Белоруссия ҳукумати “конститутсиявий тузумни ағдаришга урингани” учун Тихановскаяни қидирувга берди

0
124
Фото: REUTERS/Michele Tantussi

Белоруссия ҳукумати ўзининг мухолифи бўлган Светлана Тихановскаяни қидирувдагилар рўйхатига киргазди. Ҳукумат Тихановскаяни “мамлакатдаги конститутсион тузумни ағдаришга қаратилган чақириқлари” учун айбламоқда. Бу ҳақда 16 октябр куни Белоруссия Ички ишлар вазирлиги маълум қилган.

Лукашенконинг асосий мухолифи Светлана Тихановская 9 август куни бўлиб ўтган сайловлардан кейин юзага келган нотинчликлар сабаб Белоруссияни тарк этиб, қўшни мамлакат Литвага йўл олди. Тихановская шу пайтгача бир неча мамлакат раҳбарлари билан учрашди. У Белоруссияни 26 йилдан бери бошқараётган Лукашенкодан ҳукуматни тарк этишни талаб қилмоқда.

Бундан олдин Россия ҳам Тихановскаяни ўзининг қидирувдаги шахслар рўйхатига киритганди. Россия Ички ишлар вазирлиги бу ҳолатни Россия ва Белоруссия аъзоси бўлган ҳудудий иттифоқ қоидаларидан келиб амалга оширилганлиги билан изоҳлаган.

Россиянинг РИА Новости ахборот агентлиги берган маълумотларга кўра, қувғинда юрган Тихановская Белоруссия томонидан қўлга олиниб, айбдор деб топилса, у беш йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

“Тихановскаянинг қидирувга берилиши ҳеч кимни ажаблантирмайди. Белоруссиянинг амалдаги ҳукумати ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолишининг ҳеч қандай қонуний асослари мавжуд эмас” дейди Тихановскаянинг матбуот котиби Анна Красулина.

Белоруссияда 9 август кунидан ҳозиргача 13 мингдан ортиқ намойишчилар ҳибсга олинди. Уларнинг бир қанчаси кейинчалик қўйиб юборилган. Лукашенконинг мухолифлари айни пайтда ё қамоқда ўтирибди, ёки ўз хавфсизлигини ўйлаб чет элга чиқиб кетган.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг