Қирғизистон: «Худо ва халқ олдида менинг виждоним тоза» – парламент Жээнбеков истеъфосини қабул қилди (видео)

0
175
Фото: www.bbc.com

Қирғизистон: «Худо ва халқ олдида менинг виждоним тоза» – парламент Жээнбеков истеъфосини қабул қилди. Кеча, пайшанба куни расман истеъфо берган собиқ президент Жўғурқу Кенгашда чиқиш қилди. Парламент пойтахт Бишкекдаги фавқулодда ҳолат режимини ҳам бекор қилди.

Президент Сооронбай Жээнбеков депутатларга мурожаат қилиб, 6 октябр воқеаларидан сўнг, мамлакатни ҳуқуқий давлатга қайтариш учун барча саъй-ҳаракатларини қилганини урғулаган.

У фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситаларининг фаолиятини алоҳида қайд этган, Бишкекни қўриқлаган милиционерларга миннатдорчилик билдирган.

Собиқ давлат раҳбари Россия, Қозоғистон, АҚШ ва Британияга давлат тақдирига бефарқ бўлмагани учун ташаккур айтган.

Prezident Jeenbekov
СУРАТ МАНБАСИ,OFFICIAL

Шунингдек, собиқ президент Сооронбай Жээнбеков нутқида халқдан кечирим сўраб, ўзи билан бирга ишлаган барчага миннатдорчилик билдирди.

«Менинг олдимда жуда кўп вазифалар бор эди. Хусусан, Қирғизистон-Хитой темир йўлининг қурилиши. Биз ушбу йўналишда ишладик, лойиҳа амалга оширила бошлади. Ушбу йўл бизга ҳаводек керак ва мен лойиҳа тўлиқ амалга оширилишини истайман. Халқдан кечирим сўрайман», – деган Сооронбай Жээнбеков.

«Мамлакат учун қийин бўлган пайтда мен вазиятни тиклаш учун ҳамма нарсани қилишга ҳаракат қилдим. Мен учун ҳар бир ватандошнинг ҳаёти ва соғлиғи азиздир. Мен кетишга қарор қилдим. Жамият бу қарорни ҳар хил қабул қилди, тўғрими ёки йўқми, бунга вақт ва тарих баҳо беради. Худо ва халқ олдида менинг виждоним тоза», – дея урғулаган Сооронбай Жээнбеков.

Собиқ президент барча тўплаган тажрибаларини халққа хизмат қилиш учун ишлатишини ният қилганлигини қўшимча қилган.

Шунингдек, халқнинг бирлиги, ҳар бир инсон ҳаёти, лавозимдан кўра қадрлироқ эканлигини таъкидлаган.

У янги ҳукуматга муваффақиятлар тилаб, Қирғизистон учун зарур бўлган Хитойни боғлайдиган темир йўл қурилиши бўйича ишлар бошланганини айтиб, уни муваффақиятли амалга оширишга чақирди.

Prezident Jeenbekov
СУРАТ МАНБАСИ,OFFICIAL

Парламент депутатлари Сооронбай Жээнбековга уч йиллик президентлик фаолияти учун миннатдорчилик билдирган.

Халқ вакиллари Сооронбай Жээнбеков мамлакат ривожига катта ҳисса қўшганини таъкидлаган.

«Ватан олдидаги хизматингиз бебаҳодир. Сизнинг сахийлигингиз туфайли биз барқарорликни сақлаб қолдик. Сооронбай Жээнбеков экс-президентнинг барча имтиёзларини сақлаб қолиши керак «, – деган парламент спикери Қанат Исаев.

Шундан сўнг, парламент Сооронбай Жээнбеков истеъфосини қабул қилган ва президент Жўғўрқу Кенгаш мажлисини тарк этган. Депутатлар уни қарсаклар билан кузатиб боришган.

Спикер

Prezident Jeenbekov
СУРАТ МАНБАСИ,OFFICIAL

Депутатлар йиғинда президент вазифасини вақтинчалик ким бажариши масаласини муҳокама қилишмаган.

Кеча, президент истеъфога чиқишини эълон қилгандан кейин, қонун бўйича президент вазифасини вақтинчалик бажарувчи парламент спикери Қанат Исаев ҳам бу лавозимидан бош тортган.

У бу ҳақда бугун, 16 октябрь кунги Жўғўрқу Кенгашнинг навбатдан ташқари сессиясида маълум қилди.

«Мен президент вазифасини бажаришдан расман бош тортаман. Яқинда парламеннинг иш муддати тугайди, шунинг учун мен президент ваколатларини амалга ошириш имконсиз деб биламан», деган Қанат Исаев.

«Қирғизистон конституциясининг 68-моддаси, 1-қисмида: «Президент ваколатлари муддатидан илгари тугатилган тақдирда, унинг ваколатлари янги президент сайлангунга қадар Жўғўрқу Кенгаш спикери томонидан амалга оширилади ёки Бош вазир вазифасини бажарувчи томонидан» дея ёзилган парламент сайтида.

Икки кун аввал Бош вазир этиб сайланган Садир Жапаров, кеча ҳукумат уйи олидида йиғилган тарафдорларига, президент ваколатларини ҳам ўзи бажаришини маълум қилган. Бироқ буни ҳукумат матбуот хизмати расман тасдиқламаган.

Янги сайловлар

Bishkek
СУРАТ МАНБАСИ,COURTESY

Қирғизистонда такрорий парламент ва президент сайловлари тахминан 20 декабрь ва 17 январда ўтказилиши мумкин.

Бу ҳақда Mарказий сайлов комиссияси раисаси Нуржан Шайлдабекова 16 октябрь куни давлат қароргоҳида маълум қилган.

У такрорий парламент сайловини ўтказиш муддати бир ой ичида аниқланиб, икки ой ичида сайлов ўтказилиши, президентлик сайлови эса, 90 кун ичида ўтказилиши кераклигини урғулаган.

«Марказий сайлов комиссияси 6 октябрь куни бўлиб ўтган сайлов натижаларини бекор қилди, шунга асосан 6 ноябрга қадар такрорий парламент сайловлари муддати аниқланиши керак», дейди Нуржан Шайлдабекова.

«Биз парламент сайловини тахминан 20 декабрь, президентлик сайловини эса тахминан 17 январга тайинлаб, ўтказмоқчимиз», – дейди расмий.

Бишкек

Bishkek
СУРАТ МАНБАСИ,COURTESY

Парламент пойтахт Бишкекдаги фавқулодда ҳолат режимини ҳам бекор қилди.

Бугун «Ала-Арча» давлат қароргоҳида парламентнинг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтмоқда.

Сессияда 76 депутат иштирок этаяпти.

Халқ депутатлари Бишкекдаги фавқулодда ҳолатни бекор қилиш масаласини кун тартибига киргизиб, уни бекор қилишга қарор қилдилар.

Пойтахтда фавқулодда ҳолат 5 ва 6 октябрь кунлари Бишкекда бўлиб ўтган тартибсизликлар ортидан жорий қилинган, уч кунлик тартиб яқинда расман 19 октябрга қадар қилиб узайтирилганди.

14 октябрь

Қирғизистон: Президент Жээнбеков истеъфо берди – у қон тўкмоқчи эмас

Prezident Jeenbekov
СУРАТ МАНБАСИ,OFFICIAL

Қирғизистон: Президент Жээнбеков истеъфо берди – Қирғизистон тарихида ўз фуқароларининг қонини тўкиб, ўқ узган президент сифатида қолишни истамаслигини айтди. Унга кўра, мамлакатда, хусусан, Бишкекда вазият кескинлигича қолмоқда. Абдулла Арипов Садир Жапаровни Бош вазир этиб тайинлангани билан расман табриклади.

Ўзбекистон Бош вазири қирғизистонлик янги ҳамкасбига ўз табригини йўллади.

Президент Сооронбай Жээнбеков бугун қирғиз халқига мамлакатдаги мавжуд ижтимоий-сиёсий вазият муносабати билан мурожаат қилиб, истеъфо берганини маълум қилди:

«Кеча Жўғўрқу Кенгаш ҳукумат таркибини тасдиқлади, мен тегишли лавозимларга тайинлаш тўғрисидаги фармонларини имзоладим. Аммо бу кескинликни юмшата олмади. Афсуски, тажовуз сусаймаяпти, зудлик билан истеъфога чиқиш талаби давом этмоқда. Ҳозирги вазият икки томонлама зиддиятга яқин «, – дейди Сооронбай Жээнбеков.

Унинг таъкидлашича, бир томондан – намойишчилар, бошқа томондан – ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари…

«Ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари давлат қароргоҳини ҳимоя қилиш учун қурол ишлатишга мажбурдирлар. Бундай ҳолда қон тўкилади, бу муқаррар. Иккала томонни ҳам провокацияларга берилмасликка чақираман. Мен учун Қирғизистонда тинчлик, мамлакат яхлитлиги, халқимизнинг бирлиги ва жамиятдаги осойишталик ҳамма нарсадан устундир. Мен учун ҳар бир ватандошимнинг ҳаётидан азизроқ нарса йўқ», – деб айтган Жээнбеков.

«Мен ҳокимиятни ушлаб турмаяпман. Мен Қирғизистон тарихида ўз фуқароларининг қонини тўкиб, ўқ узган Президент сифатида қолишни истамайман. Шунинг учун мен истеъфога чиқишга қарор қилдим», – дея ўз мурожаатини якунлаган эндиликда собиқ президент.

Bishkek
 СУРАТ МАНБАСИ,COURTESY

У Бош вазир Садир Жапаров ва бошқа сиёсатчиларни ўз тарафдорларини мамлакат пойтахтидан олиб чиқиб, бишкекликларга тинч ҳаётни қайтаришга даъват этди.

Кеча, чоршанба куни Бош вазирликка тайинлаган Садир Жапаров президент билан учрашиб, уни берган ваъдасига мувофиқ, истъефога чиқиши кераклигини айтган.

Бироқ президент билан Бош вазир бир тўхтамга кела олишмаган.

Бугун эрталабдан Бишкек четидаги «Иссиқ Кўл» мехмонхонаси қаршисида Садир Жапаровнинг мингдан ортиқ тарафдорлари йиғилишган, яна президент Сooрoнбай Жээнбеков истеъфосини талаб қилишган.

Кеча, кечга яқин айни шу ерда амалдаги президентни қўллаб, юзга яқин одам тўпланган, Сooрoнбай Жээнбеков қудратда қолиши кераклигини айтишганди.

14 октябрь куни парламент депутатлари Бош вазир ва ҳукумат таркибини тасдиқлагандан сўнг, президент Сооронбай Жээнбеков «Қирғизистон Республикаси Бош вазири ва ҳукумат аъзоларини тайинлаш тўғрисида» ги фармонни имзолаган ва кечга яқин Жўғўрқу Кенгаш спикери Қанат Исаев билан Бош вазир Садир Жапаров билан учрашган.

Давлат раҳбари уларни ўз лавозимларига тайинланганликлари билан табриклаб, ишларида муваффақиятлар тилаган, уларнинг фаолияти конструктив бўлиб, жамият ва мамлакатга фойда келтиришига умид билдирган.

Президентнинг таъкидлашича, бугунги кунда республикада коронавирус пандемиясининг иккинчи тўлқини, шунингдек, куз-қиш иситиш мавсумига тайёргарликнинг долзарб масалалари турибди.

Шунингдек, у қисқа муддатли режаларни ишлаб чиқиш билан бир қаторда мамлакатни ривожлантиришнинг узоқ муддатли дастурлари, жумладан, иқтисодиётни тиклаш, инвестицияларни жалб қилиш, давлатларнинг ижтимоий мажбуриятлари ва шу каби бошқа дастурларни ишлаб чиқиш зарурлигини урғулаганди.

Муваққат президентлик вазифаси, Қирғизистон конституциясига кўра, 13 октябрь куни парламент спикери этиб сайланган Қанат Исаевга ўтиши керак бўлган.

Пойтахт Бишкекдан ҳозиргина олинаётган хабарларга кўра, янги сайланган спикер мамлакатдаги мавжуд вазият ва амалдаги парламент ваколатининг тез орада поёнига етишини айтиб, муваққат президентликни бажаришдан воз кечган.

Мамлакат Бош қонунига мувофиқ, энди бу масъулият ҳам Қирғизистоннинг янги сайланган Бош вазири Садир Жапаровга ўтади.

Хабарларга кўра, Садир Жапаровнинг тарафдорлари президент истеъфосидан кейин ҳам ўз намойишларини давом этдиришган, парламентни тарқатиш ва янги сайланган спикернинг кетишини ҳам талаб этишган.

Шу соатларда Садир Жапаровнинг муваққат президентлик ўзига ўтганини айтиб, тарафдорлари қаршисида чиқиш қилгани ҳам айтилмоқда.

Аммо бу хабарлар ҳалича парламент ва ҳукумат матбуот хизмати томонидан расман тасдиқланмаган.

Жорий пайтда мамлакатда ҳам парламент ва ҳам муддатидан илгари президент сайлови санасини тайин этиш хусусида муҳокамалар давом этмоқда, аммо бу хусусда ҳалича бир тўхтамга келинмаган.

Пойтахт Бишкекда ҳали-ҳануз фавқулодда ҳолат режими амалда.

14 октябрь

Oq uy
СУРАТ МАНБАСИ,REUTERS

Республикада юз бераётган сиёсий ўзгаришлар юзасидан Америка, Россия билан қатор халқаро ташкилотлар ҳам баёнотлар билан чиқишмоқда.

Америка Қўшма Штатлари Қирғизистондаги конституцион тузум хавфсизлигидан хавотирда эканини билдириб, кеча, 13 октябрь куни Бишкекдаги элчихонаси орқали баёнот тарқатди.

Унда Қирғизистондаги мавжуд тузумга нисбатан таҳдидлар мавжуд экани ҳақида сўз боради.

«Қўшма Штатлар Қирғиз Республикасидаги тинч ва демократик ўзгаришларни қўллаб-қувватлайди. Демократик жараённинг тўсиқларидан бири бу уюшган жиноий гуруҳларнинг сиёсат ва сайловларга таъсир ўтказишга уринишлари эканлиги аниқ. 4 октябрь куни бўлиб ўтган сайловларда овозларни сотиб олиш, 9 октябрь куни «Ала-Тоо» майдонидаги зўравонлик ва қўрқитиш, 10 октябрь куни бўлиб ўтган парламент мажлисидаги қонунбузарликлар шундан далолат беради», дейилади баёнотда.

Bayonot
СУРАТ МАНБАСИ,OFFICIAL

Шунингдек,баёнотда Қўшма Штатлар президент Жээнбеков, сиёсий раҳбарлар, фуқаролик жамияти ва ҳуқуқшунос олимларнинг мамлакатдаги сиёсий тузумни конституциявий тузумга қайтариш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаши ёзилган.

«Фуқаролар ва уларнинг раҳбарлари уюшган жиноятчилик ва сиёсатдаги порахўрлик оқибатлари билан курашишда давом этишлари керак. Асосий мақсад Қирғизистон Конституцияси ва қонун устуворлигини амалга ошириш бўлиши лозим. Қўшма Штатлар қирғиз халқини қўллаб-қувватлайди ва Қирғизистоннинг барча қўшнилари ва халқаро шерикларини давлатнинг суверенитетини ҳурмат қилишга чақиради. Чунки қирғиз халқи ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун зўравонликсиз ва мустақил равишда иш олиб бормоқда», дея таъкидланади баёнотда.

Президент Россия вакили билан учрашди

Rossiya vakili
СУРАТ МАНБАСИ,OFFICIAL

Президент Сооронбай Жээнбеков 13 октябрь куни Бишкекда Россия президенти Владимир Путиннинг маъмурияти раҳбари муовини Дмитрий Козак билан учрашган.

Расмий маълумотга кўра, мамлакатда юз берган ижтимоий-сиёсий инқирознинг биринчи кунларидан бошлаб Сооронбай Жээнбеков Владимир Путин билан бир неча бор телефон орқали суҳбатлашган.

Шунингдек, Қирғизистон ва Россия стратегик шериклар ва КХШТ, ЕАУ, МДҲ ва ШҲТ (ОДКБ, ЕАЭС, СНГ ва ШОС) аъзолари эканлиги таъкидланади.

Президентнинг веб-сайтида ёзилишича, Россия томони Қирғизистондаги мавжуд вазият бошланганидан бери ўз хавотирларини билдирган ва вазиятни ҳал қилишда ёрдам беришни таклиф қилган.

Россия президенти Владимир Путин номидан келган Дмитрий Козак билан учрашувда Садир Жапаров ҳам қатнашган.

Бироқ учрашувда айнан нималар муҳокама қилингани очиқланмаяпти.

БМТ баёноти

BMT
СУРАТ МАНБАСИ,OFFICIAL

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбековни Қирғизистондаги конституциявий президент сифатида тан олади.

Бу ҳақда БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Наталья Герман Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков билан бўлиб ўтган телефон суҳбатида маълум қилган.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, БМТ вакили ушбу ташкилот Қирғизистоннинг ишончли ҳамкори бўлганлиги ва бундан кейин ҳам шундай бўлишини таъкидлаб, мамлакатдаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга чақирган.

Шунингдек, Наталья Герман президент қонунлар асосида ва барча сиёсий кучларнинг кўмаги билан тўғри қарорлар қабул қилишига умид қилишини айтган.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Қирғизистондаги воқеаларни диққат билан кузатаётгани ва инқироздан чиқиш йўлини топишга, янги парламент сайловларини ўтказишга ва иқтисодиётни энг қисқа вақт ичида барқарорлаштиришга ёрдам беришга тайёрлигини таъкидлаган.

Европа Иттифоқи баёноти

Куни-кеча Европа Иттифоқи ҳам амалдаги президент Сооронбай Жээнбеков ҳокимиятини Қирғизистондаги ягона қонуний институт сифатида тан олишини маълум қилган.

«Европа Иттифоқи Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбековни ягона конституциявий ҳокимият, шунингдек, мамлакатдаги қонуний институт сифатида тан олади. Европа Иттифоқи унинг раҳбариятига, шунингдек, Қирғизистондаги барқарорликка тинч мулоқот орқали эришилишига ишонади», – дейди Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар бўйича Олий комиссари Жозеп Боррел ёйинлаган баёнотида.

Европа Иттифоқи ҳам республикада вазиятни барқарорлаштириш учун президент Жээнбековнинг етарли ресурслари бор, деб ҳисоблайди ва такрорий парламент сайловларига кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирган.

Роза Ўтунбаева: Президент истъефо бермаслиги керак

Sobiq prezident

Республикада вазият ёмонлашиб, давлат сиёсий инқирозга юз тутар экан, собиқ президент Роза Ўтунбаева амалдаги давлат раҳбари Сооронбай Жээнбеков билан учрашиб, мамлакатдаги вазиятни муҳокама қилган.

Унинг фикрича, президент бундай қийин вазиятда истъефога чиқишга ҳаққи йўқ.

«Мен унга ҳозир кетолмаслигини айтдим. Нафақат ахлоқий сабабларга кўра, балки биринчи навбатда Сооронбай Жээнбеков ўз халқига ваъда бериб, республика, давлат ва қирғиз халқига хизмат қилишга қасамёд қилгани учун. У ҳаммамиз учун, мамлакат учун темирдай ишончли қалқон бўлиши керак», – деган собиқ раҳбар махаллий матбуотга берган интервьюсида.

Роза Ўтунбаева, шунингдек, президент республикани ҳуқуқий соҳага қайтариш ҳақидаги ваъдасини бажариши кераклигини таъкидлаган.

«Вазият шу қадар ўзгариб бормоқдаки, энди Сооронбай Жээнбеков бизни нафақат ҳуқуқий соҳага қайтаришга, балки, аввало, давлатни конституциявий тузумга қайтаришга мажбурдир», деган Роза Ўтунбаева.

Қирғизистондаги қатор сиёсатчи ва тахлилчилар ҳам собиқ президентни қўллаб, амалдаги президент ҳозир истъефога чиқмаслигини, аксинча, давлатнинг якдиллигини сақлаб қолиш учун ҳаракат қилиш кераклигини таъкидламоқдалар.

Президент истъефоси

Bishkek

«Адолатсиз» ўтказилган зиддиятли парламент сайлови сабаб авж олган норозилик намойишлари Оқ уйнинг ишғол қилиниши билан якун топган.

Ҳукуматнинг истеъфога кетиши ортидан, мухолифат ва намойишчилар президент импичменти ва истъефосини ҳам талаб қилишган. Бу даъватлар бугун яна бир бор Бишкекдаги намойишлар чоғида ҳам янграган.

Шунингдек, Жўғўрқу Кенгашнинг айрим депутатлари ҳам сиёсий инқирозга президент сабаб эканини урғулашиб, унга нисбатан импичмент эълон қилиш зарурлиги ёки ўз хоҳиши билан лавозимидан воз кечиши кераклигини таъкидлашган.

«Халқ инқилобидан» кейин «Бош вазир» этиб тайинланган Садир Жапаров 8 октябрда президент ўз ихтиёри билан истеъфога чиқишга тайёр эканини маълум қилган.

«Мен давлатда вазият барқарорлашиб, қонун устуворлиги ўрнатилса, барча давлат тузилмалари ва ҳукумат ҳуқуқий мақомга эга бўлгандан сўнг президент лавозимидан кетишга тайёрман», дейилади президентнинг расмий сайтида.

Бироқ, орадан ўн кун ўтган бўлса-да, депутатларнинг импичмент масаласини кўтаришгани ёки президентнинг ўз хоҳиши билан истъефосига оид баёноти ҳалича кўзга ташланмайди.

Ҳозирда президент Сооронбай Жээнбеков «Ала Арча» давлат қароргоҳида ишлаб, у ерда тегишли идора раҳбарларини қабул қилаётгани айтилмоқда.

Оқ уй жиддий шикастланган

Bishkek
СУРАТ МАНБАСИ,COURTESY

5 октябрь куни «Ала Тоо» майдонида бошланган норозилик намойишлари кечга яқин милиция билан тўқнашувга олиб келган. Бир киши вафот этиб, юздан ортиқ одам жарохатланиши ортидан, 6 октябрь тонгга яқин Оқ уй намойишчилар тарафидан ишғол қилинган.

Бинога бостириб кирган оломон бир нечта депутатлар хонасига ўт қўйишган, у ердаги техник ускуна ва иш қоғозларини сочиб, яроқсиз холга келтирган. Шунингдек, бино деворларида осилган президент Сооронбай Жээнбеков суратини ҳам оёқ-ости қилишган.

Бугунги кунда Оқ уйни таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Тартибсизликлар пайти бинога қанча зиён етказилгани маълум эмас.

Бишкек шаҳар мэриясининг маълумотига кўра, 5-6 октябрь куни юз берган тартибсизликлар натижасида дастлабки ҳисобларга кўра, зарар миқдори 210 минг долларни ташкил этади.

«Дастлабки зарар 17 миллион сўмдан ошди. 13та автобус, 16та патруль хизмати автомашинаси пачоқланган. Ала-Тоо майдонида 65 квадрат метр гранит плиталар синган ва ўғирланган, 7та Тез ёрдам машинаси зарар кўрган», дейилади мэрия матбуот хизмати баёнотида.

10 октябрь ҳолатига кўра, Қирғизистон иқтисодиёти сўнгги воқеалар сабаб 104 миллион доллардан зиёд зарар кўрган.

Шунингдек, 210 миллион долларгача бўлган йигирмадан ортиқ шартнома ва бизнес лойиҳалар бекор қилинган.

 

Манба: BBCUZBEK.COM

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг