Болаларимиз рус тилини ўрганишга мажбур эмас!

0
1585
Фото: marifat.uz

Тилимизни ривожлантириш, жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш ҳақида жуда кўп фикрлар билдирилмоқда, давлат идоралари, ташкилот ва муассасаларда она тили ривожини таъминлашга хизмат қилиши лозим бўлган масъуллар фаолият бошлади. Аммо…

Сентябрь бошларида ижтимоий тармоқ­ларда бир хабар ўқидим. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими ҳамда Россия Федерацияси Таълим вазирлиги ўртасида “Ўзбекистон Республикаси мактабларида рус тили фанини ва умумтаълим фанларини рус тилида ўқитиш сифатини ошириш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкор­лик меморандуми имзоланибди.

Ўзбек тили байрами арафасида А.Авлоний номидаги ХТХҚТМОИ ва И.А Герсен номидаги Россия давлат педагогика университети томонидан (таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактаблардаги) рус тили ўқитувчиларининг касбий эҳтиёж­ларини ўрганиш мақсадида сўровнома ҳам ўтказилди.

Мустақиллккача бўлган даврни-ку қўя турайлик, мустақилликдан кейин ҳам она тили ўқитувчи­сининг касбий эҳтиёжлари билан биров қизиқдими, ҳозир қизиқяптими? Нега ўқитувчилар сави­йяси учун жавобгар малака ошириш институти рус тилининг ўқитилиш ҳолатидан ташвишланяпти-ю, она тили таълими ҳақида ёки жамият тараққиёти, иқтисоди учун зарур бўлган аниқ ва табиий фанлар ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди?

Болалик пайтларимиз ноябрь-декабрь ойларида ҳам совуқда дийдираб, қоронғи аралаш пахта теримидан қайтардик. Қишлоғимиздаги болалар боғчаси пештоқида “Ҳамма яхши нарсалар болаларга”, деган шиор осилиб турарди. Ҳар сафар шу шиорни ўқирканман, худди ўша яхши нарсаларни қўлимга олгандек ўзимда йўқ қувониб кетардим. Аслида бунинг акси эканини англамаганмиз. Ҳозир тили­мизнинг аҳволи шундай.

Умуман, ўзи рус тили республика­мизда қандай тил сифатида ўқитилади? Айтайлик, ўзбек тили она тилимиз бўлгани учун алоҳида фан сифатида ўргатилади. Инг­лиз ёки француз ёки немис тили чет тили сифатида ўқитилади.

Эътибор беринг, инглиз ва француз демадим, инглиз ёки француз дедим. Аниқроғи, чет тили деган фан таркибида мактабларимизда чет тиллардан бири ихтиёрий танлов асосида ўрганилади.

Ўқувчи ўз ихтиёри билан инглиз, француз ёки немис тилини танлаш имконига эга. Синф иккига ажрати­либ, ярми инглиз, ярми француз тилини ўрганиши ҳам мумкин. Қолаверса, бу тиллар орқали дунё билан танишиш имконига эга бўламиз.

Хўш, рус тили ўзбек мактабларида қанақа тил сифатида ўқитилмоқда?

Она тили эмас, десам, сиз ҳам фикримга қарши чиқмаса­нгиз керак. Демак, чет тили сифатида деган жавоб устида тўхтаймиз. Хўп, чет тили бўлса, нега чет тили соатлари ҳисобидан эмас, алоҳида соатлар ажратилиб, яна имтиёзли ҳолда икки гуруҳга бўлиб оммавий ўқитилмоқда, яъни ҳамма болалар рус тилини ўрганишга мажбур.

Рус тилининг бошқа чет тилларидан қандай устун томони борки, биз ўз она тилимизга бермаган имтиёзни рус тилига бериб қўйибмиз?

Она тили дарслари 30–35 ўқувчи билан саводхонлик, оғзаки ва ёзма нутқ ўстириш, мустақил фикрлашга ўргатиш, грамматик билимларни сингдириш каби бир қанча талаблар қўйилган ҳолда, рус тили дарслари эса 15-16 ўқувчи билан ташкил этилади.

Ҳали сифат ҳақида гапирмадик. Бугунги кунда мактабларда она тили дарслари, натижа бермади, деган сабаб билан қисқартирилди. Лекин натижа бериши учун она тили ўқитувчиларига қандай ёрдам кўрсатилди?

Қуруқ грамматик қоидалардан иборат дарсликни ўқитаётган, бири боғдан, бири тоғдан олинган гаплар тизмасидан тизилган машқларни кўчир­тириш асосига қурилган она тили дарсларидан яна нима кутган эдингиз?

Илтимос, бизга қандай ўқитишни эмас, нимани ўқитишни аниқлаб беринг.

Хўш, рус тили дарслари-чи? Бўлиб ўқитилаётган рус тили дарсларининг самараси қандай?

Мактабда 11 йил рус тили ўргатилган ўқувчиларимиз оддийгина содда мулоқотга ҳам қодир эмас-ку. Лекин негадир рус тили дарслари олиб ташланмайди, соатлар камайтирилмайди. Битирувчиларнинг неча фоизи олий таълимга қамраб олинади? Умуман, ўзбек болаларининг қанчасига рус тили ҳаётий эҳтиёж учун керак? Аксарияти меҳнат бозорида банд бўлаётган бутун Ўзбе­кистон болаларига 11 йил рус тилини мажбуран ўқитиш қанчалик тўғри?

Бутун дунёни пандемия тит­ратиб турган, ер юзида илм-фан тараққиёти борасида кураш кетаётган бир даврда рус тилини ўрганиш ўзбек боласи учун ҳаёт-мамот масаласи эмас-ку.

Сарфланаётган миллиардларни биология, кимё, математика, физика каби фанларни чуқурроқ ўргатишга, ортиб қолса, ўз она тилимиз ривожига сарфлашимиз муҳимроқ эмасми?

Рус тили ҳаётида керак бўлган шахс курсларга бориб, тилни бир неча ойда ўрганиб олмоқда. Ҳеч ким мактаб берган русча таълим билан дунёга чиқиб кетолгани йўқ.

Таклифим: умумтаълим мактаблари таянч ўқув режасидан рус тили деган алоҳида фан чиқарилсин. Рус тили чет тили сифатида, жаҳон тили сифатида баҳоланадиган бўлса ва жуда ўрганмасак бўлмаса, марҳамат қилиб, бошқа чет тиллари қатори, инглиз, француз тилларидан устун қўйилмаган ҳолда, уларга ажратилган соатлар ҳисобидан ўқитилсин. Синфлар инглиз–инглиз, инглиз–француз, инглиз–рус, француз–француз, рус–рус шаклида ўқувчилар хоҳиши асосида бўлиниб ўтилсин. Ҳеч бир ўзбек боласи рус тилини ўрганишга мажбур эмас.

Она тилимизга бермаган имтиёзни рус тилига беришга ўзбек сифатида маънавий ҳаққимиз йўқ.

Рус тилига ҳеч қандай хусуматим йўқ. Қолаверса, рус тили ифода нозиклиги, гўзаллиги билан мени мафтун этади. Мактаб партасида ёдлаган ўнлаб русча шеърларни ҳамон ўқувчиларимга, фарзандларимга айтиб бераман.

Фақат бир нарса кўнглимни оғритади — бугун фарзандларимиз она тили ўқитувчиси бўлишдан кўра рус тили устози бўлишни афзал кўришмоқда. Бу миллат учун фожиа эмасми? Сабаби аён: биринчидан, 2 соат дарси 4 соатга айланади, қолаверса, 30 болага сабоқ беришдан кўра 15 ўқувчи билан юзлашмоқ осон.

Ўз қадримизни ўзимиз кўтарайлик, она тилимизни ўзга тиллар соясида қолдириш авлодлар учун хиёнатдир. Она тилимизга шундай бир мартаба, ўрин берайликки, бошқа тиллар ўз ҳаддини, ўрнининг қаердалигини билсин!

Гавҳар УСМОНОВА, Нарпай туманидаги 64-мактаб ўқитувчиси

Манба: «Маърифат» газетаси

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг