Эллик йилда эл бўлак ёки қандай қилиб қозоёқлилар бир-бирларини танимай қолди

0
343
Фото: facebook.com

Қозоёқлилар – туркий элларнинг энг машҳур уруғларидан биридир.

Қозоёқли номи ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ, қирғиз, олтой, бошқирд, татар, қрим татар, гагауз, турк халқларининг шажараларида учрайди. Шунингдек озарбайжонларнинг “Doqquz Bitik” манбаларида ҳам “қазаяқли” уруғлари ва тамғалари ҳамда маъумотлар келтирилган.(“Doqquz Bitik” Azərbaycan türklərinin islamaqədər tarixi. 139-бет).

Ўзбеклардан бошқа ҳамма туркийлар “қозоёқли” сўзини “қазаяқли” шаклида талафффуз қилади. Аксарият туркий этимологлар “қозоёқли” сўзини бир хилда “ғоз-оёқ-ли” ёки “қаз-аяқ-ли” яъни “ғоз” ва “оёқ” сўзлари ҳамда “ли” эгалик қўшимчаси бирикувидан ҳосил бўлган, деб ҳисоблайдилар. Бу фикр ҳамма туркийларда тўғри англашилади. Чунки қадимги туркий тилда ҳам “ғоз” “қаз” шаклида ёзилгани ва талаффуз қилингани “Девони-луғатит турк”дан маълум. Қолаварса, қозоёқлиларнинг қадимий тамғаси ҳам айнан ғоз оёғига, тўғрироғи панжасига ўхшашдир.(тамға сурати пастда берилган)

Қозоёқли уруғи бошқа туркий уруғлардан кенг елкаси, этли яғринлари, бақувват оёқлари, бўлиқ бўйни ва бошининг думалоқлиги билан ажралиб туради.Танасининг ранги сарғиш тусга мойил оқ, аксар эркаклари қора сочли аммо орасида қизғиш ва малла сочлилар ҳам кўп учрайди.

Гагауз, Қрим, Кавказ, бошқирд ва татар қозоёқлилари кўпроқ сарғиш юзли, шарқий ва жанубий қозоёқлилари оқ ёки қизғиш тусли, лўппи юзли бўлади.

Дунё қозоёқлиларининг энг катта қисми турк ўлароқ ислом динини қабул қилган. Европада яшаётган, гагаузлар таркибига кирувчи қозоёқлар насронийлик дининида қолишган. Олтой ва Сибир қозоёқлилари орасида қадимги эътиқодларни сақлаб келаётганлари, жумладан тангричилик динидагилари ҳам бор.

Қозоёқлилар тафаккур даражаси юксак ривожланган этнос саналади. Шунинг учун улар орасидан илмлилар кўп чиққан. Айни сабаб билан собиқ Бухоро амирлиги ҳудудларида “қозоёқли” этнонимини “қози” сўзидан келиб чиқиб “қози+оёқли” деб таърифлаганлар ҳам йўқ эмас. Аммо бу таъриф туркий қолипларига сиғмайди, чунки “қаз”- ғоз эканлигига шубҳа йўқ. Қолаверса, “Қозоёқли” сўзи “қози” тушунчасидан анча олдинроқ пайдо бўлган ва бошқа чўмичли, кесовли, сирғали уруғларидаги каби “ли” эгалик қўшимчасини етаклаб келади.

Олтин Ўрда давридаги энг йирик беклар ва саркардалар орасида қозоёқли беклари кўп бўлган. Татар хонликлари ва Шайбонийлар даврида ҳам бу бекларнинг авлодлари сақланиб қолган ва шонли урушлардан сўнг, улар суюрғол қилиб олинган ўз мулклари яъни ерларига эга бўлганлар.

Шу сабабли бугунги кунда “қозоёқли” топоними Европадан Хитойгача, Ҳиндистондан Сибиргача бўлган бепоён ерларда энг кўп учрайдиган жой номларидан бири саналади.

Шу билан қозоёқли элига қисқача тавсифни бериб бўлдик. Энди муддаога кўчамиз.

Устоз Нурали Қобул бир “отасўз”ни айтиб қолди: Қирқ йилда қозон бошқа, эллик йилда эл бошқа, тўқсон йилда тил бошқа бўлар экан.

1996 йил эди шекилли, қозоёқли уруғидан бўлган Афғонистонлик киши билан Тошкентга поездда бирга келдим. Эслаб қолганим Термиз-Тошкент поезди Туркманистоннинг Керкиси орқали Қаршига ўтиши ҳали тўхтатилмаган эди. Меҳмоннинг исми Омонулло, касби ўқитувчи экан. Китоб олиб келиш учун Туркияга Ўзбекистон орқали кетаётган экан. Иккаламиз бир-биримизни тушуниб-тушунмай гаплашиб келдик.

Айтишича, у киши қозоёқли уруғидан бўлиб, улар асосан ўзбеклар ва туркманлар яшайдиган Жаузжон, Балх ва Қундуз вилоятларининг Амударёга яқин ҳудудларида истиқомат қилишар экан. Маълумки, Шайбонийлар даврида Ҳисорсойдаги Денов(Дайнав) жуз бегига, Термиз (кейинчалик Шерабод) эса қўнғирот беги Шералихонга суюрғол қилиб берилган. Қатағонларга эса Балх ва Қундуз суюрғол қилинган.

Қозоёқлилар алоҳида йирик туркий уруғлардан саналса-да, ўша даврларда иккига бўлиниб қолган. Денов беклигига қўним топганлар жузлар таркибига, Шерободга жойлашганлари қўнғиротлар таркибига субэтнос сифатида кирган. Аммо Афғонистон ҳудудига ўтганлари этник номини сақлаб, бошқа уруғлар таркибига кирмаган.

Шеробод беклиги даврида қозоёқлиларнинг ёвгирлиги, жангирлиги ва ўйламлилигини ҳисобга олиб, бекликнинг энг муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган нуқталаридан бири, Амударёнинг Термиз атрофидаги кечув жойлари ва бандаргоҳлари уларга ишониб топширилган.

Шу тариқа қозоёқлилар савдо ва ҳарбий карвонлар, қолаверса ҳаж йўли ва ипак йўли ўтадиган икки қирғоқни боғлаб турувчи муҳим нуқтада, энг сердаромад соҳани бошқаришларига тўғри келган. Кемалар, қайиқлар, гупсарлар уларнинг назоратида бўлган.

Шундан буён орадан қарийб олти асрга яқин вақт ўтди. Бу даврларда ҳозирги Сурхандарё ва Тожикистон ҳудудлари Ўзбек хонлари хукмронлиги остида муқим тургани ҳолда, Жанубий Туркистон аталган Афғон ерлари бу даврда тинимсиз ҳокимият ўзгаришларини бошидан кечирди.

Юртни гоҳ сафавийлар эгалласа, гоҳи бобурийлар қўлига ўтди. 1702 йилда Субҳонқулихоннинг набираси Муҳаммад Муқимхан алоҳида хонлик ҳам тузди. Аммо яна кўп ўтмай бу ерларни Дурронийлар қўлга олишди. Хатто маълум муддат Балх ерлари Хатакилар ҳокимиятига ҳам бўйсунган.

Аммо, шунчалик катта ижтимоий-сиёсий воқеларни бошидан кечирса ҳам қозоёқлилар ўз мавқеларини йўқотмаган. Ҳамма вақтларда уларга қирғоқларга эгалик қилиш ишониб топширилган. Аммо 1847 йилда Англия ва Россиянинг васийлигида Бухоро амири Насруллохон ва Афғонистон амири Дўстмуҳаммадхон ўртасида шартнома тузилгач, Амударё икки давлат ўртасидаги асосий чегара сифатида белгиланди ва бу ерларда ажнабий чегарачилар бўй кўрсата бошлади. 1917 йилги инқилобдан кейин эса алоқалар мутлақо чеклана бошланди. Ва ниҳоят, 30 йиллардан сўнг Совет ҳудудларида социализмнинг тўлиқ ғалабаси эълон қилиниб, Амударёдан ўтиш бутунлай тўхтади.

Шу тариқа қадим-қадим замонлардан буён бир қозондан ош еб келган қозоёқлилар ҳам бўзлаб қолган бўтадай икки қирғоқда қолиб кетди.

Омонулла оға билан поездда шулар ҳақида гаплашиб келаяпмиз. Ҳамон бир-биримизни тушунишимиз қийин кечаяпти. Айниқса янги пайдо бўлган сўзларни тушунтириш қийин: Бизда поезд-уларда трайн, бизда билет-уларда тикет, бизда самолёт-уларда айроплан. Оға турк тилини билар экан. Баъзи сўзларни туркчасини айтиб, англашиб оламиз.

Поезд Керкига тўхтаганда тушиб барра гўшт олиб чиқдим. Омонулло оға тушмади. Шундай тайинланган шекилли, ҳамма емак олиш учун перронга югурганда у киши қимирламай ўтираверди. Мен барра гўштни купедаги столга қўйиб, чой дамлаб келдим. Оға яна индамай ўтираверди. Мен мулозамат қилсам қорним тўқ, деб айтди. Керкининг барра гўшти сал қизариб туради. Шунга шубҳа қилдими? Ёки чўчқа гўшти, деб ўйладими?

Мен мулозаматни тўхтатмадим:

– Қўқманг ака! Ҳозир бизда ҳам чўчқа гўштига қарши кураш бошланган. Бу туркманларнинг барра гўшти. Сиз емасангиз мен ҳам емайман!

Меҳмон дастурхонга узалди. Суҳбатимиз давом этди:

– Термизлик қозоёқлиларни изламадингизми?- сўрайман оғадан гап орасида.

– Ўтган марта келганимда изламоқчи бўлдим- кулимсирайди Омонулло оға – аммо, қаерга борсам ҳамма менга қўлини бигиз қилиб, – авғон-авғон, дейди. Сўрашга ботинолмадим. Гўё ҳамма бегонадай..

– Термиз қозоёқлари аллақачон қўнғирот бўлиб кетган-дедим мен.

– Нимага унақа?

– Чунки узоқ йиллар қўнғирот беклиги тасъсирида олдинги алоҳида 92 уруғ бирлашиб кетган. Денов беклиги ҳудудида ҳам қозоёқлар жузлаштирилган, ўзларини жуз атайди. Аммо Сурхондарёдан чиқсангиз бўлди, Қашқадарё, Самарқанд… у ёғида ҳаммаси қозоёқли.

– Бизда ҳам қўнғиротлар бор. Мисол учун қўшни қишлоқ тўлиқ қўнғиротлар. Ёвқур халқ. Полвони кўп. Чобоғони кўп. Аммо биз ҳам улардан кам эмасмиз.

– Биламан- дедим мен.

Шу ўринда савол яна бергим келди.

– Мабодо бизникилар сиз томонга ўтса, бегона қилмайсизми?

– Биз томонга боришса қани, бош устига.. Ўзбекистондан келган одамларни меҳмон қиламиз албатта.

– Шўрави демайсизми?- дедим юзига тикилиб.

Омонулло оға ўйланиб қолди. Сўнг менга мийиғида кулиб қаради.

– Деймиз… Алламбало оврўпача кийим кийиб ўтади. Ғоҳи ҳарбийлар келади. Эл айтади, шурави келди дейди..

– Ўша шўрави деганингиз биронтаси қозоёқли бўлиши мумкин оға, дедим мен…

Бир-биримизни дарров тушундик. Кулиб юбордик.

Сўнг оғага яна савол бердим:

– Исмингизни нега Омонулло қўйишган, Омонуллохон шарафига эмасми?

Меҳмон ўйланиб қолди:

– Шундай деса ҳам бўлади, бироқ мендан олдин 1922 йилда туғилган тоғамнинг отини Омонуллоҳ қўйишган. Мени тоғамга ўхшасин, деб қўйишган бўлса керак.

– Эҳ, Омонуллоҳ оға-ей,-давом этдим мен. Ўша сиз билган Омонуллохон 1928 йилдаги катта йиғинда ўз хотинининг юзидан чодирини юлиб олиб, ҳамма аёллар энди паранжисини ташласин ва менинг хотинимга ўхшаб юрсин деган зот.. Бундай солиштирилса, шўравилардан унча катта фарқ қилмайди.

Бу воқеа бўлиб ўтганига ҳам чорак асрдан ошиқ вақт ўтди. Устоз Нурали Қобулнинг отасўзи ёдга солиб, Омонулло оға билан поездда бўлган учрашувни яна қайта эсладим.

Роппа роса бир аср олдин Британия ва Россия аталмиш икки империя бизнинг нафақат ерларимизни, балки эллармизни ҳам бутунлай парчалаб ташлади.

Қирқ йил ўтганда қозонимиз бошқа бўлди. Айнан шунча йилда Совет ҳукумати чўчқа гўштини, ароғу конягини дўконларда очиқ сотадиган бўлди.

Эллик йилда эл бошқа бўлди. Икки қозоёқлининг бири “шўрави” бир “авғон” аталадиган бўлди. Иккиси бир-бирини кўрса танимайдиган ҳолга келди.

Тўқсон йилда тил бошқа бўлди. Икки эл икки хил алифбода илм олиб, бир –бирини тушунмайдиган ҳолга келди. Омонулла отли оғам билан бир-биримизни зўрға тушундик.

Ажаб дунё!

АНВАР БЎРОНОВ

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг