Жапаров қирғиз муҳожирларини 2 йилда мамлакатга қайтармоқчи

0
273
Фото: platforma.uz

Бола-чақам бировдан кам бўлмасин, деб четга иш излаб кетганлар орасида қирғизистонликлар ҳам кўп. Маълумотларга кўра, ҳозир ушбу мамлакатнинг қарийб 800 минг фуқароси хорижда. Шундан 640 минг нафари Россияда рўйхатдан ўтган. Аммо норасмий маълумотлар кўрсаткичлар бунданам кўплигини англатади.

Чунки Қирғизистон ва Тожикистон Марказий Осиёдаги энг камбағал икки мамлакат ҳисобланади. Шу сабабли мигрантлар меҳнатидан қирғиз ҳукумати ҳам манфаатдор.

Қаранг, биргина Россиядаги муҳожирлар жўнатган пул ўтказмалари мамлакат ялпи ички маҳсулотининг учдан бир қисмини ташкил этаркан. Эътибор қиляпсизми, учдан бирини! Қирғизистон айни пул ўтказмалари йўналишида дунёда биринчи ўринда ҳам тураркан. Буям етмаганидек, ҳар бешинчи вояга етган Қирғизистон фуқаросининг ёки ўртача ҳар бир оиланинг кредити бор.

Мамлакатдаги талотўплардан сўнг бу ерда ҳукумат алмашганидан яхши хабардорсиз. Лекин вақтинча давлатни бошқариб турган Жапаровнинг гаплари дадил. Нонни катта тишласанг ҳам, гапни катта гапирма деган нақл бор. Аммо Жапаровнинг сўзлари ҳавойи гапларга ўхшамайди.

Би-би-сининг ёзишича, у икки йилда ҳамма мигрантларни мамлакатга қайтармоқчи. Шундоғам шўрлик муҳожирлар қўлига қараб қолган давлат буни қандай уддалайди, буниси бизга қоронғу. Билганимиз Садир Жапаров
хориждан меҳнат муҳожирларини Қирғизистонга қайтариш бўйича дастур мавжуд экани, унинг келаси 1,5-2 йилга мўлжаллангани ҳақида интервью берган.

«Мен аввал ҳам иқтисодий дастур ҳақида гапирганман, — деган у. — Порахўрлик бўлмаган мамлакатда, албатта, иқтисодиёт ўсади. Шахсий чўнтакларга тушадиган пул бюджетга тушади. Бу бир ой ичида натижа беради…”

Муваққат давлат раҳбари муҳожиратдаги фуқароларига мурожаат қилиб, энди давлат ишларига таниш-билиш орқали кирилмаслиги, фақат билимли ёшлар жалб этилишини ваъда қилган.

«Мен уларга шуни айтаманки, бундан буён давлатимизда одамлар лавозимларга келишув орқали тайинланмайди. Бунгача, шу сабабли ҳам, ўқимишли ёшларимиз давлат идораларида ишлай олмаган ва четга кетишга мажбур бўлган. Энди мен уларни уйига қайтишга даъват этаман», деган Садир Жапаров.

 

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг