Яхши хабар, COVID га қарши энг кучли вакцина яратилди – ўзбекистонлик мутахассис нима дейди?

0
389
Фото: Getty Images

COVIDга қарши энг кучли вакцина яратилди – коронавирус каби мураккаб ва ҳали-ҳануз тўлиғича ўрганилмаган бир вирусга қарши 90 фоиз эффектив ва бирор бир негатив оқибатга сабаб бўлмаган вакцинанинг топилиши, албаттаки, оламшумул янгилик, демоқда ўзбекистонлик мутахассис.

Шу пайтгача бирорта ҳам вакцина шу қадар қисқа фурсатда ишлаб чиқилиб, бунчалик эффективлиги тасдиқланмаган.
Илк таҳлиллар кўрсатишича, биринчи самарали коронавирус вакцинаси одамни Ковид‑19дан 90% ҳимоя қилади.
Вакцинани ишлаб чиққан «Pfizer» ва «BioNTech» компаниялари бу ҳақда «инсоният ва фан учун буюк кун», деди.

Уларнинг вакцинаси олти мамлакатда 43500 одамда синовдан ўтказилди ва хавфсизлиги бўйича шубҳа туғдирувчи бирорта ҳам ҳолат кузатилмади.
Компаниялар вакцинани фавқулодда тасдиклатиш учун шу ой охиригача ариза беришни режаламоқда.

Катта синовлар ҳали олдинда, аммо олимлар бу янгиликни, ўзларининг айтишича, оғизлари қулоқларига етиб, хурсандлик билан қарши олганлар ва айримларнинг тахмин қилишича, баҳоргача ҳаёт аввалги ҳолатига қайтади.

«Балки бу гапни айтаётган биринчи одамдирман, аммо буни бирмунча ишонч билан айтяпман», дейди Оксфорд Университети тиббиёт профессори Сэр Жон Белл.

Би-би-си Ўзбек хизмати: Ўзбекистонлик мутахассис нима дейди?

facebook

Обид Мамадалиев, микробиолог олим
Ўзбекистон-Канада

«Коронавирус каби мураккаб ва ҳали-ҳануз тўлиғича ўрганилмаган бир вирусга қарши эффективлиги 90 фоиз бўлган ва бирор бир негатив оқибатга сабаб бўлмаган вакцинанинг топилиши, албаттаки, оламшумул янгилик.

Pfizer ва BioNTech компанияси томонидан яратилган вакцина шу маънода бугунги кун ва 2020 йилнинг энг қувонарли воқеаси бўла олади.
Бу кунни тарих саҳифасига олтин сиёҳда ёзиш лозим.
Чунки бундан аввал дунёда бошқа касалликларга қарши топилган вакциналар эффективлиги 75% дан 85% гача бўлган. Эффективлиги 90% бўлгани кузатилмаган.
Ваҳоланки вакцинанинг 90% эффектив бўлишининг ўзиёқ катта ютуқ ва оламшимул янгилик.

Бундан ташқари, янги вакцина Covid-19 юқтирган касалларга ҳам қўлланилган.
Шу пайтгача учинчи босқич синовида бўлган коронавирусга қарши бирор бир вакцинанинг самарадорлиги бунчалик юқори бўлмаган.
Инсоният тарихида бу иккинчи қаттиқ эпидемия – глобал миқёсда тан олинган пандемиялардан бири бўлади.
Технологиялар ривожланишига қарамасдан, касалликка қарши ҳали бирор дори топилмади.

Янги вакцинанинг оламшумуллиги яна шундаки, у дунёнинг иқлими турли давлатларда, ўнг минглаб одамда синаб кўрилди, аммо бирорта ҳам нохуш ҳолат қайд этмай коронавирусга қарши кучли иммунитет ҳосил қила олади.
Бу эса, унинг кенг миқёсда қўлланишига йўл очиши мумкин бўлади.
Албатта, бу вакцининг логистикаси муаммо бўлиши мумкин.
Яъни уни -80 температурада транспортировка қилиш, сақлаш ва қўллаш осон бўлмайди.
Бу вакцина шуниси билан жуда қимматга тушиши мумкин.
Яна лицензия билан бошқа давлатларда ишлаб чиқарила олмаслиги эҳтимоли бор.
Янги вакцинанинг таъсирчанлик муддати жорий босқичда у қадар катта аҳамият касб этмаслиги керак, назаримда.
Чунки ҳозир энг муҳими – Covid-19 ни жиловлаш, тўхтатиб олишдир».

Science Photo Library

У қанчалик эффектив бўлиши мумкин?

Вакцина – яхши даво чоралари билан бирга – бутун ҳаётимизга пандемия сабабли қўйилган чекловларни олиб ташлаш учун энг яхши йўл сифатида кўрилмоқда.
Маълумотларга кўра, вакцинани уч ҳафта оралатиб, икки доза олиш керак. АҚШ, Германия, Бразилия, Аргентина, Жанубий Африка ва Туркияда ўтказилган синовлар иккинчи доза олингандан саккиз кун ўтиб, 90% одамда иммунитет ҳосил бўлганини кўрсатган.

Шунга қарамай, тақдим этилган маълумотлар сўнгги таҳлиллар эмас, чунки улар ўзида Ковидни синаб кўришга рози бўлган 94 кўнгилли ҳолатига асосланган. Вакцинанинг самарадорлиги кўрсаткичи охирги тўлиқ таҳлиллар чиққач ўзгариши мумкин.
«Бу глобал соғлиқ инқирозидан чиқиш учун дунёни энг керакли восита билан таъминлашга жуда яқин турибмиз», дейди «Pfizer» раиси доктор Алберт Бурла.
«BioNTech» асосчиларидан бири профессор Угур Саҳин натижаларни «ўта муҳим» деб атади.

Вакцина қачон ҳаммага етиб боради?

Бу йил чекланган миқдордаги одамга вакцина етиб бориши мумкин.
«Pfizer» ва «BioNTech» билдиришича, ноябрнинг учинчи ҳафтасигача вакцинанинг хавфсизлиги бўйича етарли муълумотлар тўпланади ва уни расман тасдиқлаш учун давлат расмий ташкилотларига ариза берилади.

Вакцина расман тасдиқланмагунча, давлатлар эмлаш кампаниясини бошлай олмайди.
Икки компаниянинг айтишича, шу йил охиригача 50 миллион дозада вакцина етказиб берилиши мумкин ва 2021 йил охиригача 1.3 миллиард доза вакцина ишлаб чиқариш кўзда тутилмоқда. Ҳар бир одамга икки доза керак бўлади.
Британия шу йил охиригача 10 миллион доза олиши керак, 30 миллион доза вакцинага аллақачон буюртма берилган.

Ким уни олиши мумкин?

Getty Images

Ҳеч ким вакцинани тўғридан‑тўғри олмайди ва давлатлар кимлар биринчи бўлиб эмланишини ҳал қилишлари керак.
Касалхона хизматчилари ва парваришлаш билан шуғулланувчилар рўйхат бошида бўлиши керак, чунки улар заиф инсонлар билан алоқа қилади. Оғир касалланиши мумкин бўлган кексаларга ҳам устунлик берилади.

Британия парваришлаш уйларидаги кексалар ва у ердаги ходимларни эмлашга алоҳида эътибор қаратиши мумкин.

Аммо бу борада охирги қарор қабул қилинмаган, чунки бу вакцина турли ёш гуруҳларида қандай ишлаши ва вируснинг қандай тарқашига боғлиқ.
Ёши элликдан паст бўлган ва соғлиғида муаммоси бўлмаганлар рўйхатда энг охирида туриши мумкин.

Бирор эҳтимолий муаммолар борми?

Жуда кўп жавобсиз саволлар бор, чунки маълумотлар тугал эмас.
Сиз ўзингиз касал бўлмасангиз ҳам вирусни тарқатишингиз мумкинми ёки у шунчаки симптомлар ривожланиши олдини олади холосми, биз буни билмаймиз. Ёки бу вакцина хавф гуруҳидаги кексаларда бошқалардагидек иш берадими, буни ҳам билмаймиз.
Энг катта савол – бу иммунитет қанчалик давом этади? Бу саволнинг жавоби ойлаб, эҳтимол, йиллаб вақт талаб қилади.

Шунингдек, миллионлаб одамларни эмлаш учун катта миқдорда вакцинани ишлаб чиқариш ва уларни етказиб бериш муаммоси ҳам бор. Чунки вакцина ультра‑совуқ муҳитда, минус 80 градус цельсийда сақланиши керак.
Вакцина синовларда ҳозирча хавфсиз бўлиб чиқяпти, аммо ҳеч нарса, жумладан парацетамол ҳам 100 фоиз хавфсиз эмас.

У қандай ишлайди?

Ҳозирда дунёда ўнтача вакцина охирги синовлардан ўтяпти, аммо буниси бирор натижа кўрсатган биринчи вакцина бўлди.
Бу вакцинада вируснинг генетик кодининг бир қисми иньекция қилинади. Шу йўл билан инсон иммунитети вирусга қарши курашишга ўргатилади.
Аввалги синовлар кўрсатишича, вакцина коронавирусга қарши курашиш учун танани антитаначалар ҳосил қилиш ва иммунитетнинг бошқа бир қисми бўлмиш – T ҳужайралар ишлаб чиқаришга ўргатади.

Муносабатлар қандай бўлди?

Британиянинг бош тиббий маслаҳатчиси профессор Крис Уитти натижалар «фан қудратини» кўрсатади ва 2021 йил учун оптимист бўлишимизга имкон беради, деб айтди.
АҚШнинг сайланган президенти Жо Байден бу «жуда ажойиб янгилик» деди.
«Аммо шуни ҳам тушунишимиз керак, Ковид‑19га қарши курашнинг ниҳоя топиши учун ойлаб керак бўлади», деб қўшимча қилди у.

Британия Бош вазири сўзчисининг айтишича, натижалар «умидли» ва «Миллий Соғлиқ хизмати вакцина тайёр бўлиши билан эмлаш кампаниясини бошлашга ҳозир турибди».
Оксфорд университетидан Питер Ҳорби «Бу хабардан оғзим қулоғимга етди», дейди.
«Бу енгилланиш… вакцина реал ўзгаришларни қилгунича ҳали узоқ йўлни босиб ўтишимиз керак. Аммо бу менга бурилиш нуқтасидек кўриняпти.»

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг