Неъмат Нарзулла ҳақида эшитганмисиз?

0
455
Фото Бахром Ирзаев томонидан тақдим этилган

Неъмат Нарзулла 1909 йил Бухоро шаҳрида дунёга келган. Отаси Ғафур Назрулло ўғли йирик манифактура савдогари бўлиб, “Ёш бухороликлар”нинг етакчиларидан бири эди.

Ғафур 1917 йил Бухоро амири ва “Ёш бухороликлар” ўртасидаги курашлар даврида ҳалок бўлган. Неъмат 1917-20 йиллар поччаси қарамоғида яшаб, жадид мактабида таҳсил олди. 1920 йил Бухоро Халқ Республикаси тузилгач, “Авлоди шуҳадо” мактаб-интернатида ўқий бошлайди.

Фото Бахром Ирзаев томонидан тақдим этилди

1922 йил кузида Бухоро ҳукумати бир гуруҳ ёшларни Германияда таълим олиш учун юборади. Уларнинг орасидан жой олган Неъмат Назрулла аввал Германия шимолидаги Кёслинг шаҳрида жойлашган 4 синфлик Реал гимназияда ўқиб, ҳарф терувчи мутахассилиги бўйича шаҳодатномани қўлга киритди. 1925 йил Зарау шаҳридаги текстиль институтига кириб, инженерлик йўналишида ўқий бошлайди.

Ўзбекистон ҳукумати 1926 йил июндан талабаларга стипендия юборишни бутунлай тўхтатишини маълум қилади. Шусиз ҳам иқтисодий жиҳатдан қийналиб қолган Зарау текстиль олий мактаби талабалари Немат Назрулла ва Бешим Солиҳлар Зараудан Берлинга келишади. Улар тунни “Пансион ЙОЗ”даги Афзал Абусаиднинг хонасида ўтказди.

1926 йил 1 июнь куни Бадеъ Абдулла, Ғиёсиддин Салоҳиддинов, Муҳиддинхўжа Зикриёхўжаевлар билан жами беш киши Ватанга қайтадилар. Улар Самарқандга келгач, бир вақтлар уларни Германияга олиб бориб жойлаштирган, бу вақтда ЎзССР Маориф халқ комиссарлигида ишлаётган Абдувоҳид Бурхонов хонадонига тушадилар.

Муҳиддинхўжа А.Бурҳонов орқали Файзулла Хўжаев қабулига киришга эришади. Ф.Хўжаев ёшларга ўзининг самимий тилакларини билдириб, маълум миқдорда пул беради. Шу пулга Б.Солиҳ Туркманистонга, М.Зикриёхўжаев, Н.Нарзуллаев ва Ғ.Салоҳиддиновлар Бухорога йўл оладилар.

Фото Бахром Ирзаев томонидан тақдим этилди

Неъмат Назрулла Бухорода бир муддат ишсиз юрганидан сўнг, “Бухоро пролетари” газетаси типографиясига шогирд бўлиб ишга киради. Неъмат ўзининг билимдонлиги ва тиришқоқлиги билан жамоа орасида тезда ўз ўрнини топишга эришди. Дастлаб, туман газеталарида мухбир, адабий таржимон, 1931 йилдан “Бухоро пролетари” газетасига масъул муҳаррир бўлди.

Неъмат Назрулла 1934-37 йилларда “Бухоро пролетари” типографияси директори сифатида иш олиб борди. Бироқ, унинг изига тушган кимсалар 1937 йил бош кўтарди. Шу йил 14 ноябрь куни тўсатдан унинг масаласи кўрилиб, йиғилишда совет сиёсатига қарши аксилинқилобий гаплар айтган, юқоридан кам қоғоз ажратилаётганлиги туфайли “Бухоро пролетари” газетаси ўз вақтида ўқувчига етиб бормаяпти деб советларга қарши кайфият қўзғатган каби айбловлар билан уни партиядан ўчириб, ишдан ҳайдашади.

1938 йил 12 январь куни ИИХК Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Калмиков Бадеъ Абдулла иши доирасида бу вақтда Бухоро тўқимачилик фабрикаси қошидаги ўқув мактаби хўжалик мудири ва библиотека мудири бўлган Неъмат Назруллони Гестапонинг террористик ташкилоти аъзоси сифатида қамоққа олишга қарор беради.

Шу куни олинган ордер асосида Бухоро шаҳри Регистон кўча 222 уйда тинтув ўтказилди. У дўсти Усмон Омон билан типография ётоқхонасида яшарди. Хонада тонггача тинтув ўтказилиб, унга тегишли паспорт, 3та дафтар, 2 блокнот, 51 сурат, 30 варақ турли ёзишмалар, “ВООМП” русумли фотоаппарати, 70 сўм пулигача барчаси хатланиб, Самарқандга олиб кетилади. Н.Нарзуллаевнинг 1937 йил 15 январь куни тўлдирилган шахсий анкетасига кўра, у ҳали уйланмаган, ота-онаси вафот этган, яқин қариндошлари йўқ деб ёзилган.

1938 йил 15 январь куни Неъмат Назруллони даҳшатли қийноқлар ва қўрқитувлар асосида аввалдан тайёрлаб қўйилган бир нечта сўроқ баённомаларини имзолатишга эришадилар. Фикримизни бир кунда бир неча дасхатда бир бирини умуман инкор этадиган фактлар мавжуд жуда катта ҳажмдаги сўроқ баённомалари ҳам асослаши мумкин. Албатта, бу сўроқ баённомаларига айбланувчининг айрим фикрлари ҳам киритилган. Ишда шу куни имзоланган бизнингча ўзининг қўли билан ёзилган қуйидаги иқрор алоҳида аҳамиятга эга. Жумладан унда:

“…1926 йил 31 май куни биз Бешим Солиҳ билан Зараудан Берлинга келдик. Шу тунни Афзал Абдусаиднинг пансион “Йоз”даги хонасида ўтказдик. Бу пайтда Олимжон Идрисий, Бадеъ Абдулла, Ғиёсиддин Салоҳиддин ва Муҳаммадхўжа Зикриёхўжалар ҳам шу ерда экан. Биз тундан тонггача Ватан ҳақида, унинг истиқлолининг тилда қолаётгани ҳақида ва ҳали бошимизга тушиши мумкин бўлган фожиалар ҳақида гурунглашдик. Германияда олий таълим олиш ҳақидаги орзуларимизнинг армон бўлиб қолаётган ҳақида гаплашиб роса йиғладик. Ватанга қайтиб албатта унинг равнақи учун курашишга, совет тузумига эмас асл миллат ва ватанимизнинг соф истиқлоли учун жонфидо бўлишга қасамёд этдик. Бешим Туркманистонда, мен Бухорода келажакда юзага келадиган озод Туркистон учун тинимсиз курашишга, меҳнат қилишга сўз бердик. Сўзлардик йиғлардик, йиғлардик ва яна сўзлардик. 1 июн тонгида Олимжон Идрисий, Афзал Абдусаидлар билан хайрлашаётиб, улар “СССРга кирганларингдан ГПУ изларингга одам қўяди, жуда эҳтиёт бўлинглар. Лекин, уларга ҳеч қачон ишламанглар. Ўзбекистонда албатта ўқинглар. Тошкентга етиб боргач, доктор Бадрига учрашиб саломимизни етказинг” деб унинг адресини берадилар. Биз Бешим Солиҳ, Бадеъ Абдулла, Ғиёсиддин Салоҳиддин ва Муҳаммадхўжа Зикриёхўжалар бирга деярли мажбуран йўлга тушдик.

1926 йилнинг 11-12 июнь кунлари Тошкентга етиб келдик. Муҳаммадхўжа Зикриёхўжанинг таклифи билан Тошкентда дўстимиз доктор Бадри Камолникига меҳмон бўлишга қарор қилдик. У Шайхонтоҳур туманида бир тиш даволаш хонасини очган экан. Ўша ерга бордик. У билан мириқиб суҳбатлашдик. Дардлашдик. Сўнг Самарқандга йўл олдик…” деб ўзининг бошидан кечирганларини баён қилади.

Шунингдек, бошқа сўроқ баённомаларда ҳам қизиқса арзийдиган нуқталар мавжуд. Жумладан, терговчининг Бухорода қандай немис колбаса ясовчисини биласизми, деган саволига Лаби ҳовуз атрофида ўрта бўйли, 40 ёшлар чамаси бир немиснинг дўкони бўларди. Отини билмайман. 1928 йилларда бир марта тасодифан кўриб қолгандим. Сўнг йўқ бўлиб кетди. Унга ҳам ўн йилдан ошдику, қаерда яшарди буни ҳам билмайман. Уни Ҳамро Абдуллаев танирмиди деб сўраганида. Йўқ, аниқроғи билмадим. Бадеъ Абдулла 1926 йилнинг охирларида Бухорога келганида суҳбатлашгандик. У Самарқандда яшарди ва Бухорога жуда кам келарди, дейди.

Бошқа бир сўроқ баённомасида: “Озод Туркистон” Олимжон Идрисий раҳбарлигида тузилиб, унда БХСР мустақиллигини истовчи руҳ кучли эди, дейди. Унда ишхонасида ишлаган инсонлар ва уларнинг ижтимоий келиб чиқиши ҳақида ҳам батафсил ёзилган.

Жумладан, Амир қозисининг ўғли Файзулло Каломов, Бари Басиров, Маҳмуд Акобиров каби кўпгина жадидларнинг фарзандларининг номлари келтирилган. Аслида бу терговчининг қармоғи бўлиб, улар ҳақида маълум ахборотни ё тасдиқлатиш ёки қўшимча материалларга эга бўлиш бўлган.

Шунингдек, ўзининг жиноятлари ҳақида советларнинг руслаштириш сиёсатига қарши курашгани, 1934 йилгача бу кураш маҳаллий даражада бўлса, 1934 йил А.Икромов, Ф.Хўжаевлар билан танишгач, янада кенгроқ доирада аксил совет курашни авж олдиргани, бунда Бухоро шаҳар партия қўмитаси котиби, собиқ “Миллий Иттиҳод”чи Каримов, шаҳар кенгашидан Наджаб Қурбоновлар билан бирга ишлаганини, стахановчилик ҳаракатини авж олдирмаслик натижасида давлатга 10-12 минг сўм миқдорида зарар келтирганларини “ёзади”.

Сўроқ охирида Ҳамро Абдуллаевнинг террорчилик акти ҳақида нималарни биласан дегаг саволига “умуман хабарим йўқ”. Уруш бўлса террорни кучайтирамиз деган экан деса, “менинг хабарим йўқ, билмайман” дейди.

1938 йил 15 январь куни яна бир сўроқ баённомасида Неъмат Нарзулла: Ҳамро Абдуллаевнинг ҳеч қандай жосуслик ташкилоти йўқ, дейди. Бироқ, ўзининг “Озод Туркистон” аъзоси эканлигини “тан олади”.

Комачков 1938 йил 26 январь куни Неъмат Нарзуллаевни 1925 йил Германияда “Озод Туркистон” ташкилотига аъзо бўлган, Заки Валидий, Олимжон Идрисийлар бошчилигида Туркистонни совет иттифоқидан ажратиб олишга интилган, 1926 йилдан Германия фойдасига жосуслик қилган, 1936 йилдан Ҳамро Абдуллаев бошлиқ Гестапонинг Бухородаги террорчилик гуруҳига кирган ва Ўзбекистон ҳукуматига қарши террорчилик ҳаракати содир этишга тайёргарлик кўрган каби айбловлар билан қарор чиқаради.

1938 йил 31 январь санаси билан имзоланган сўроқ баённомасида Неъмат Нарзулла: мен ҳеч қачон жосус бўлмаганман, ҳеч кимдан ҳеч қандай вазифа олган эмасман, деб имзо чекади. Лекин, худди шу сана билан имзоланган иккинчи сўроқ баённомасида эса: “Озод Туркистон”нинг немис махфий полицияси Гестапога хизмат қилиши, уни Усмон Омонов калбаса ясовчи олмон Курт Вилли билан таништиргани, Ҳамро Абдуллаев 10 та ҳужжатни Тошкентга Кивам Кирамга махфий маълумот сифатида йўллагани, бироқ маълумот нима ҳақида эканлигидан хабари бўлмаганини “ёзади”.

1938 йилнинг 22 сентябрь куни ЎзССР ИИХК ҳузуридаги мудҳиш “учлик” томонидан Неъмат Нарзуллаев иши кўриб чиқилиб, унинг мол мулки мусодара этилди ва ўзини отиб ташлашга ҳукм қилинди. 1938 йил 23 октябрда ҳеч бир айби исбот этилмаганлигига қарамай у Самарқандда отиб ташланди.

1989 йил 16 октябрида унинг иши қайта кўрилди ва сталинча қатағон сиёсатининг беайб жабрдийдаларидан деб тан олинди. Афсуски, бу хушхабарни етказиш учун унинг бирорта қариндоши қолмаган эди. Неъмат Нарзуллаевдан авлодларга ягона сурат ва бир неча сарғайган қоғозлар қолди холос.

 

БАҲРОМ ИРЗАЕВ
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг