bakiroo: Банан раво кўрилмаган ўзбекистонликлар ҳақида

0
974
Очиқ манбалардан олинган фото

Макаренко ўзбекистонликлар собиқ совет ўлкалари орасида энг кам – жон бошига йилига 700 грамм банан ейишидан ҳайратланмоқда.

Менимча ҳайратланишга асло ўрин йўқ. Ўзбекистонликлар нафақат энг кам банан ейишади, балки дунёдаги энг қиммат бананни ҳам ейишади. Бананни тўқлар ўзига раво кўриши инобатга олинса, миллионлаб ўзбекистонликлар умуман банан истеъмол қилмаслигини ўзингизга тасаввур этишингиз мумкин.

Ваҳоланки, банан энг қашшоқ мамлакатларда ҳам энг имконли мева, арзонлигидан ҳайвонларни боқишда ҳам фойдаланилади. Ўзбекистонда четга чиққан одам борки, билади, исталган давлатда банан Ўзбекистондан фоизга эмас, каррасига арзон!

Масалан, мен биринчи марта 20 ёшимда банан еганман. Ундаям меҳмонга борганда.

Нега шундай?

Келинг, сизларга бир бўлган воқеани айтиб берай.

2018 йилда мутлақо тасодифга кўра ҳукумат аъзолари иштирокидаги йиғилишда бошқа бир одамнинг ўрнига қатнашиб қолдим. Йиғилиш жуда кўплаб ўзбек чиновниклари йиғинларида бўлгани каби ҳамма нарса ҳақида ҳамма нарса муҳокамаси тарзида ўтди.

Чунки ўзбек чиновниги ҳамма нарсани билишга ва бошқаришга ҳамиша даъво қилади. Қўполроқ айтганда, масалан, нотўловларга ёки ташқи савдога бағишланган йиғилиш пахта-ғаллага ҳам уланиб кетиши мумкин.

Қисқаси, гарчи бошқа масалада йиғилинган бўлсада, ўша кунги мавзулардан бири импортни қисқартириш бўлди. Ҳамма танийдиган ҳукумат вакили импорт қилинадиган ва унинг наздида валюта беҳуда сарфланаётган товарларни санай бошлади.

Бананга келганда ярим соат чайналди. Эмишки, банан ва тропик мевалар биз ўзбекистонликларга умуман кераги йўқ, чунки ўзимизнинг мевалар халқимизга кифоя қиларкан. Ва ўша жойнинг ўзида топшириқ берди: Керак бўлса бананга 200% бож ўрнатиш керак, лекин ҳозирги репутациямизга тўғри келмайди, ақллилар ёзишни бошлашади, шунинг учун имкон борича нотариф чекловларни кўпайтиринглар, санитария, карантин хизмати бананни имкони борига кўпроқ ушлаб турсин. Божхона муаммоларини топсин. Қидирса ҳаммасидан айб топса бўлади.

Шу одам ҳалиям ҳукуматда, олдинги даврда ҳам ҳукуматда бўлган. Яна кўп вақт ҳукуматда бўлади. Ишончим комилки, шу одамнинг уйидан ҳеч қачон банан ва умуман тропик мевалар узилмайди ва узилмаган ҳам. Лекин у оддий ўзбекистонликларга арзон ва имконли бананни раво кўрмайди.

Дарвоқе, сиз авакадо еганмисиз? Мен 40 ёшга етиб едим авакадони.

 

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг