Британия ва Канада Александр Лукашенкога нисбатан санкциялар жорий қилди

0
196
Фото: Andrei Stasevich/BelTA/Handout via REUTERS

29 сентябрь куни Британия ва Канада Белоруссия президенти Александр Лукашенко, унинг ўғли ва бошқа бир қанча амалдорларга қарши санкциялар жорий қилди.

Энди санкция рўйхатидаги шахслар бу икки мамлакатга бориш ҳуқуқидан маҳрум бўлишди ва уларнинг у ердаги мол-мулклари музлатилди. Британия ва Канада Лукашенкони сайловдаги ғирромлик ва намойишчиларга зулм ўтказганликда айблашмоқда.

Ушбу санкциялар Россиянинг яқин иттифоқдоши бўлган Белоруссияга Ғарб кучлари томонидан эълон қилинган илк катта қаршилик бўлди. Белоруссияда 9 август куни бўлиб ўтган президентлик сайловида 26 йилдан бери ҳукмронлик қилиб келаётган Лукашенко яна ғалаба қилгани эълон қилинди.

Аммо, унинг мухолифлари ушбу сайлов адолатсиз ўтганини даъво қилишди. Шундан кейин белорус халқи Лукашенкога қарши катта ҳажмдаги намойишларни бошлади ва бу намойишлар ҳалигача тингани йўқ. Ҳозиргча белорус полицияси 12 мингдан ортиқ намойишчини қамоққа олгани хабар қилинган.

Британия Ташқи ишлар вазири Доминик Раабнинг айтишича, Лукашенко “инсон ҳуқуқларини топтагани ва сайловда фирибгарлик ишлатгани” учун жавоб бериши шарт. Шунингдек, Рааб ўз нутқида Владимир Путинни ҳам тилга олиб ўтган, лекин, Британия Россия ёки унинг фуқароларига нисбатан ҳеч қандай санкциялар эълон қилмади.

“Александр Лукашенко ва Владимир Путин ушбу инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолати ва сайловдаги ғирромлик учун ҳеч ким жавобгарликка тортилмайди деб ўйлашмоқда, лекин, биз бунга йўл қўёлмаймиз” дейди Рааб.

Канада Ташқи ишлар вазири Франсуа-Филип Чампайн санкциялар ҳақида шундай деган:

“Бизнинг Белоруссия халқини қўллаб-қувватлашимиз бу жойда тўхтаб қолмайди. Бу биринчи қадамимиз холос. Биз вазият ривожига қараб ўзимизнинг халқаро шерикларимиз билан яна ҳам кўпроқ санкциялар жорий қилишни давом эттирамиз”.

Бундан олдин Литва, Латвия ва Эстония давлатлари ҳам Белоруссияга нисбатан иқтисодий чекловларни эълон қилишганди. 29 сентябрь куни Белоруссия бунга жавобан, бу давлатларнинг 300 та амалдорига нисбатан санкция жорий қилди.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг