Ҳиндистонда коронавирусга чалинганлар сони 7 миллиондан ошиб кетди

0
234
Фото: Reuters

Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 11 октябрь якшанба куни яна 74 383 кишининг коронавирусга чалингани ҳақида хабар қилди. Бу билан Ҳиндистонда COVID-19 ни юқтириб олганларнинг умумий сони 7 миллиондан ошиб кетди.

Шунингдек, ўтган 24 соат ичида Ҳиндистонда 918 кишининг коронавирусдан вафот этгани қайд этилган. Айни пайтда қурбонларнинг умумий сони 103 334 кишини ташкил қилмоқда.

Reuters ахборот агентлигининг ҳукуматлар бераётган статистикага асосланиб олиб бораётган ҳисоб-китобларига кўра, Ҳиндистонда касалланганлар сони 6 миллиондан 7 миллионга етиши учун атиги 13 кун кифоя қилди. Ҳозирда Ҳиндистон вирус тарқалиши бўйича дунёда фақат АҚШдан ортда қолмоқда холос. Қўшма Штатларда COVID-19 га чалинганлар сони 8 миллионга яқинлашмоқда.

Ҳиндистоннинг жанубий қисмида жойлашган Карела штатида шанба куни 11 755 кишининг коронавирусни юқтириб олгани аниқланган бўлиб, бу бутун мамлакат бўйича энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Аввалроқ, Карела штати коронавирус пандемиясини жиловлай олгани учун мақтовларга сазовор бўлганди. Шунингдек, Кареланинг қўшниси бўлган Карнатака штати ҳам ўз ҳудудида вирус тарқалишини тўхтатишда қийинчиликларга дуч келмоқда.

Ҳозирда Ҳиндистонда байрамлар мавсуми бошланиш арафасида бўлиб, октябрь ва ноябрь ойларида Дуссеҳра ва Дивали байрамлари кенг нишонланади. Бу эса ўзи шундоқ ҳам вирус тарқалишини тўхтата олмаётган ҳукумат учун яна бош оғриғи бўлиши мумкин.

“Байрам мавсуми яқинлашмоқда. Ушбу фестиваллар давомида одамларнинг кичик эътиборсизликка йўл қўйишлари ҳам вазиятни ёмонлаштириши мумкин. Сиз ўзингизнинг динингизга бўлган эътиқодингизни исботлашингиз учун катта жамоат бўлиб тўпланишингизнинг ҳожати йўқ. Агар бундай қилсангиз, биз катта муаммога дуч келамиз” дейди Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазири Ҳарш Вардҳан якшанба куни.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг