Садир Жапаров: «Биз барча порахўрларни қусдирамиз»

0
306
Фото: AFP

Садир Жапаров: «Биз барча порахўрларни қусдирамиз» – Қирғизистоннинг янги Бош вазири ва муваққат президенти миллиардлаб доллар маблағларни давлат ғазнасига қайтармоқчи.

Садир Жапаров Би-би-сининг Қирғиз хизматига эксклюзив интервью берди.

Дастлабки савол куни-кеча Қирғизистонда катта янгиликка айланган Давлат божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Раимбек Матраимовнинг ҳибсга олиниши ва озод этилиши тўғрисида бўлди.

(Суҳбатнинг тўлиқ шакли Би-би-си Қирғиз хизматининг YouTube каналига қўйилган).

Садир Жапаров: Ҳурматли одамлар, менга ишониб, мени шу лавозимга тайинладингиз, энди эса менга охиригача ишониб, қўллаб-қувватланглар. Раимбек Матраимов бўйича қарорни мен қабул қилдим. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари уни «ҳибсга оламан», деб айтди. Раимбек Матраимов исм-шарифини ўзгартириб, бошқа паспорт билан Дубайга кетишга ҳозирланаётган экан. У ҳибсга олингандан кейин, менга қўнғироқ қилиб, хабардор қилишди. Тўхтаб туринглар, етти ўлчаб бир кесайлик, дедим.

Чунки икки йил аввал Алмазбек Атамбаевни қамадинглар. Раимбек Матраимовдан уч баробар бой, миллиардлари бор, бир тийин тўлаттирдингизми?

Икки йилдан буён давлат ҳисобидан боқаяпмиз. Қубанч Қулматовни ҳибсга олдинглар. Раимбек Матраимовдан икки баробар бой, давлатга икки тийин тўлаттирдингизми? Йўқ! Уни ҳам давлат ҳисобидан боқаяпмиз.

Худди шундай, Албек Ибраимов, Сапар Исаков ТЭЦ бўйича, Эшматов, Тошматов ва бошқалар ҳақида гапиришади. Шуларнинг биронтасидан давлат хазинасига бир тийин тўлаттирдингизми?

Йўқ! Мен бошқа йўл билан кетаяман. Менинг иш услубим бошқача. Биз буни етти ўлчаб, бир кесаяпмиз. Масалан, биз Раимбек Матраимовни ҳозир олиб келиб, беш сонияда қамаб қўя оламиз. У тўрт девор ичида ётади.

Аммо бир тийин қайтармайди. Ахир у ҳибсга олингандан кейин ҳисоб рақамлари ёпилади. Бошқача қилиб айтганда, биз уни қусдира олмаймиз.

Суд жараёни бир неча йил давом этади. Агар биз ҳозир уни ҳибсга олиб, кейин ишни тергов қилмоқчи бўлсак, мол-мулкини мусодара қилмоқчи бўлсак, келинг, унда бир уйини ёки машинасини, яна бир объектини олайлик.

Бироқ улар 24 миллион эмас, 2 миллионга ҳам этмайди. Шунинг учун нафақат Раимбек Матраимов, балки барча порахўрлар қусишини истайман. Биз қусдириш йўл билан борамиз.

Агар у бундай қилмаса, ҳибсга олинади. Кеча ҳибсга олингандан сўнг дарҳол у 80 миллион сўм тўлади. Тергов идоралари билан ҳамкорлик қиладиган бўлди.

Ноябрь охиригача 2 млрд сўм тўкади. Бу энди бошланиши, ҳали тўлиқ ўрганилмаган. Ташиев иш бошлаганига атиги уч кун бўлди. Уч кун ичида ушлаб келди. Мени ҳам ишлай бошлаганимга уч кун бўлди. Ҳали бирон нарса бўлмай туриб, ваҳима қилиб, «улар илгари гаплашишган», «кейин қўйиб юборишди», деган сўзларни тўхтатиб, аксинча халқ, журналистлар бизга ёрдам берсангиз.

Агар, жамоатчилик талаб қилса, уни дарҳол ҳибсга олиш мумкин. Аммо ундан қандай фойда бўлади? Биз бюджетга пул тўлаттирайлик-да. Камомад йил охиригача 30 миллиард сўмдан ошиқ экан. Биз пенсия, нафақа, иш ҳаққини тўлашимиз керак. Қисқаси, биз бюджетдаги бўшлиқни тўлдиришимиз лозим.

Qirg'iziston

Би-би-си: 2 миллиард сўмни тўлайдиган бўлди, деяпсиз. Агар бундан ҳам кўп миқдордаги пули бўлса, у қанча?

Садир Жапаров: Иш ҳали бошланмаган. Биз шунчаки ушладик. Агар у Дубайга кетганида, биз уни йиллар давомида қидирган бўлардик. Дубай билан экстрадиция шартномаси йўқлиги сабаб, биз уни қайтариб олиб келолмасдик. Ҳозир қанчаси қочиб юрибди. Беш-ўн йил қочиб юрган одамлар бор. Аввалги ҳукумат кимнидир ушлаб келиб, бир тийин тўлата олдими? Йўқ! Биз радикал қадамларга бормай, етти ўлчаб бир кесиб, давлат ва халққа фойда келтирадиган йўлдан борайлик. Охир-оқибат, тергов ишлари олиб борилади, кейин иш судга ўтади ва қарор чиқаради.

Би-би-си: Сиз бўлажак парламент ва президентлик сайловларида иштирок этиш бўйича ҳали аниқ қарор қабул қилмаганингизни айтгансиз. Ҳозир қандай қарорга келдингиз?

Садир Жапаров: Агар қонун рухсат берса, мен иштирок этаман. Амалдаги Конституцияга мувофиқ, қатнаша олмайман. Биз Жўғўрқу Кенгашга Конституциянинг янги лойиҳасини юбораяпмиз. Жўғўрқу Кенгаш бир ой ичида кўриб чиқиб, қарор қабул қилса, уни халққа тақдим этмоқчимиз. Аввал ҳам турли таклифлар бўлган.

Бундан аввал мен парламентда биз ушбу қонунлар билан сайловда иштирок этишимиз кераклигини айтганман. Барча сиёсий кучлар билан муросага келиб, вариантларни кўриб чиқиб ва Қирғизистон манфаатлари йўлида бир йўналишда ҳаракат қилиш тўғрисида дастлабки келишувга эришилган. Энди, агар ўша қонун қабул қилинса, қарор қабул қиламиз. Мен ҳали қарор қабул қилмадим.

Би-би-си: Сиз парламент ва президент сайловларини холис ва адолатли ўтказишга ваъда бераяпсиз. Қандай аниқ қадамлар билан иш қилмоқчисиз?

Садир Жапаров: Биз ўттиз йил ичида учинчи инқилобни бошдан кечирмоқдамиз. Ушбу инқилоблар нопок сайловлардан келиб чиқди. Биринчиси «Олға Қирғизистон» партиясидан кетди, иккинчиси ҳам президент сайловларини имкон қадар тезроқ ўтказилиши ортидан ва энди учинчиси бу бўлаяпти. Менинг мақсадим – сайловларни қандай бўлмасин, хоҳ бюллетен ёки электрон қути орқали бўлсин, тоза ўтказиш.

Мен Марказий Сайлов Комиссиясига блокчейн тизимини жорий этишни буюрдим. Бунга 25 миллион доллар атрофида пул сарфланар экан. Бу пулни ҳам топаяпмиз. Биз блокчейн тизимини жорий қиламиз. Балки яқинлашиб келаётган сайловларга улгуриб қолармиз. Агар улгурмасак, уни сайловдан кейин албатта киритамиз. Блокчейн тизимида махфийлик ҳимоя қилинади.

Боткенда овоз берсангиз, у дарҳол чиқади. Агар у ўғирланган бўлса, тўртта марказнинг учтаси уни тўсиб қўяди. Бундай тизимда овозларни сохталаштириш мумкин эмас. Биз бундай тизимни ўрнатамиз. Бу вақт талаб қилади, лекин мен уни ўрнатиб кетаман. Шунда сайлов билан боғлиқ муаммолар бўлмайди. Нопок ўтмиш муаммоси йўқолади.

Би-би-си: (Раимбек Матраимов эса, Қирғизистондаги ноқонуний товар алмашуви (контрабанда), ҳамда пул ювиш ва порахўрлик бўйича журналистик суриштирувларда гумонланаётган шахс сифатида танилган).

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг