Бухоро амири Амир Олимхоннинг куёви ким? Амир Олимхоннинг амакиси ким? «Бухоро Жумҳурияти қозисини биласизми?

0
536
Жаҳонгирхўжа Акобирхўжа

1. Жаҳонгирхўжа Акобирхўжа 1897 йил туғилган. Амир Олимхоннинг қизи Сиддиқага уйланган, жўйборий саидзодалардан. 1925 йил қамоққа олинганида 6 ёшли Аҳмадхўжа исмли ўғли бўлган, қори. 1925 йил 27 июн куни Хонақои Жўйбор №42 уйдан қамоққа олинган ва бу вақтда деҳқончилик, аравакашлик билан шуғулланган.
У терговчининг қандай амир сенга қизини берган деган саволига: ман 1913 йил сўнгида 16 ёшимда мадрасани битирдим. Анъанага кўра амир шу йили энг яхши кўрсаткичлар билан мадрасани битирган талабаларнинг сўнгги имтихонига ўзи қатнашди. Биз 6 нафар эдик. Талабалар ёши анча катта ва жуда башанг кийиниб келишган эди. Мен уларнинг орасида энг ёши ва анча юпун кийинган эканман. Отам қари киши, деҳқончилик билан шуғулланиб, оиламиз жуда катта эди. Шунга охиридан эътиборни тортмайдиган жойдан ўрин олдим. Чақирилган таниқли мударрислар амирнинг олдида талабалар билан савол жавоб қила бошлади. Амир жавоб берган талабаларга уларнинг жавобига қараб қимматбаҳо тўн, пул ва лавозимлар бериб келаверди. Шу йили Амир Олимхон аввалги йилларда қандайдир ғирромликлар ҳақида эшитгани учун яна бир неча мударрисни бошқа хонага жойлаб уларни танимасдан фақат жавобларини эшитиб баҳолаш ёки саволлар туғилса ёзма жавоб беришини жорий қилган экан. Мендан иккита аввал турган талаба ҳам қори экан. Шуни билдириш учун саволлардан олдин тиловат бошлади. Кузаттимки амир тиловатни ёқтирар экан. Унга ҳам жуда яхши совға берди, қорилигига қараб қозиликда иш таклиф этди. Охирида менинг навбатим келди. Амир эътиборсиз қараб қўйди. Мен тиловатни бошладим, у киши бошини қуйи солим давом эт дегандек туюлди. Бир неча усулда давом эттирдим. Сўнг савол жавоб бошланди. Бу ҳам анча чўзилди. Лекин амир кетишни истамас ҳаммасини диққат билан эшитарди. Менга ташқаридан савол келмади. Шундан сўнг роса катта совғалар билан менинг олдимга келди. Мен ҳам ҳайрон эдим. Шу вақт ташқаридаги мударрисларнинг боҳоларини келтиришди. Амир Олимхон менга ҳайрат билан қараб, кимсиз деди. Жўйборий сайидзодаларданлигимни айтдим. Қўлидаги совғаларини ташлаб юборди. Менга Сиз учун менинг хазинам ҳам етмас экан, лекин хазинамдан ҳам қиммат кўрганим бир жавоҳирим бор. Сиз менинг қизимга уйланасизми деди. Шу тариқа амирнинг куёви бўлиб қолдим.

Мўминхонов Мажидхон тўра

2. Мўминхонов Мажидхон тўра 1882 йил Бойсунда туғилган. Музаффархоннинг Абдулаҳадхондан кейинги ўғли Мўминхоннинг фарзанди. Яъни, амир Олимхон амакиси ҳисобланади. 1922 йил акаси Абдулвоҳидхон тўра отиб ташлангач, Бухоронинг таниқли инсонлари Абдулмажидхон тўра аттрофида жамлана бошлайди. 1925 йил 23 апрель куни шўроларга қарши хавфли унсур сифатида қамоққа олинган.

3. Қози Абдуллахўжа Абдулҳайхўжа ўғли, 1885 йил Бухоронинг Муфтизода гузарида мударрис Абдулҳайхўжа Абулҳасанхўжа хонадонида туғилган. Девонбеги мадрасасида ўқиган, Домулло Икромиддиннинг энг яқин шогирдларидан, қори, мударрис. Низомиддиннинг нўғай мактабида ўқиб рус тилини ўрганган. 1911 йилдан “Ёш бухороликлар”нинг фаол аъзоси. 1920 йил Бухоро ҳукумати раҳбари Абдуқодир Муҳиддинов топшириғи билан Хўжа Низомиддин иккиси Адлия нозирлигининг 40 параграфдан иборат қозилар бошқармаси низомини тузиб чиққан. Бухоронинг тажрибали қозилардан 30 кишилик ҳайъат билан Бухоро Халқ Жумҳуриятининг туманларда қозиликларни ташкил этган. Кейин ҳам Абдуллахўжа Абдулҳайхўжаев Берлиндаги талабалар учун катта миқдорда пул юборди, “Нашри маориф”ни қўллаб-қувватлади. Ўз уйида биринчи қизлар мактабини очди. 1925 йил 22 апрель куни қамоққа олинган.

Бухоро Халқ Жумҳурияти хорижий тазкираси (паспорти)

Бахром Ирзаев- Тарих фанлари буйича фалсафа доктори 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг