата маълумотлар келажакда кимларгадир керак бўлиб қолиши мумкинми?

Давлат назорати остида бўлган портал, рекламадан ҳам соққа қиладими?

Шундоқ ҳам ушбу порталдан фойдаланиш учун йиллик абонент тўлови 9200 сўм экан. Мени назаримда баҳолаш тизими мажбурий ўрта таълим фаолиятининг асосий қисмидир, Конституцияга кўра бу бепул таълимни ичига кирмайдими? Албатта кимдир болаларингга қоғоз кундалик ҳам олиб берасан-ку дейиши мумкин, аммо биринчидан, қоғоз кундалик анча арзон туради, иккинчидан электрон кундаликни юритиш учун планшет ва интернет траффик ҳаражатлари ҳам бор.

6.119.440 ўқувчи * 9200 сўм = 56 298 848 000 сўм (56 млрд сўм ёки 5 405 626 доллар). Бу ҳисоб китобда коррупция, откат деган нарсалар йўқми? Бу харажатларни калкуляция сметасини халқ кўрса, билса бўладими? Менимча йўқ, чунки бу хусусий бизнес.

Шаффофлик, очиқлик деган гаплар бор эди. Сервер Ўзтелекомники экан, нарҳи шунчалик қимматми? Дневник.ру тендерда қатнашганми? Ушбу саралашда яна қайси компаниялар қатнашган? Қандай сараланган?

Шунча даромад қилса бўлар экан нега шу ишни давлат амалга оширмади? my.gov.uz каби давлат хизматлари порталлари давлатники, таълим ҳам давлатники. Ўша gov.uz edu.uz каби  доменлардаги сайтларни маълумот тўплашга тўлиқ ҳаққи бор ва халқ ҳам ишонади, аммо нега баҳолаш тизими .сom доменидаги, 100 фоиз чет эл компаниялари эгалик қилувчи МЧЖда? Ҳаттоки, Россиянинг ўзида ҳам ушбу Дневник.ру сайтига рўйҳатдан ўтиш ГосУслуги давлат портали томонидан амалга оширилади.

Халқ таълим вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамованинг мана бу изоҳлари эса кулгимни келтирди:

«Халқ таълими вазирлиги ва «Kundalik» компанияси ўртасида давлат-хусусий шериклиги асосида шартнома имзоланган бўлиб, бунинг натижасида хусусий сармоя жалб этилган ҳолда, давлат бюджет маблағлари тежалади. (Нега Россиянинг Дневник.ру компанияси эмас Кундалик компанияси деяпсизлар? Аҳир бу компаниянинг фикциялиги кўриниб турибдику?)

“Тежалган давлат маблағлари мактабларнинг моддий-техник базасини ривожлантиришга, яъни компьютер ва интернет билан жиҳозлашга йўналтирилади. «Kundalik» компаниясига тушган маблағлар — платформанинг техник инфратузилмасини сақлаш, уни ривожлантириш ва кенгайтириш учун сарфланади.

«Кундалик» лойиҳаси тўлиқ «Kundalik» компанияси томонидан молиялаштирилади. Маблағлар дастурий таъминотни яратиш, ишлатиш ва сақлашга, тизимни бошқа мактабларда татбиқ этишга сарфланади».

Инвесторлар ва таъсисчилар нимани эвазига фойда кўришади унда? Дневник.рунинг эгаси Гавриил Леви бизнесмен, у қандайдир нодавлат, гуманитар ташкилот раҳбари эмас. Бизнесменлар эса нафақат киритган инвестицияларини қайтариб олишни, балки фойда кўришни ҳам мўлжаллаб ишлашади. Бу ерда инвесторларнинг фойдаси қанча ёки НИМА?

https://t.me/nurbekalimov

Нурбек Алимов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг