Модарихон ва Чор Минор ёхуд аёллар шарафига бунёд этилган маърифат ўчоқлари

0
316
Фото Бахром Ирзаев томонидан тақдим этилди

XX асрнинг бошларида Бухорода 250 дан зиёд мадраса мавжуд бўлган. Шулардан бири 1566— 67 йилларда Абдуллахон томонидан онаси шарафига бунёд этилган Модарихон мадрасасидир. XVI аср меъморчилик анъаналарини ўзида ифодаловчи бу ёдгорлик Абдуллахон мадрасаси қаршисида жойлашган.

Иккаласи Қўш мадраса мажмуасини ташкил қилади. Мадраса улкан пештоқ, миёнсарой, дарсхона, масжид ва ҳовли атрофида икки қаватли қилиб қурилган айвонли ҳужралардан иборат. Хоналарнинг ҳар бирида эшик ва унинг тепасида ганчкори панжара мавжуд бўлган.

Кўҳна Бухоронинг меъморий жавоҳирларидан яна бири Чор минор мадрасаси бўлиб, Лаби Ҳовузнинг ортида жойлашган. Бу мадраса бадавлат туркман савдогари Халифа Ниёзқули томонидан бунёд этилган. Унинг қурилган санаси мадраса пештоқидаги катобада 1807 йил деб кўрсатилган бўлса-да, архив ҳужжатларига қараганда, бино ХVII асрдаёқ мавжуд бўлган.

Айтишларича, Халифа Ниёзқули ўз мадрасасини тўртта гўзал қизи шарафига тўрт минора билан зеб беришни буюрган. Дарвозахона қурилишидаги мураккаб ечим эса ҳинд меъморларининг қурилиш услубларига асосланган. Мазкур иншоот билан XVI асрда Ҳиндистоннинг Ҳайдарабод шаҳрида бунёд этилган Чор минор масжиди ўртасида айрим муштаракликлар мавжуд. Яъни, Чор минорнинг ўзига хос томони шундаки, унинг қурилишида аралаш услублар қўлланган.

Миноралари мавжуд бош бино – бу масжид. У ўзининг ноодатий тузилишига қарамай, масжид учун лозим бўлган доимий безаклар ва барча қурилиш талабларига жавоб беради. У кундалик беш вақт намоз учун хизмат қилган. Гумбаз остидаги зал зикрхона вазифасини бажарган, шунингдек, унда сўфийлар ўзларининг анъанавий зикр маросимларини ўтказганлар.

Залда қўшиқ ва чолғу созлари учун ҳам жойлар мавжуд бўлган. Чор минор атрофини ўраб турган бир қаватли кўплаб ҳужралар талабалар учун ётоқхона вазифасини бажарган. Мадраса минораларининг тепа қисми гумбаз шаклида якунланган бўлиб, улар сиркори кошинлар билан безатилган.

Ҳар бир миноранинг безак услуби турлича шаклларга эга бўлиб, ундаги бадиий безаклар диний-фалсафий тафаккур билан боғлиқ. Айтишларича, уларда ислом, христианлик, иудейлик ва буддавийлик ибодат анъаналари билан боғлиқ айрим тасвирий унсурлар ўз ифодасини топган.

1920 йил 2 сентябрда Бухорода “халқ инқилоби” ғалаба қозонди. Асрлар давомида табиат зарбаларига дош берган тарихий бинолар шўро жаҳонгирлари томонидан ердан ва осмондан тўпга тутилди. Бухоро ҳукумати раҳбари Файзулла Хўжаев қадимий ёдгорликларни сақлаб қолиш мақсадида муқаддас қадамжолар, масжид ва мадрасаларни Вақф ишлари бошқармаси назоратига топширди.

Бироқ, БХСР тугатилгач, Вақф бошқармасига қараган барча масжид, мадрасалар вилоят ижроқўми томонидан турли муассасаларга ижарага берила бошлади. 1925 йил октябрда дастлаб, Модарихон ва Абдуллахон мадрасалари рус мактаби учун, Девонбеги мадрасаси меҳмонхона учун, Арк, Регистонлар эса бозор ва чойхоналарга ижарага берилди.

Кўп ўтмай Модарихон мадрасасидан мактаб чиқарилиб, ўрнига турли миллатларга мансуб оилалар жойлашди. 1940 йилга келиб унинг кошинкор ғиштлари ҳам бир четидан ташиб кетила бошлади.

Мадрасанинг айрим ҳужралари ахлатхона ва ювиндилар ташланадиган жойга, бошқаларида эса яшовчилар томонидан товуқ, қуён, хатто чўчқалар боқилар эди.

Модарихон мадрасаси 1960 йилда давлат томонидан муҳофазага олинди ва унда яшаётган оилалар бошқа жойга кўчирилди. Шундан сўнг мадраса биноси туристлар учун саёҳат маршрутига киритилади. 1997— 1998 йилларда мадраса тўла таъмирланиб, кўҳна Бухоро кўркига кўрк қўшди.

Бахром Ирзаев

Чор Минор мадрасаси ҳам 1940 йил Бухоро асори-атиқалар қўмитаси (Бухкомстарис) томонидан йилига 942 сўм тўлаш шарти билан 5 йилга тикув цехига ижарага берилган. 1960 йилга келиб, оддий аҳоли яшаш жойи бўлиб қолган Чор-Минор мадрасаси ҳукумат муҳофазасига олинади ва унда яшовчи оилаларга алоҳида уй берилади.

Бахром Ирзаев

Мадраса туристик маршрутга киритилди. Бироқ, кўп йиллар тарихий иншоот муҳофазасига ҳеч ким қайғурмагани туфайли унинг қаердан сув кириб чиқиши маҳфий бўлган ҳовузи кўмиб юборилган, қадимий тутлари қирқилган, ҳужралари аллақачон вайрон бўлиб кетган эди. Фақат мамлакатимиз истиқлолни қўлга киритганидан кейингина бу бинонинг ҳам қадимий таровати тикланди.

БАҲРОМ ИРЗАЕВ
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг