Леонид Гайдайнинг “Иван Васильевич касбини ўзгартиради” фильмига оид қизиқарли фактлар

0
451
Очиқ манбалардан олинган фото коллаж

“Иван Васильевич касбини ўзгартиради” комедияси 1973 йилда Михаил Булгаковнинг “Иван Васильевич” пьесаси асосида Леонид Гайдай режиссёрлигида суратга олинган.

Фильм сценарий муаллифи Владлен Бахнов Гайдайнинг қўшниси бўлган ва шу сабаб ҳам сценарий режиссёрнинг уйида ёзилган.

1972 йили 8 март куни муаллифлар билан битим имзоланган, 21 март куни сценарий режиссёрлар қулига ишлаш учун топширилган, 24 май куни эса тасдиқланган. Шундан сўнг съёмка гуруҳи ташкил қилинган, декорациялар курилиши бошланган ва актёрлар кастинги ўтказилган.

1972 йили 6 июнь куни фильмнинг асасосий актёрлар гуруҳи ролларга тасдиқланиб, 21 июндан бошлаб “МОТОР” берилган.

Фильмдаги Тимофеевнинг вақт машинаси скульптор Вячеслав Почечуевнинг ғояси ва лойиҳаси ҳисобланади.

Иван Грозний ва Бунша роли Юрий Никулин учун ёзилган бўлган. Аммо Никулин Булгаковнинг таъқиқланган асари асосида суратга олинган фильм шкаф токчасида чанг босиб ётади, деб ўйлаган ва роль ижро қилишдан воз кечган.

Иван Грозный ва Бунша роли учун кўплаб таниқли актёрлар – Евгений Евстигнеев, Георгий Вицин, Владимир Этушлар синаб кўрилган, лекин энг ишонарли ижро Юрий Яковлевники бўлган.

Ўғри Жорж Милославкий қаҳрамони учун Вячеслав Невинний, Анатолий Кузнецовлар таклиф қилинган, аммо роль Леонид Куравлевга насиб қилган.

Ихтирочи Шурикнинг рафиқаси ролига уч нафар Наталья номзод бўлган. Аммо роль Наталья Гундарева ва Наталья Гвоздикова қолиб, “Операция Ы” да Шурик билан бирга роль ижро қилган Наталья Селёзневага насиб қилган.

Буншанинг турмуш ўртоғи – Ульяна Андреевна роли учун эса Наталья Крачковская биттада қабул қилинган.

Режиссёрга Москвадаги Кремльда суратга олишга рухсат берилмагани учун бошқа жой қидиришга – Ростовдаги Кремльда суратга олишга қарор қилинган. Келажакдан келган “иблисларни” ушлаш учун соқчилар куйлаган саҳна ҳам айнан шу жойда суратга олинган.

Фильмда узоқ давом этадиган қуйлаш саҳнаси аслида қисқа вақтда суратга олинган. Ундаги соқчилар кийган қизил либос узун ва тор бўлгани учун югуриш осон бўлмаган.

Фильмдаги баъзи эпизодлар Москвада суратга олинган. Тез ёрдам ва милиция машинасининг келиш саҳналари шулар жумласидан.

“ Бу зиёфат кимнинг ҳисобига? Чиқимини ким тўлайди?” фильмда берилган ушбу саволга “Ҳар ҳолда биз эмас”, деб жавоб берилган, лекин сценарийга кўра “Халқ, “батюшка” халқ” деган жавоб берилиши керак бўлган, цензура сабаб ушбу версия қабул қилинмаган ва ўзгартиришга тўғри келган.

Гайдай қирол дастурхони ҳақиқий шоҳона бўлишини истаган, аммо фильмнинг буджетида ортиқча маблағ бўлмаган. Шу сабаб ҳам режиссёр ўз чўнтагидан тўлашига тўғри келган. Дастурхондан ўрин олган балиқ, қора ва қизил икра ва бошқа егуликлар учун 200 рубль сарфлаган.

Милославский Шпакдан ўғирлаган кейин бўлса швед элчисига совға қилган ручкани режиссёр уйидан олиб келган.

“Кийиб ол, шоҳ бўласан”. Шеригининг ушбу сўзларидан кейин Бунша кийган шоҳ либослари Сергей Эйзенштеннинг “Иван Грозный” фильмидаги реквизит қолдиқларидан тикилган. Зиночка қаҳрамони кийимлари Вячеслав Зайцевга тегишли.

Ульяна Андреевна фильмда бешта парик кийган. Улардан энг оғири “Сени ҳам даволашади, сени ҳам даволашади, мени ҳам даволашади” жумласи айтилганидан кейин у бошидан ечган оловранг парик бўлган. У ушбу парикни ечганидаги калта сочлари аслида махсус қалпоқча бўлган ва унинг тагига актрисанинг узун сочлари яширинган. Қалпоқнинг бошни қисиши ҳисобига Крачковскаянинг юзи ишиб кетган.

Цензура сабаб фильмдаги жумлалар ўзгартирилиб қайта овоз беришга тўғри келган. Масалан, Бунша швед элчисига “Гитлер капут” деганини эшитиш мумкин, лекин унинг лаб ҳаракатларига эътибор берилса, “тинчлик ва дўстлик” деганини пайқаш мумкин.

Милиция, Иван Грозныйнинг яшаш жойини сўраганида “Москва, Кремль” дейилган, лекин у кейинчалик кошонага ўзгартирилган.

Бундан ташқари фильмда шох, Тимофеевнинг ошхонасида котлет қовурган саҳна бўлган. Барча ўзгартиришлар натижасида фильм давомийлиги 10 дақиқага қисқарган.

Режиссёр рафиқаси Нина Гребешковани, бир неча фильмларда иккинчи даражали ролда суратга олган. Мазкур фильмда ҳам шохнинг турмуш ўртоғи Марфа Васильевна ролига таклиф қилган, аммо Нина бунга рози бўлмаган.

Фильм 1973-йилда совет кинопрокатида етакчилик қилган. “Иван Васильевич касбини ўзгартиради” шу йилнинг ўзида 60 миллиондан кўп томоша қилинган.

“Иван Васильевич касбини ўзгартиради” фильми 71 кун давомида суратга олинган.

“Иван Васильевич касбини ўзгартиради” фильми 17 сентябрь 1973 йилда катта экранга чиқди.

Гонорар эса фильм учун Леонид Гайдай – 7948 рубль съёмка ва сценарий учун 2000 рубль; Юрий Яковлев – 4350 рубль; Леонид Куравлёв – 2312 рубль; Александр Демьяненко – 1663 рубль; Савелий Крамаров – 1129 рубль; Михаил Пуговкин – 788 рубль; Владимир Этуш – 630 рубль; Наталья Селезнёва – 362 рубль; Наталья Крачковская – 347 рубль; Сергей Филиппов – 258 рубль; Наталья Кустинская – 168 рубль; Анатолий Подшивалов – 139 рубль; Нина Маслова – 101 рублдан олишганлар.

 

Интернет манбалари асосида Насриддин Асриддинов томонидан тайёрланди

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг