Орзуларни юксак қилинг ёхуд варрак учириш ва “оқсоч”лар мактаби хусусида айрим фикрлар

0
344
Finnie, John. Maids of All Work

Биласизми, нимага болалар баҳорда варрак учиришни хоҳлаб қолишади? Чунки варрак уларнинг орзуларига айланади. Ўзлари учолмагани ҳолда, варраклари учганидан баҳра олиб қалби, руҳи, орзулари улғаяди. Варрак баланд учгани сари уларнинг орзулари ҳам юксалиб боради. Шунинг учун болаликда варрак учирган болалар кейинчалик ҳам ўз орзулари изидан изчил борадиган, омадли инсонларга айланади.

Мен аслида бировнинг фикрини таҳлил қилишни ёки уни улоқ қилиб чопишни ёқтирмайман. Ёқламайман. Чунки, эркин ахборот майдонида ҳар ким ўз фикрини айтиш ҳуқуқига эга.

Аммо Самарқанд вилоят хокимининг “оқсоч”и масаласида ижтимоий тармоқларда айланаётган баҳсларни кузатиб, ўзимнинг айрим фикрларимни айтишни бурчим, деб билдим.

Кузатишимча, Эркинжон Турдимовнинг фикрини омматан ёмонлаш уни ёқлаётганларга нисбатан анча кўп. Кўпроқ негатив фикрлар олдинги планда турибди.

Нега?

Биринчидан, Эркинжон Турдимов гапида лингвистик хатога йўл қўйган. У ўзининг онгида гавдалантирган хизматкор, гувернантка, чўри, канизак ёки бошқа ном билан аташ мумкин бўлган касбни “оқсоч” деб атамаслиги керак эди. Чунки бу сўз тилимизда икки хил маъно беради. Биринчиси, мажозий маънода айнан хизматкор ёки чўри маъносини, иккинчиси эса соч рангини яъни сифатни билдиради. Бундан кўринадики, ўтмишда ёши ўтиб, хизматга ярамай қолган қари аёллар, бойларнинг уй ишларига ёлланганлиги учун бу сўз пайдо бўлган бўлиши мумкин.

Иккинчидан, сиёсий хатога йўл қўйган. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 октябрдаги 795-сон қарорига кўра “Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори” ишлаб чиқилган. Унга кўра ҳар бир касб ва лавозимлар рўйхати тасдиқланган. Улар орасида оқсоч, деган касб йўқ. Демак бундай касбга ўқитиш ҳам мумкин эмас. Буни вилоят ҳокимининг билмаслиги эса катта айб саналади.

Учинчидан, ҳоким ижтимоий фикрларни ўрганмаган кўринади. Ўрганганда биларди, ҳар битта камбағал одам бахтли ва бой бўлиш орзуси билан яшашини. Шунинг учун ҳамма боласини “юридический”, “нархоз”, “дипломатия”да ўқитишни истайди. Оқсочлар мактабида эмас. Сўз келганда айтиш керак, оддий “шўпир”нинг боласи кетма-кет учта вилоятга ҳоким бўлиши ҳам шундай орзулар натижаси бўлса ажаб эмас.

Тўртинчидан, ҳокимнинг фикрида социал камситиш кўзга ташланади. Халқимиз 30 йил мобайнида айнан ҳокимларнинг айби билан фаррошу фоҳиша, мискину мардикорга айланган бўлса ҳам, Совет даврида юққан ижтимоий тенглик ҳисси уларни ҳали тарк этгани йўқ. Шунинг учун, халқ айнан ҳокимлару амалдорларни ёмон кўради. Шунинг учун, ҳокимлар бир сўз айтса ҳажв кўпаяди. Зеро, ҳажв – хокимлар ва улар бошқараётган жамиятга бўлган халқ нафратининг бадиий ифодасидир.

Бешинчидан, Эркин Турдимовнинг фикрида амалдорларга хос кибр ва ўзбилармонлик сезилади. Ўзини унутиб, ўзгаларга ҳомийлик қилгандек, кўринади.

Шу ўринда Алишер Навоийдан бир мисра келтирсам:

Халойиққа кўрма қилиб бенаво,
Ўзингга раво кўрмаганни раво.

Бу ёғи «ўзингга раво кўрмаганни, ўзгага ҳам раво кўрма» деган гап ҳам бор. Энди шу хусусда айрим саволлар туғилади:

– Қайси ҳоким қизини “оқсочлар мактаби” га ўқишга беради?
– Ҳокимни оқлашга уринаётган “жолпитар”лар сиз қизингизни ўша мактабга берасизми?
– Қайси вазирнинг қизи “оқсочлар мактаби”га киради?

Эркин Турдимов ўзи яратмоқчи бўлган мактабида фақат камбағаллар ўқишини назарда тутган, албатта. Бу эса одамларнинг олий орзуларига қарши берилган зарба, социал камситишдир.

Биласизми?

Путиннинг бобоси Лениннинг ошпази бўлган.

Сапамурод Ниёзов етимхонада катта бўлган.

Нурсултан Назарбоев ўз қўйига ўзи эгалик қилаолмайдиган колхоз чўпонининг боласи.

Дунёдаги энг бой одамларнинг кўпчилиги қашшоқ оилаларнинг фарзандларидир. Рокфеллерни бир эслаб кўринг. Камбағал оилада туғилиб, 7 ёшдан ишлашга мажбур бўлган, аммо орзуларидан воз кечмаган болакай, бир куни дунёнинг энг бой одамига айланмадими?

Бундан 100 йил олдин ҳам ҳокимларимиз, бойларимиз бор эди. Ҳозир улар қани? Аллоҳ уларнинг ўз халқига қилган зулми учун қандай жазолаганини кўрмадингизми? Хону султонлар, Русияга мол ташиб бойиган, элини талаган бойлар қани? Уларнинг 90 фоизи ўзга юртларда ватангода бўлиб, айримлари эса қариганда чиндан ҳам “оқсоч” бўлиб қолмадими?

Дунё чархпалак дейишади… Бугунги ҳокимлар эртага қул, қуллар шоҳ бўлиши мумкинлиги, бу – қандайдир эҳтимол эмас, тарихий ҳақиқатдир.

Мен Эркин Турдимовнинг Сурхондарёдаги “Робин Гуд” ча ишларини кузатиб, ёқлаган эдим. Айримлар уни ўзбилармонлик ва ўзгалар фикрини синдириб ташлаш ва тадбиркорларни талашда айблаганда мен, “бойдан олиб камбағалга бераяптику” деб, оқлаган эдим. Чунки мен доим оддий халқ тарафидаман. Позициям ҳам, бўлганим ҳам шу..

“Оқсоч” ини эса оқламадим, ёқламадим.

Хулосам шуки, ҳар бир инсоннинг қадари, ниятларига кўра бўлади. Шунинг учун, ниятни каттароқ олинг. Орзуларни кўпайтиринг. Улуғ ниятлар қилинг: Болаларим олим, уламо, шоир, ёзувчи, ихтирочи, дастурчи, юрист, агроном, инженер, врач, ўқитувчи, бизнесмен бўлсин, деб дуо қилинг.

Аммо ҳоким бўлмасин. Ҳокимлар пули кўпайгач сизларни оқбилак хонимларига оқсоч қилишни хоҳлаб қолади…

Мухтасар қилдим!

АНВАР БЎРОНОВ

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг