Руҳобод – дилларга ором бағишловчи маскан

0
319
Руҳобод мақбараси

Шайх Бурҳониддин Соғаржий Самарқанд яқинидаги қадимий Соғарж қишлоғида таваллуд топган. У халифалар ичида ўзининг одиллиги билан ном қозонган ҳазрати Умар ибн Ҳаттоб (р.а., 582-644)нинг авлодларидан эди. Исломий илмларда юксак мартабага эришган Шайх Бурҳониддин, ҳажга бориб, узоқ йиллар Маккаи мукаррамада имом-хатиб вазифасида фаолият юритган. Бироқ, Соғаржий Самарқанд шаҳрида дафн этилишини каромат қилиб, “ушбу ердан бир хушбўй ҳид келадир ки, гўё менинг тупроғимни шу ердан олгандирлар”, дер эканлар.

Амир Темур салтанатининг дастлабки даврида Самарқанд шаҳрини обод этиш, ҳаракатни тартибга солиш мақсадида марказий Шоҳроҳ-шоҳ кўчасини очиш, кенгайтириш йўлида улкан қурулишларни бошлаб юборади. Шу вақтда юзага келган очиқ майдонда Соҳибқирон Амир Темур руҳоний пирларидан бўлган Бурҳониддин Соғаржийнинг қадимий қабри устига маҳобатли мақбара тиклаган ва мақбара таъминоти учун махсус вақф ажратган эди. Мақбарада Шайх Бурҳониддиннинг ўғиллари Шайхзода Исомиддин ва Шайх Абу Саидларнинг ва бошқа номаълум қабр-даҳмалар ҳам бор. Мақбара чорсихона, устидаги 8 қиррали пойгумбаз ва оддий гумбаздан иборат. Ташқи томондан авлиё қабрига туташ девор сиркори сопол билан пештоқ шаклида ҳошияланган. Ичкарида ҳамон ўша вақтдаги айрим нақшин безак қолдиқлари сақланган. Аҳоли мазкур авлиёга алоҳида ихлос ва эҳтиром билдириб, мақбара ва у билан боғлиқ масканни “Руҳобод” деб атаганлар.

Темурийлар ва сўнгги даврларда ўзаро урушлар, иқтисодий таназзул натижасида Самарқанд шаҳри ўзининг аввалги тароватини йўқотди. Аммо, Амир Темур томонидан бунёд этилган бу баланд гумбазлик мақбара ва қадимий “Мўйи муборак” масжиди ва хонақоҳ кейинги замонларда ҳам ҳар доим халқ эътиборида бўлган. Жумладан, XIX асрда Бухоро амири томонидан мақбаранинг ўймакор безакли кириш эшиги, мақбарага боғлаб мадраса, масжид ва минора қурилган эди.

1868 йил Россия империяси истилосидан сўнг қадим Самарқанднинг меъморий ёдгорликлари аҳволи янада оғир ҳолга тушди. Уларга тегишли вақфлар давлат томонидан тортиб олинди ва ҳар йили ўтказиладиган таъмирлаш ишлари тўхтаб қолади. Тарихий биноларни асраш масаласида давлат томонидан пул ажратиш ваъдаси қоғозда қолиб кетди. Умуман, Россия империяси ўзининг ярим асрлик ҳукмронлиги давомида Самарқанддаги барча тарихий бинолар учун бор йўғи 20000 сўмга яқин пул ажратган. 1907 йил 8 октябрдаги ер қимирлашидан сўнг Самарқанддаги деярли барча тарихий обидалар жиддий зарарланди. Бироқ, чор ҳукумати 6 та энг муҳим тарихий ёдгорликни таъмирлаш учун атиги 2589 сўм миқдорида пул ажратади. Бу пул ҳам вақфлардан тушадиган даромад ҳисобидан олинган ва у иншоотларгача етиб ҳам бормади. Аммо, сайёҳлар, оддий одамлар, табиатнинг ёзу қиши натижасида муҳофазасиз қолган бинолар, уларнинг тенгсиз кошинлари, асори атиқалар тезлик билан йўқолиб кета бошлади. Ҳовузлар тўлди. Иншоотлар пойдеворига зарар етказмаслик учун қурилган уларнинг қадимий сувни қочириш тизимлари ишдан чиқди. Обидаларни таъмирлаш ишини биладиган моҳир усталар ҳам йил сайин камайиб борди.

Большевиклар ҳокимиятни қўлга олиш жараёнида тарихий ёдгорликларга нисбатан, айниқса, варварларча муносабатда бўлдилар. 1920 йил июндан таркибида Вяткин ва Кастаньелар бўлган ҳайъат қарори билан Руҳобод ҳудудида археологик қазишмалар ўтказишга киришилди. Маҳбуслардан иборат текин ишчилар кучи билан шошилинч ва пала-партиш археологик “қазишма”лардан сўнг Руҳобод деярли ярим вайрона ҳолига келиб қолди.

Шўролар ҳукуматининг динга қарши кураши авж олдирилиши билан аввалига, бу ерда ишлайдиган диндорлар, маҳаллий аҳоли ҳайдаб чиқарилди. Қисқа муддатда қадимий тут дарахтлари кесилди, ҳовуз тўлди, мавзе харобазорга айланди. Дастлаб, масжид тортиб олинди ва унга чемодан цех келиб ўрнашди.Руҳобод мадрасаси ҳужраларига аввалига турли миллатларга мансуб ишчилар оилалари келиб жойлашдилар. Улар айрим ҳужраларни ахлатхонага айлантирди, бошқаларида товуқ ва чўчқалар боқишар эди. Руҳобод мақбараси Кинап заводи ҳудудида қолиб кетди. Руҳобод мақбараси кинап заводи омборига айлантирилиб, ёнғин натижасида мақбарасининг қадимий ўймакори эшиклари ёниб кетганди.

Мадраса ҳужраларидан аҳоли кўчирилгач, ўрнига қурилиш ташкилоти кўчиб келиб жойлашади. 1960 йилларнинг бошида қурилиш ташкилоти чиқарилганида энди мадрасадан ҳеч нарса қолмаган эди. Қадимий мадрасаўрни аҳолига уй жой қуришга бўлиб берилди. Руҳобод масжидидан эса тўқимачилик фабрикаси сифатида фойдаланишарди. Унинг беназир нақшинкор кошинлари аллақачон тўкилиб кетган эди.1970 йилнинг иккинчи ярмидан масжид артел маданият уйига берилди. Мусулмонлар худонинг уйи деб ардоқлайдиган маскан рақс ва ичкилик марказига айлантирилди. Фақатгина совет давлати умрининг сўнгги йилларига келиб, халқаро ЮНЕСКО ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказиладиган Самарқанд шаҳрининг 2500 йиллик юбилейи муносабати билангина Руҳобод масканида айрим таъмирлаш ишлари ўтказилган эди.

Шукрлар бўлсинки, мамлакатимиз истиқлолни қўлга киритиши билан Руҳобод мажмуаси ўзининг қадимий тароватини тиклади, масжид аҳолига қайтарилди.Айниқса, Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги юбилейи муносабати билан бутун мавзе ободонлаштирилди. Ҳозирда бу маскан кўҳна Самарқанднинг энг сўлим ошёнларидан бирига айлантирилган.

Халикова Моҳигул Ҳалимджановна

Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва

адабиёти университети Таржима назарияси

ва амалиёти факультети, 2 – курс магистранти

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг