Қирғизистон: Атамбаев, Ўзбекистон қайтарган ҳокимга нима бўлди?

0
432
Фото: REUTERS

Қирғизистон: Атамбаев, Ўзбекистон қайтарган ҳокимга нима бўлди? – Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси намойишчилар қамоқдан озод этган собиқ давлат амалдорларини ихтиёрий равишда ортга қайтиш, акс ҳолда қатъий чораларга юз тутишлари билан огоҳлантирмоқда. Қайта қўлга олинганларичи, улар қаерда?

Алмазбек Атамбаев

Олтинчи октябрь куни Бишкекда Оқ уй ишғол қилиниши ортидан, қамоқдан озод этилган собиқ президент Алмазбек Атамбаев ва унинг икки қўриқчиси 10 октябрь куни яна ҳибсга олинган.

Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси вакили Раҳат Сулаймоновнинг Би-би-сига айтишича, қўлга олинганлар, 9 октябрдаги тартибсизликларни ташкиллаштиришда айбланишмоқда.

Атамбаев «Қўй-Тошдаги» уйи яқинида махсус қуролланган кучлар ёрдамида қўлга олинган.

Унинг аёли ҳам ўғиллари билан уйидан енгил машинада чиқиб кетаётганида БТР – ҳарбий зирхли улов билан йўллари тўсилган, ўғиллари хавфсизлик идорасига олиб кетилган ва кечга яқин озод этилган.

Ундан ташқари, пойтахт Бишкекда тартибсизликлар уюштирганлик гумонди билан Атамбаевнинг тарафдорлари: «собиқ» Ички ишлар вазири Курсан Асанов, собиқ депутат Мээрбек Мискенбаев, Рустам Ибраимов, Темирлан Султанбековлар ҳам ҳибсга олинган.

Шунингдек, хавфсизлик хизмати президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Фарид Ниёзов ва собиқ депутат Равшан Жээнбековни ҳам қўлга олган, бироқ сўроқдан сўнг, кечга яқин уй қамоғига чиқарган.

ANADOLU AGENCY

9 октябрь куни собиқ президент Алмазбек Атамбаев ўзининг «Форум» корхонаси олдида митинг ўтказиб, президент Сооронбай Жээнбеков сиёсатини танқид қилган ва ўз тарафдорлари билан ҳукумат уйига юриш қилган.

Улар марказий майдонга этиб келиб, ёш фаоллар билан бирлашиб, митинг ўтказаётганларида ҳозирда янги «Бош вазир» Садир Жапаровнинг бир гуруҳ тарафдорлари келиб, уларни майдондан қувиб чиқаришган.

Тўқнашувлар натижасида айримлари жароҳат олган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги етти киши тиббий ёрдамга мурожаат қилганини тасдиқлаган.

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев ўтган йили бир неча жиноий иш бўйича ҳибсга олинган.

У жиноий гуруҳ раҳбари Азиз Батукаевни ноқонуний равишда қамоқдан озод қилиниши бўйича айбдор, деб топилиб, 11 йилу икки ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва мол-мулки давлат фойдасига мусодара этилган.

Шаҳар суди ҳукмни ўз кучида қолдирган. Ҳозирда эса унинг устидан ўтган йили юз берган Қўй-Тош можароси бўйича суд жараёнлари давом этмоқда.

Қамоққа қайтинглар

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси намойишчилар қамоқдан озод этганларни ихтиёрий равишда ортга қайтиш, акс ҳолда қатъий чораларга юз тутишлари билан огоҳлантирмоқда.

Хавфсизлик идорасининг маълумотига кўра, қамоқдан озод қилинган «Электр станциялари» очиқ хиссадорлик ташкилотининг раҳбари Салайдин Авазов 11 октябрь куни қайта қўлга олинган.

Собиқ раҳбар Бишкекдаги иссиқлик электр марказидаги порахўрлик бўйича судланиб, 11 йилу уч ойга қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Шунингдек, айни шу электр марказидаги порахўрлик иши бўйича 14 йилга ҳукм қилиниб, бироқ 6 октябрь куни қамоқдан намойишчилар озод қилган «Миллий энергохолдинг» компаниясининг собиқ раҳбари Ойбек Қалиев 12 октябрь куни қамоқхонага ўз ихтиёри билан қайтиб келган.

5 октябрь куни намойишчилар ҳукумат биносини эгаллаб олиб, қамоқдан озод этганлар орасида порахўрликда айбланган собиқ Бош вазирлар Жонтўра Сотиболдиев ва Сапар Исақовлар ҳам бор.

Ҳозир икковлоннинг қаердалиги номаълум. Уларни излаб, қўлга олиш ишлари давом этмоқда.

«Сизнинг вазиятингиз бошқа«

EPA

10 октябрь куни Бишкекдаги «Ала Арча» резиденциясида бўлиб ўтган парламент депутатларининг навбатдан ташқари йиғинида собиқ спикер Достонбек Жумабеков ҳам қамоқдан қочган сиёсатчилар ўз ўринларига қайтарилиши кераклигини айтган.

«Порахўрлик бўйича экс-президент, депутат ва Бош вазирлар қамалган. Улар бўлиб ўтган воқеалар пайтида қамоқдан озодликка чиқиб кетишди. Бу ерда тегишли идора раҳбарлари турибди, мен уларга мурожаат қиламан, суд ҳукми чиқмагунча, уларни озодликка чиқишга ҳаққи йўқ. Сабаби улар жиноят қилди. Биз қарорларимиз билан давлат хазинасига қанча зиён етказганини аниқлаб берганмиз. Шунинг асосида Бош прокурор, тегишли идоралар жиноий иш очиб, судга ўтказишган. Бироқ, улар сиёсий қарор бўлган деб, икки кун ўзларини оқлашди. Агар сиз (Бош вазир) давлат учун қайғурсангиз, уларни қайта қамоққа, терговга қайтариб, суд оқласа, озодликка чиқсин деган қарорга келишингиз керак», дея маслаҳат берган Достонбек Жумабеков.

У Бош вазирликка тайинланган Садир Жапаровнинг судлангани юзасидан ҳам ўз фикрини билдирган.

«Сизни ишингиз аниқ, давлат манфаатини ҳимоя қиламан деб юриб, 2012 йилдан бошлаб юриб…, сизни ҳам сиёсий қарорлар билан қамоққа ўтқазишган. Буни халқ билгани учун, Садир, деб айтишаяпти. Биз, 6-чақирилиш депутатлари шундай ишларга бордик. Шу нарсаларимизни кўра олмаганлар, бизга «чимкирик», деб ном қўйди. Энди сиз баҳо беришингиз керак. Нима сабабдан бундай бўлганимизни. Биз халқ манфаатини ўйлаб, порахўрларни қамоққа ўтқазиш учун шундай қарорлар қабул қилганмиз», дея оқланган собиқ спикер.

Тилек Матраимов 1 ойга қамалди

OFFICIAL

Кеча, 12 октябрь куни Ўш шаҳар суди Қорасув туманини сўнгги 8 йил давомида бошқариб келган собиқ ҳоким Тилек Матраимовни бир ой қамоққа олиш бўйича қарор чиқарган.

У Ўш шаҳар ва вилояти бўйича Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитасининг тергов изоляторида 9 ноябргача сақланади.

6 октябрь куни юз берган «ҳокимият алмашинуви» ортидан истъефога чиққан ҳоким Тилек Матраимов 7 октябрь куни Ўзбекистон чегарачилари тарафидан қўлга олинган эди.

Тилек Матраимов тансоқчиси ва жияни – акаси Искендер Матраимовнинг ўғли билан дарё орқали Ўзбекистонга ўтаётгани айтилган. Қайси дарё экани очиқланмаган.

Ўзбекистон 9 октабрь куни қирғиз томонига давлат чегарасини бузганлар – 1967 йилда туғилган Матраимов Тилек, 1989 йилда туғилган Қўчқорбаев Зиябиддинбек ва 1979 йилда туғилган Аҳмедов Махсудни топширган.

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси матбуот хизматининг хабар беришича, ушбу шахслар 2020 йилнинг 6 октябрь куни Ўзбекистон чегарачилари томонидан давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтаётганда қўлга олинган.

Хавфсизлик идораси Тилек Матраимов ва унинг ҳамроҳларига нисбатан Жиноят Кодексининг 358-моддаси: давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш фактлари бўйича жиноий иш очган.

Жорий пайтда Қирғизистон пойтахти Бишкекда узайтирилган фавқулодда ҳолат режими амалда.

Қорасув

Тилек Матраимов саккиз йилдан буён мамлакатнинг энг йирик туманларидан бири бўлган Қорасувни бошқариб келган.

У соғлиги ёмонлиги сабаб, парламент сайловлари олдидан таътилга чиққан.

Қорасув тумани Ўзбекистоннинг Андижон вилояти билан чегарадош бўлиб, ҳудудни Шархонсой канали ажратиб туради.

Расмий маълумотларга кўра, бу туманда 440 мингдан ортиқ одам яшайди. Уларнинг кўпчилиги ўзбекларни ташкил этади.

Шунингдек, Қорасув шаҳрида Фарғона водийсидаги йирик ҳисобланган «Туратали» бозори ҳам жойлашган.

Бу бозорнинг асосий ҳаридорлари ўзбекистонликлар ҳисобланади. Матраимовлар қирғиз сиёсатчилари ва амалдорларининг таъсирчан оиласидир.

Собиқ ҳоким Тилек Матраимов Қирғизистон Божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Раимбек Матраимовнинг укаси.

Уларнинг яна бир акаси Искендер Матраимов эса парламент депутати.

Бу йилги парламент сайловида Искендер Матраимов «Мекеним Қирғизистон» партиясидан қатнашиб, партия 24 фоиз овоз олган ва ҳукумат партиясидан кейин, иккинчи ўринда парламент депутатлигини қўлга киритиши керак эди.

Бироқ, норозилик намойишлари ортидан иқтидорга келган «янги ҳукумат» сабаб, Марказий сайлов комиссияси овоз беришдаги жиддий қонунбузарликларни рўкач қилиб, сайлов натижаларини бекор қилган.

Раимбек Матраимов эса, Қирғизистондаги ноқонуний товар алмашуви (контрабанда), ҳамда пул ювиш ва порахўрлик бўйича журналистик суриштирувларда гумонланаётган шахс сифатида танилган.

Орада Қорасув тумани ҳокими ўрнига мухолифат ўз вакилини тайинлаганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган, аммо маълум бўлишича, Тилек Матраимов вазифасини жорий пайтда унинг муовини Капарбек Абдиев бажараяпти.

Қирғизистон: Фавқулодда ҳолат узайтирилди, Бишкек тинчимадими?

Қирғизистон: Фавқулодда ҳолат узайтирилди, Бишкек тинчимадимипрезидент Сооронбай Жээнбеков амалда бўлган фавқулодда ҳолат режимини бекор қилмасликка қарор қилди. Янги буйруқ билан такроран киритди. Янги «Бош вазир» атрофида эса, яна келишмовчиликлар келиб чиқди.

Маълум бўлишича, бунга уч кунлик фавқулодда ҳолат режими тўғрисидаги президент буйруғининг Жўғорқу Кенгаш томонидан расман кўриб чиқилмагани сабаб бўлган.

Фавқулодда ҳолат режими қарорига оммавий тартибсизликлар ортидан келиб чиққан, одамларнинг ҳаёти ва саломатлигига таҳдид солувчи давомий зўравонликлар сабаб бўлган.

Президентнинг буйруғига асосан, янги режим бугун, 12 октябрь маҳаллий вақт билан соат кечки 20.00 дан бошлаб кучга киради. 19 октябрь эрталабки соат 07.00 га қадар давом этади.

Қирғизистон Ички ишлар вазири ўринбосари Алмазбек Ўрозалиев фавқулодда ҳолат пайтида Бишкекка комендантлик қилади.

Пойтахт Бишкекда комендантлик соати жорий этилади.

Жамоат тартиби, аҳолининг турмуш тарзини таъминлайдиган стратегик объектлар муҳофазаси учун ҳарбийлар жалб қилинади.

Кўнгилочар, спорт ва бошқа оммавий тадбирлар,шунингдек, иш ташлашлар, йиғилишлар, митинглар, кўча маршлари, намойишлар ва пикетларни ўтказиш тақиқланади.

Қирғизистондаги мустақил журналистнинг хабар беришича, бугун, душанба куни пойтахт Бишкек ва вилоятларда вазият нисбатан тинч. Норозилик намойишлари кузатилмайди.

Давлат ва xусусий идоралар ўз фаолиятини одатдагидек олиб боришмоқда.

Кўчаларда одамлар у ёки бу иш билан қаергадир шошиб кетаётгани, дўкон ва бозорлар ҳам одамлар билан анчайин гавжум экани кузатилади.

Янги «Бош вазир»

Қирғизистонда ўтган ҳафта кузатилган беш кунлик нотинчликдан сўнг парламент депутатлари шанба куни йиғилиб, янги Бош вазирни сайлашган, тайин этишган.

«Ала-Арча» давлат қароргоҳида бўлиб ўтган Жўғорқу Кенгашнинг навбатдан ташқари сессиясида Садир Жапаров Бош вазир лавозимига ягона номзод сифатида кўрсатилган.

Парламентнинг навбатдан ташқари сессиясида нутқ сўзлаган Садир Жапаров: «Президент Жээнбеков билан учрашдим, у истеъфога чиқишга ваъда берди», деган.

У, шунингдек, собиқ ҳукумат таркиби ва дастури ўзгартирилмасдан фаолият олиб боришини қўшимча қилган.

Аммо Бош вазир этиб тайинланган Садир Жапаровнинг ноқонуний сайлангани ва парламентнинг шанба кунги навбатдан ташқари йиғини ҳам қонун доирасида ўтмагани, яъни депутатлар сони оз бўлиб, кворум бўлмагани айтилмоқда.

Шунингдек, вице-спикер Аида Қасималиева ҳам йиғин пайтида, «Қирғизистон» партияси депутати тарафидан Садир Жапаров номзодини қўллаш учун ўзига нисбатан таҳдидлар бўлгани»ни маълум қилган.

«Парламент йиғинида камида 61 депутат иштирок этиши керак эди. Мен борлигимда 46 депутат ўтиришган. Олти киши ишонч қоғозини юборган. Мен ўз норозилигимни билдириш ва мажлисни легитимсизлаштириш учун чиқиб кетдим. Депутат Урмат Самаев ва унинг номини айтишдан қўрқадиган хўжайини мен сизлардан қўрқмайман. Ҳали ҳам жамоат транспортида ёлғиз юраман. Агар қизим, менинг оиламга агар бирор нарса бўлса, бу ерда нима ёзилганини эсланглар», деб Facebook саҳифасига ёзган Аида Қасималиева.

Олтинчи октябрда спикер этиб сайланган Миқтибек Абдилдаев эса, парламент йиғинида 51 депутат иштирок этиб, улардан 10 нафари ишонч қоғозларини юборганини маълум қилган.

Бош вазир Садир Жапаров 4 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловларидан кейинги намойишлар пайтида қамоқдан озод қилинган.

У жамоатчиликка «Қумтор» олтин кони билан боғлиқ муаммоларни кўтаргани билан танилган.

Садир Жапаров ким?

Getty Images

52 ёшли Садир Жапаров сиёсий фаолиятини 2005 йилда бошлаган. У ўша йили Қирғизистонда юз берган «Лола инқилоби»дан сўнг ўтказилган парламент сайловида Иссиқ-Кўл вилоятининг Туп туманидан иштирок этиб, депутат бўлган. Ушбу парламент икки йилдан сўнг тарқатиб юборилган.

2008 йилдан 2010 йилгача «Порахўрликни олдини олиш миллий агентлигининг» раҳбари бўлиб ишлаган.

2010 йилги парламент сайловларида «Ата-Журт» партияси рўйхатида қатнашган ва партия биринчи ўринни эгаллаши ортидан, Садир Жапаров яна Жўғорқу Кенгашга депутат бўлиб келган.

2013 йили бўлиб ўтган Иссиқ-Кўлдаги «Қумтор» олтин конини миллийлаштиришга чақирган норозилик намойишлари ва Бишкекдаги митингдан сўнг депутат Садир Жапаров «ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш» айблови билан ҳибсга олинган.

У билан бирга ўша пайтдаги парламент депутатлари Камчибек Ташиев ва Талант Мамитовларга ҳам айблов эълон қилинган. Уччовлон Оқ уй дарвозасини бузиб киришда айбланган. Бироқ, 2013 йилда суд депутатларни оқлаган.

Садир Жапаров 2013 йилнинг 7 октябрида Иссиқ-Кўл вилояти маркази Қоракўлда яна митинг уюштирганликда ва ўша пайтдаги ҳукуматнинг вилоят бўйича махсус вакили Эмилбек Қаптагаевни ўғирлашда қатнашганликда гумонланиб, қидирувга берилган. Шундан сўнг, сиёсатчи Қирғизистондан чиқиб кетган.

Тўрт йиллик муҳожиратдан сўнг Садир Жапаров 2017 йилнинг 25 март куни мамлакатга қайтиб келишга қарор қилган ва Қозоғистондан келиб, чегарани кесиб ўтаётганда ҳибсга олинган.

Уни кутиб олиш учун чегарага борган намойишчилар эса, милиция тарафидан тарқатиб юборилади ва бир неча киши «жамоат тартибини бузганлиги» учун ҳибсга олинган.

12 кишига «безорилик» ва «бировнинг мулкига зиён этказиш» айбловлари қўйилади.

2017 йилнинг 2 августида Бишкекдаги Первомайский туман суди Садир Жапаровни Жиноят Кодексининг 227-моддаси («ҳукумат вакилини гаровга олиш») бўйича 11 йил олти ойга озодликдан маҳрум қилган.

17 сентябрь куни Бишкек шаҳар суди ҳам биринчи инстанция ҳукмини ўз кучида қолдирган. 2018 йилнинг апрель ойида эса, Олий суд Жапаровнинг жазосини 1,5 йилга қисқартиради.

Ҳукуматнинг Иссиқ-Кўл вилоятидаги собиқ махсус вакили Эмилбек Қаптагаев мунтазам равишда Жапаров ишини кўриб чиқаётган судларда қатнашиб, унинг фойдасига гувоҳлик берган.

«Айбланувчи Садир Жапаровнинг ушбу ишда айбдорлигини исботловчи далиллар йўқ. Мен буни биринчи суд мажлисидан бери айтиб келаяпман. Бир гуруҳ одамларни битта модда бўйича ҳукм қилиш мумкин эмас. Менимча, бу сиёсий буюртма», – деган Эмилбек Қаптагаев.

Садир Жапаров ҳибсга олинган пайтда ўз жонига қасд қилган. Унинг тарафдорлари буни сиёсий таъқиб деб аташиб, адолатли суд қарорини талаб қилишган.

Қирғизистоннинг янги «Бош вазири» этиб сайланиши ортидан, унга қўйилган айбловларнинг нима бўлгани ҳозирча маълум эмас.

Тарихча ўрнида

Қирғизистондаги мавжуд вазиятга 4 октябрь кунги зиддиятли парламент сайлови сабаб бўлган.

Дастлабки сайлов натижалари 16 партиядан бор-йўғи ҳукуматга яқин тўрттасининг Жўғорқу Кенгашга ўтганига далолат қилган.

Қолган мухолифат партиялари «сохталаштирилгани»ни айтиб, сайлов натижасини тан олишдан бош тортишган.

Қирғизистон бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетган.

Пойтахт Бишкекдаги тинч намойишлар бир куннинг ўзида зўравонликларга айланиб кетган, алал-оқибат парламент-президент маъмурияти, давлат хавфсизлик миллий қўмитаси биноларининг ишғол этилиши билан якун топган.

Милиция билан тўқнашувларда юзлаб одам яраланган, бир киши қурбон бўлган.

Бунинг ортидан, Қирғизистон Бош вазири ва парламент спикерининг истеъфо берганига оид хабарлар олинган.

Мухолифат лидерлари уларнинг ўрнига ўз вакилларини тайинлашга ҳам улгуришган, аммо бу жараёнда депутатлар сони қоидага мувофиқ бўлмагани мазмунида янги тайинловларнинг қанчалик қонуний экани ҳам аллақачон норозиликларга сабаб бўлган.

Мамлакат бўйлаб оломон ҳокимияти ўрнатила бошлагани кузатилган.

Минтақада бўлган Би-би-си мухбирига кўра, одамлар ҳокимият биноларига бостириб кириб, ўз етакчиларини раис, ҳоким, вазир лавозимларига тайинлашга киришишган.

«Ҳокимлар «ағдарилиб», ҳукумат вакиллари истеъфо беришга мажбурланган».

Орада мавжуд вазиятни тартибга солиш ва қонуний йўлда ҳокимият алмашинувини таъминлаш учун мухолиф партиялар томонидан Қирғизистонда бир нечта мувофиқлаштирувчи кенгашлар тузилган.

Аммо, мухбиримиз Абдужалил Абдурасуловнинг ёзишича, уларнинг ҳар бири ўтиш даврида муваққат ҳукумат бўлишга даъво қилган.

Mуҳим ҳукумат лавозимлари юзасидан оралари қочиб қолганига оид хабарлар ҳам олинган.

Мамлакатда ҳокимият учун кураш ҳали-ҳануз тинмаган.

Президент матбуот хизматига кўра, у ҳали-ҳануз пойтахт Бишкекда.

Шу шанба куни президент Жээнбеков Бош вазир истеъфосини расман қабул қилган.

Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитасининг раҳбари, Хавфсизлик Кенгаши раҳбари ва унинг муовинини, Қуролли Кучлар раҳбарини истъефога чиқарган.

Бош вазир вазифасини вақтинчалик бажариш Алмазбек Батирбековга юклатилган.

Қолган идораларни эса, бунгача муовин бўлиб ишлаган расмийлар бошқариши айтилган.

Қирғизистон: Ҳукумат расман истеъфога кетди, Бишкек ҳануз нотинч, Атамбаев яна қўлга олинди

Янгиланди, Қирғизистон: Ҳукумат расман истеъфога кетди, Бишкек ҳануз нотинч, Атамбаев яна қўлга олинди – президент Жээнбеков Бош вазир истеъфосини расман қабул қилди. Давлат хавфсизлик миллий қўмитаси раҳбарини бўшатди. Хавфсизлик Кенгаши котибини ишдан олди. Бишкекда фавқулодда ҳолат амалда, аммо намойишлар тинмаган:

«Бишкекда ҳукумат уйи олдида намойишлар давом этмоқда. 5 октябрь куни Оқ уйни намойишчилар тарафидан ишғол этилиши ортидан, қамоқдан озод қилиниб, Бош вазир вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Садир Жапаровнинг тарафдорлари уни бу лавозимдан олинишига қарши эканини айтишмоқда.

«Бу бизнинг сўнги имкониятимиз, Садир оғамизни сайлашимиз керак, охиригача турамиз. Садир Жапаровга тўсқинлик қилишни тўхтатинглар. Аида Қасималиева сотқинликни тўхта», каби шиорларни айтиб, ҳайқириб туришибди.

Шунингдек, марказий майдонга қуролли кучлар ҳарбийлари, милиция ва хавфсизлик кучлари йиғилмоқда.

Бугун Жўғўрқу Кенгаш депутатлари тушки соат 12да навбатдан ташқари йиғин ўтказишлари маълум қилинган эди. Бироқ депутатларнинг тўлиқ келмагани сабаб, йиғин кечки соат 16:00га қолдирилган. Бироқ орадан икки соатга яқин вақт ўтса-да, депутатлар сони озлиги сабаб, йиғин бошланмаган. Йиғинга 46 депутат келган, олти нафари эса ишонч қоғозини юборган.

«Йиғинга камида 61 депутат қатнашиши керак. Кворум йўқ бўлса, унда, албатта, парламент давлат идораси қатори йўқ экани маълум бўлади», деган парламент спикери Миқтибек Абдилдаев.

Бу орада депутатлар алоҳида гуруҳ бўлиб, ўзаро вазиятни муҳокама қилаётгани айтилмоқда.

Вице-спикер, Аида Қасималиева ўзининг Facebook саҳифаси орқали уч кун аввал Бош вазир лавозимига тайинланган Садир Жапаровнинг номзодини ўзи билан биргаликда қўллаб-қувватлаган Жўғўрқу Кенгашнинг кўпчилик коалицияси депутатларига мурожаат қилган.

«Биз Садир Жапаров парламент ичидаги ва ташқарисидаги турли хил сиёсий кучларни бирлаштирадиган, ҳукумат ва мухолифат ўртасида кўприк бўладиган, келишмовчиликларни бартараф этишга ёрдам берадиган ва янги парламент сайловларини бемалол ўтказиши учун шароит яратадиган шахс бўлиб етишишига ишонган эдик. Афсуски, сўнгги бир неча кунги воқеалар шуни кўрсатдики, унинг шахсий фазилатлари ва хизматларидан қатъиназар, ҳозирги пайтда вазият шундай ривожланганки, жамиятнинг муҳим қисми уни қабул қилишдан бош тортади ва бутун мамлакатни бирлаштириш ўрнига, аксинча, бўлиниш ва келишмовчиликларни кучайтиради. Бизни бундай таваккал қилишга ҳаққимиз йўқ. Шунинг учун, ҳурматли депутатлар, мен Жўғўрқу Кенгашнинг кўпчилик коалициясига аввалги қарорини қайта кўриб чиқишни ва Қирғизистон Республикаси Бош вазири лавозимига янги номзод кўрсатишни таклиф қиламан», дейди депутат Аида Қасималиева.

Бу орада сиёсий доираларда Бош вазир лавозимига Қирғизистоннинг Россиядаги элчиси Аликбек Джекшенқуловнинг номзоди олға сурилаётгани айтилмоқда. У депутатларга холис шахс ва ҳеч қайси бир партиянинг аъзоси эмаслигиги маъқул бўлаётгандек.

Шунингдек, Бош вазир лавозимига таҳлилчи Таалат Масодиқов ва Ўш вилоятининг собиқ ҳокими Узарбек Жилқибоевлар ҳам кўрилаётгани хабар қилинмоқда.

Алмазбек Атамбаев яна қўлга олинди

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев, бугун, 10 октябрь куни, Бишкек яқинидаги Қўй Тош қишлоғидаги уйида қўлга олинган. У билан тан соқчиси Қанат Сағинбаев ва Дамир Мусакеев ҳам ушланган.

Қирғизистон Миллий Xавфсизлик Давлат хизматининг маълумотига кўра, собиқ президент ва унинг тан соқчилари 9 октябрь куни Бишкекда юз берган воқеа юзасидан «Оммавий тартибсизликларни уюштириш» бўйича очилган жиноий иш доирасида қўлга олинган.

Ҳозирда бу ишга алоқадор бошқа одамларни ҳам қўлга олиш ишлари амалга оширилмоқда.

Кеча, Бишкекдаги «Ала Тоо» марказий майдонида собиқ президент Алмазбек Атамбаев, собиқ Бош вазир Ўмурбек Бабанов раҳбарлигидаги мухолиф сиёсий кучларнинг тарафдорлари, Бош вазир вазифасини бажарувчи Садир Жапаровнинг тарафдорлари билан тўқнашган.

Мухолифат Бош вазир лавозимига ёш, билимли одамлар келиши кераклигини, Садир Жапаров эса бунга лойиқ эмаслигини иддао қилган. Қарши тараф эса, аксинча, мухолифатнинг иддаолари асоссий эканини маълум қилган.

Шундан сўнг, икки тараф бир-бирларига тош отиб, тўқнашганлар. Мухолифат вакиллари қўриқчилари ёрдамида майдонни тарк этишга мажбур бўлган. Алмазбек Атамбаев ва айрим сиёсатчиларнинг мошиналарига ўқ отилган. Бироқ халок бўлган, ёки яраланганлар бўлмаган.

Ҳукумат истъефога чиқарилди

Кеча, президент Сooрoнбай Жээнбеков Бош вазир Қубатбек Бўрўнов ва Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитасининг раҳбари, Хавфсизлик Кенгаши раҳбари ва унинг муовинини, Қуролли Кучлар раҳбарини истъефога чиқарган.

Бош вазир вазифасини вақтинчалик бажариш Алмазбек Батирбековга юклатилган.

Қолган идораларни эса, бунгача муовин бўлиб ишлаган расмийлар бошқаради.

«Халқ инқилоби» ортидан Ички Ишлар Вазирлиги раҳбарлигини эгаллаган Курсан Асанов ҳамда Xавфсизлик хизмати раҳбари Ўмурбек Суваналиевлар президент ёрлиғидан сўнг ушбу идора ходимлари тарафидан кўчага кузатиб қўйилган.

Шунингдек, президент 10 октябрдан бошлаб пойтахт Бишкекда фавқулодда ҳолат тартибини жорий этиш фармонини ҳам чиқарган.

Бишкек шаҳар кoменданти этиб Алмаз Орозалиев тайинланган. Комендант Бишкек ҳудудида барча фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун кечки соат 21.00дан, эрталабки 5.00 гача комендантлик соати ўрнатишни буюган. Пойтахт комендатура фаолиятини олиб борувчи ва унга кўмак берадиган давлат ва коммунал хизматчилари бундан мустасно.

Янгиланди, Қирғизистон: Бишкекда фавқулодда ҳолат, аммо янги тўқнашувлар бошланди. Марказий Осиё лидерлари жиддий ташвишда – қўшма баёнот билан чиқишди. Қирғизистон халқини оқилликка чақиришди. Қирғизистонда ҳокимият кимнинг қўлида қолаётгани ҳануз ноаниқ. Оломон бошқаруви юзага келаётганидан жиддий хавотирлар бор:

Қўшма баёнот Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон президентлари томонидан чиқарилган.

Ўзбекистон президентининг ҳар уч давлат раҳбарларига Қирғизистондаги вазият билан боғлиқ телефон қўнғироқларидан саноқли кун ўтиб бўй кўрсатган.

Ўзаро суҳбат чоғида барча президентлар Қирғизистондаги вазиятнинг тезда тинч ва қонуний йўлда барқарорлашувига умид қилиб қолишганди.

Шу соатларда Қирғизистон президенти Бишкекда фавқулодда ҳолат режимини эълон қилди, махсус фармонни имзолади. Энди шаҳарга қўшинлар киритилиб, блокпостлар ўрнатилади.

Маълум бўлишича, «оммавий тартибсизликлар натижасида юзага келган ҳамда одамлар ҳаёти ва саломатлигига таҳдид ва зўравонликларни келтириб чиқарган мураккаб вазият сабаб» бу каби қарорга келинган.

Фавқулодда ҳолат режими билан «ижтимоий-сиёсий вазиятни барқарорлаштириш» мақсад қилинган.

Айни пайтда пойтахтда турли сиёсий кучлар тарафдорлари ўртасида тўқнашувлар бошланган.

Бишкек марказида бир вақтнинг ўзида бир нечта митинглар давом этмоқда, унда турли сиёсий кучлар иштирок этмоқда.

Интерфакс хабарига кўра, яқинда намойишчилар томонидан қамоқдан озод қилинган собиқ президент Алмазбек Атамбоевнинг тарафдорлари пойтахтнинг марказий майдонига йиғилишган.

Шунингдек, собиқ депутат, қамоқдан озод қилинган ва айрим депутатлар томонидан Бош вазир этиб тайинланган яна бир сиёсатчи Садир Жапаровни қўллаб-қувватловчилар ҳам бор.

Бундан ташқари, Президент Жээнбековнинг тарафдорлари ва бошқа сиёсий кучлар мамлакатнинг турли шаҳарларида ўзларининг акцияларини ўтказмоқдалар.

Бишкекдаги тўқнашув пайтида Жапаров тарафдорлари Атамбаев тарафдорларига тош ва бутилкаларни улоқтиришган, шундан сўнг собиқ президент ва унинг тарафдорлари майдонни тарк этишган.

Хабарларга кўра, Атамбаевнинг энг яқин шериклари унинг ҳаётига суиқасд қилинганлиги ҳақида хабар беришган.

Шунингдек, «Ата-Мекен» партиясидан Бош вазирликка муқобил номзод бўлган 29 ёшли Тилек Тўхтагазиев касалхонада эканлиги айтилмоқда.

Фавқулодда вазият 9 октябрь куни 20:00 дан 21 октябрь 8:00 гача амал қилади.

Президент фармонига мувофиқ, Қирғизистон Ички ишлар вазири ўринбосари Алмазбек Орозалиев шаҳар коменданти этиб тайинланди.

Президент комендантлик соати жорий этди, митинглар ва бошқа оммавий тадбирларни тақиқлади ва оммавий ахборот воситалари устидан ҳам назорат ўрнатди.

Жээнбековнинг ушбу фармони ижро этилаётгани ёки мамлакат президентининг ҳарбий буйруқлари бажарилаётгани номаълум.

Aммо ТАСС мухбирининг хабар беришича, у Бишкекнинг жанубий ва ғарбий қисмларида ҳарбий хизматчилар бўлган ҳарбий юк машиналари карвонини кўрган.

Қўшма баёнот

Ўзбекистон ва Қозоғистон президентларининг расмий веб саҳифасида чоп этилган қўшма баёнот, «қардош Қирғизистонда содир бўлаётган воқеалар бизни жиддий ташвишга солмоқда», деган сўзлар билан бошланади.

«Кўп асрлик дўстлик ришталари, яхши қўшничилик, умумий маданий ва маънавий қадриятлар билан боғланган яқин қўшнилар сифатида ушбу қийин кунларда Қирғизистон халқини мамлакатда тинчликни сақлаш ва барқарорликни тиклаш учун ўзига хос бўлган доноликни намоён этишга чақириш»лари айтилади.

«Қирғизистоннинг барча сиёсий партиялари ва жамоатчилик доиралари тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, Конституция ва миллий қонунчиликка сўзсиз риоя қилиш билан юзага келган муаммоларни ҳал қилиш учун зарур бўлган саъй-ҳаракатларни амалга оширишига умид» билдирилади.

Тўрт минтақа президентининг таъкидлашича, «Қирғизистоннинг равнақи минтақавий хавфсизлик ва бутун Марказий Осиё барқарор ривожланишининг муҳим омилидир».

«Мамлакатларимизнинг ўтмиши бир, улар умумий келажакни барпо этмоқда. Марказий Осиё халқларини тарихий жиҳатдан келажак авлодлар фаровонлиги учун барқарор тинчлик, тотувлик ва бунёдкорлик истаги бирлаштиради», – дея давом этилади қўшма баёнотда.

Сўнггида эса, «Марказий Осиё бирдамлигини янада мустаҳкамлаш йўлидан борар эканлар, Қирғизистон халқини унинг ҳамжиҳатлик, тинч, мустақил тараққиёт ва фаровонлик борасидаги интилишида доимо қўллаб-қувватлашлари» таъкидланади.

Сўнгги воқеалар Қирғизистонда ўтган 15 йил ичидаги учинчи инқилоб сифатида ҳам баҳоланган.

Қирғизистондаги сўнгги инқилоб 2010 йил апрелида амалдаги президент Қурманбек Бакиевнинг ағдарилиши билан якун топган.

Шундан саноқли ойлар ўтиб, Қирғизистон жануби қонли этник низоларга саҳна бўлган.

Тўқнашувлар юзлаб одамнинг умрига зомин бўлган, халқаро ҳисоботларда улардан аксариятининг ўзбеклар экани айтилган.

Қирғизистон минтақанинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош бешта давлатидан биттаси бўлади. Ўзбекистоннинг стратегик шериги саналади.

Дунёнинг юз минглаб ўзбеклар яшовчи мамлакатларидан биттаси саналади, расмий ҳисоб-китобларда Қирғизистондаги ўзбеклар сони бир миллиондан ортиши айтилади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг сешанба, 6 октябрь кунги баёнотида, «Қирғизистонда юзага келган кескин вазият ва воқеалар ривожи ўзларида жиддий ташвиш уйғотаётгани»ни билдирган.

«Қирғизистондаги вазиятнинг мамлакат Конституцияси ва миллий қонунчилиги нормаларига мувофиқ тез орада барқарорлашувига умид қилиб қолган»ди.

Қирғизистон: Жээнбеков президентликдан кетишга тайёр, аммо шарти бор

Қирғизистон: Жээнбеков президентликдан кетишга «тайёр», аммо шарти бор – Қирғизистон президенти ўтган беш кун ичида учинчи бор халққа мурожаат билан чиқди. Ўзи учун ҳеч қандай лавозим давлат яхлитлиги, халқ бирлиги ва жамият тинчлигидан юқори эмаслигини айтди. Сооронбай Жээнбековнинг аниқ қаерда экани номаълумлигича қолмоқда.

Мамлакатда ҳокимият кимнинг қўлида қолаётгани ҳануз номаълум.

Президент Жээнбеков бугун, 9 октябрь куни яна бир бор Қирғизистон халқига мурожаат қилди.

Мамлакати қонунийлик йўлига тушиши биланоқ, Қирғизистон президенти лавозимидан истеъфога чиқишга тайёр эканини айтди.

Унинг бу гапи президент расмий веб саҳифасининг ўзида сарлавҳага чиқди.

Президент Жээнбековнинг айтишича, мамлакатдаги сиёсий вазият ўзининг ҳал қилувчи, жуда муҳим нуқтасига етган.

Қирғизистон президенти бунинг ортидан мавжуд вазиятни барқарорлаштириш учун нималар қилиниши борасида ҳам бирма-бир тўхталиб ўтган.

Жўғорқу Кенгашга сайлов натижаси бекор қилинди. Энди янги сайлов санаси тайин этилиши керак. Марказий Сайлов Комиссияси бу борада қарор қабул қилади. Бу чоралар ҳозирги сиёсий тангликни юмшатади, деб айтган қирғиз раҳбари.

Шу билан бирга, инқирозгача ишлаган Бош вазир ва ҳукумат аъзоларини истеъфога чиқариш зарурлигини айтган. Унга кўра, бу янги тайинловлар учун қонуний асос яратади.

Қирғизистон раҳбари бунинг учун Жўғорқу Кенгаш қарори ва президент фармони талаб қилинишини таъкидлаган.

Шу боис, Кенгаш қарорларини кутиши, ўзи тегишли фармонларни имзолашга тайёр эканини айтган.

Президент Жээнбеков парламент аъзолари ўз вазифаларини бажара олишлари учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Жўғорқу Кенгаш депутатларининг хавфсизлигини таъминлаши шарт эканини ҳам қўшимча қилган.

Қирғизистон раҳбарининг қайд этишича, мамлакатда амалга оширилаётган кадрлар алмашинувини қонунийлаштирмоқчи.

«Мен учун ҳеч қандай лавозим давлат яхлитлиги, халқ бирлиги ва жамият тинчлигидан юқори эмас», – деркан, «Ижро этувчи ҳокимиятнинг қонуний раҳбарлари тасдиқланиб, мамлакат қонунийлик йўлини тутгандан сўнг, Қирғизистон Республикаси Президенти лавозимини тарк этишга тайёр»лигини баён қилган.

Ўз баёноти сўнггида Қирғизистон президенти, «барча сиёсий кучларни мамлакатда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, халқ ва жамиятни парчаламасликка» чақирган.

«Қодир Худо барча сиёсий кучларга донолик ва сабр ато этиши»ни тилаб қолган.

Вазият

Қирғизистондаги мавжуд вазиятга 4 октябрь кунги зиддиятли парламент сайлови сабаб бўлган.

Дастлабки сайлов натижалари 16 партиядан бор-йўғи ҳукуматга яқин тўрттасининг Жўғорқу Кенгашга ўтганига далолат қилган.

Қолган мухолифат партиялари «сохталаштирилгани»ни айтиб, сайлов натижасини тан олишдан бош тортишган.

Қирғизистон бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетган.

Пойтахт Бишкекдаги тинч намойишлар бир куннинг ўзида зўравонликларга айланиб кетган, алал-оқибат парламент-президент маъмурияти, давлат хавфсизлик миллий қўмитаси биноларининг ишғол этилиши билан якун топган.

Милиция билан тўқнашувларда юзлаб одам яраланган, бир киши қурбон бўлган.

Бунинг ортидан, Қирғизистон Бош вазири ва парламент спикерининг истеъфо берганига оид хабарлар олинган.

Мухолифат лидерлари уларнинг ўрнига ўз вакилларини тайинлашга ҳам улгуришган, аммо бу жараёнда депутатлар сони қоидага мувофиқ бўлмагани мазмунида янги тайинловларнинг қанчалик қонуний экани ҳам аллақачон норозиликларга сабаб бўлган.

Мамлакат бўйлаб оломон ҳокимияти ўрнатила бошлагани кузатилган.

Минтақада бўлган Би-би-си мухбирига кўра, одамлар ҳокимият биноларига бостириб кириб, ўз етакчиларини раис, ҳоким, вазир лавозимларига тайинлашга киришишган.

«Ҳокимлар «ағдарилиб», ҳукумат вакиллари истеъфо беришга мажбурланган».

Ўтган уч кун ичида мавжуд вазиятни тартибга солиш ва қонуний йўлда ҳокимият алмашинувини таъминлаш учун мухолиф партиялар томонидан Қирғизистонда бир нечта мувофиқлаштирувчи кенгашлар тузилган.

Аммо, мухбиримиз Абдужалил Абдурасуловнинг ёзишича, уларнинг ҳар бири ўтиш даврида муваққат ҳукумат бўлишга даъво қилган.

Орада муҳим ҳукумат лавозимлари юзасидан оралари қочиб қолганига оид хабарлар ҳам олинган.

Мамлакатда ҳокимият учун кураш ҳали-ҳануз тинмаган.

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбековнинг аниқ қаерда экани номаълумлигича қолмоқда.

Қирғиз халқига эса, видеоалоқа орқали мурожаат қилиб келмоқда.

Президент матбуот хизматига кўра, у ҳали-ҳануз пойтахт Бишкекда.

Намойишчилар Бош вазир ва президент истеъфосини талаб қилишган.

Амалдаги парламент якшанба куни Қирғизистон президенти импичменти масаласини кўриб чиқиш учун йиғилган, аммо депутатлар сони етарлича бўлмагани боис, бунга муваффақ бўлмаган.

Қирғизистондаги сўнгги тартибсизликлар глобал коронавирус пандемияси билан бир пайтга тўғри келган, дунёнинг аксарият давлатлари иккинчи тўлқиндан хавотирда бўлган бир манзарада бўй кўрсатмоқда.

Қирғизистон жорий пайтда Қозоғистон ва Ўзбекистондан кейин минтақанинг коронавирус энг кўп тарқалган учинчи давлати бўлади.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг