Самарқанд бунёдкорининг илм даргоҳи – Улуғбек мадрасаси

0
241
Бахром Ирзаев фотоси

Соҳибқирон Амир Темурнинг набираси Муҳаммад Тарағай (1394 — 1449) буюк ўзбек астрономи, математик, тарихчи, шоир, мусиқашунос аллома ва давлат арбобидир.

Улуғбек туғилганлиги хушхабари етказилганида Соҳибқирон хурсандлигидан Мордин қалъаси қамалини тўхтатиб, унинг халқига юкланган тўловни бекор қилганди. Унинг дунёга келишиёқ инсонларга омонлик, халққа хотиржамлик бахш этган эди.

У бутун ҳаётини илму фан ривожи, халқнинг фароғати ва элнинг осойишталиги учун бахш этди. Улуғбек даврида Бибихоним масжиди, Амир Темур мақбараси, Шоҳизинда ва Регистон мажмуалари қурилишлари поёнига етказилди.

Мамлакатда ҳунармандчилик, меъморлик, адабиёт, умуман илм-фан юксалди, савдо тараққий этди. Бундан ташқари, ўлкада кўплаб жамоат иншоотлари, карвон-сарой, тим, чорсу, ҳаммомлар бунёд этилган.

У Бухорода, Самарқандда, Ғиждувонда мадрасалар, Марвда хайрия муассасалари қурди. Мадрасаларда диний фанлар билан бирга дунёвий фанлар ҳам ўқитилди, кўпроқ аниқ фанларга аҳамият берилди.

Улуғбек Туркистон халқлари илм-фани ва маданиятини ўрта аср шароитида дунё фанининг энг юқори поғонасига олиб чиқди. Унинг қилган энг буюк иши Самарқандда ўша давр академиясини барпо этганлиги бўлди. Бу илмий мактабда 200 дан ортиқ олимлар фаолият олиб бориб, улар ўз фаолиятида туркистонлик машҳур олимлар бошлаб берган илмий анъанага асосланар эди. Улуғбек Самарқанд яқинида расадхона, Самарқандда иккита мадраса барпо қилган. Бошқа йирик олимлар қаторида Улуғбекнинг ўзи ҳам бу мадрасаларнинг ҳар бирида ҳафтада бир маротаба маъруза ўқиган.

Улуғбек мадрасаси Регистон ансамблининг ғарбида 1417— 22 йилларда бунёд этилган. Улуғбек мадрасаси меъморий шакли, тузилиши жиҳатидан Ўрта Осиё меъморлигида шу турдаги бинолар орасида энг мукаммал юксак санъат намунаси ҳисобланади.

Икки қаватли, тўғри тўртбурчак тарҳли бинонинг бош тарзи майдонга қараган. Маҳобатли пештоқ мужассамотида кенг тоқили равоқ, равоқ тепасидаги юлдузли осмон акс этган қанот безаклари ўзига хосдир. Пештоғи, гулдастаси ва ташқи деворларида гирих нақшининг турли бетакрор намуналари акс этган. Мовий ва кўк кошин ҳамда сопол ғиштлар воситасида геометрик нақшлар билан безатилган девор сатҳи ёзувлар билан ўзаро уйғунлашиб, кўзга яққол ташланиб туради.

Ҳовли атрофи икки қаватли ҳужралар (48 та) билан ўралган, ҳар бир ҳужра қазноқ, ётоқхона, умумий хонадан иборат. Мадрасанинг тўрт томонини дарсхона ва айвон эгаллаган. Масжид ва ташқи тўрт бурчагида тўртта баланд минора бор. Хонақоҳ ва ҳужралар ичкариси куфий ва сулс ёзувлари, нақшин безаклар билан пардозланган.

Чор Россияси мустамлакачилиги даврида узоқ вақт таъмир кўрмаган, большевикларнинг варварча муносабатларидан азият кўрган мадраса XX асрнинг 20-йилларида ярим вайрона ҳолига келиб қолган эди. 1922 йил 3 сентябрда Ўрта Осиё асори-атиқалар қўмитаси раиси Д.И.Нечкин советлар мамлакатининг олий мансабдори В.В.Куйбишев номига хат йўллаб, Самарқанд ёдгорликларининг дунёга машҳур экани, ҳатто, Париж, Америкалардан уларнинг айни кундаги аҳволи билан қизиқиб мурожаатлар бўлаётганига тўхталади. Бу обидалар нафақат мусулмон анъаналари, балки дунёвий қадриятлар экани ва улар кун сайин йўқолиб бораётганини ёзади. Бироқ, бу мурожаат жавобсиз қолдирилди.

Бахром Ирзаев фотоси

1925 йил 24 май куни Вяткин раислигида ўтган мажлисда Улуғбек мадрасаси бош мавзу бўлди. Улуғбек минорасини тўғрилаш учун Уста Абдуқодир Боқиев тажрибаларидан фойдаланишга келишилди. Самарқанд вилояти ижроқўм раиси Улуғбек минорасининг оғиб қолган ҳолати атрофида яшовчи аҳоли ва биноларга жиддий хавф солаётганини айтиб, минорани тўғрилаш ёки умуман бузиб ташлаш масаласини қўяди. Натижада 1932 йилга келиб, Улуғбек мадрасасининг шимолий-шарқий минораси қисман таъмирланди. 1936 йил мадрасанинг вайрон бўлган иккинчи қавати, қийшайган гулдастаси, деворларидаги кўчиб кетган безаклар кайта тикланди.

Бироқ, унинг ҳужралари ва Марказий зали Самарқанддаги Ўзбекистон тарихий музейига омбор сифатида топширилди. Томи мустаҳкам ёпилмагани учун томчи ўтиб, кошинлар умуман ёдгорлик яна тезлда яроқсизлана борди.

1939 йил Самкомстарис Улуғбек мадрасасининг бир нечта ҳужрасини фотография уйига йиллик 3300 сўмга ижарага берди. 1940 йил Улуғбек мадрасаси жанубий портали таъмирланиб, динга қарши музей ташкил этилди.

1948 йилдан Улуғбек мадрасасидан яна Ўзбекистон фанлар академиясининг омбори сифатида фойдаланила бошлади. 1960 йилга келиб Улуғбек мадрасаси биноси ижарачи ташкилотлар ва аҳолига уй-жой қуриш идораси омбори вазифаларидан озод этилди.

Москвадан техника фанлари номзоди Э.М.Гендель чақирилиб, 1965 йилда Улуғбек мадрасасининг қийшайган минораси ўз ҳолига келтирилди. Мазкур хизмати учун Э.М.Гендель Ўзбекистон раҳбари Ш.Рашидов томонидан тақдирланди.

Бахром Ирзаев фотоси

Темурийлар даври меъморчилигининг ёрқин намунаси бўлган обиданинг бугунги тароватини яратишда халқимизнинг ажойиб фарзандлари А.Умаров, М.Сайфиев, Ш.Ғафуров, Қ.Жалилов, И.Шермуҳамедов, А.Қулиев каби қўлигул уста меъморларнинг хизматлари беқиёсдир.

Баҳром Ирзаев
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг