БМТ: Луганск ва Донецкда режалаштирилган сайловлар Минск келишувларини бузади

0
1179

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, 11 ноябрь куни Украинанинг шарқида жойлашган икки мустақил шаклланган тузилма – ЛХР ва ДХР ҳудудида бўлиб ўтадиган сайловлар Минск келишувларини бузади деб ҳисоблайди. Бу ҳақда БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида, Сиёсий масалалар бўйича бош котиб ўринбосари Розмари Дикарло баёнот берди- деб хабар беради БМТ янгиликлари.

«Мен, сайловларни ўтказиш билан боғлиқ масалалар Минск келишувларида кенг қамровли ҳужжат сифатида киритилган ва музокара механизмлари доирасида кўриб чиқилишини эслатмоқчиман», деди БМТ вакили. «- Шу муносабат билан таъкидлаб ўтиш керакки, Украинада ўрнатилган конституциявий ва ҳуқуқий асосга мос келмайдиган ҳар қандай чоралар Минск келишувлари бузилган ҳисобланади».

Розмари Дикарло яна таъкидлашича, «Бош Ассамблея ва Хавфсизлик Кенгашининг қарорларига мувофиқ» ва халқаро миқёсда эътироф этилган чегаралар доирасида, БМТ Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишни талаб қилади. У барча тарафларни сиёсий ирода намойиш қилишга ва Минск келишувларининг бажарилишига содиқликни яна бир бор тасдиқлашга чақирди.

Бош котибнинг ўринбосари ўз нутқида, Украина шарқида сўнгги олти ҳафта мобайнида сулҳ тузиш режимининг бузилиши ҳоллари тез-тез ошиб бораётгани ва қурбонлар сони ортиб бораётгани хақида маълум қилди. «Фақат сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси бу можаро натижасида 20 киши ҳалок бўлганини қайд этди», деди у.

БМТнинг Фавқулодда ёрдамлар бўйича мувофиқлаштирувчиси Урсула Мюллер Хавфсизлик Кенгаши аъзоларига кўра, келгуси йилда Украина шарқидаги 3,5 миллиондан зиёд аҳолига инсонпарварлик ёрдами керак бўлади, аммо молиялалаштириш борган сайин пасайиб бораётганлигини гапириб ўтди. Бу йил Украина аҳолисига 187 миллион доллар ёрдам сўралган, аммо бу миқдорнинг учдан бир қисми қабул қилинган.

Урсула Мюллер шунингдек, Украина шарқидаги зиддият зонаси дунёдаги энг кўп миналаштирилган ҳудудлардан бири бўлиб қолаётгани ҳақида хабар қилди: бу йил 100 дан зиёд киши миналарда портлаб кетган. Шунингдек, у Шарқий Украинанинг 457 километр узунликдаги «ўзаро боғланиш линияси» га бўлинганини Кенгаш аъзоларига эслатиб ўтди. Ҳар ойда тинч аҳоли вакиллари у ерларни миллион марта кесиб ўтадилар ва доимо портлаш ёки снайпер ўқларига тушиб қолиш хавфи остида қоладилар.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг йиғилиши БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзолари бўлган бир қатор Европа давлатларининг илтимосига биноан ўтказилди. Уларнинг номидан сўзга чиққан Буюк Британиянинг БМТдаги доимий вакили Карен Пирс, Украина шарқидаги ЛХР ва ДХР ташкилотларида сайловларни қоралаб, Россияни «айирмачиларни қўллаб-қувватлашни тўхтатиш» га чақирди.

Россиянинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги Доимий вакили Василий Небензя, бу ташкилотларнинг (ЛХР ва ДХР) вакилларини Минскда имзоланган битимларнинг тарафдорлари бўлгани учун, уларни ҳам эшитишни таклиф қилди. Хусусан, у Елена Кравченкони учрашувга таклиф қилди. Россия матбуотига кўра, у «ЛХР» деб номланганнинг «МСК» га раислик қилади. Россияни бу таклифига биноан, жараён юзасидан овоз берилди ва унинг натижасига кўра,  Хавфсизлик Кенгаши аъзолари уни рад этдилар. Етти мамлакат «қарши» овоз берди, еттитаси «бетараф» ва битта «розилик» овозини берди.

Россия ва Украина ўзаро айбловлар билан алмашдилар

Россия бугунги учрашувни очиқ-ойдин брифинг шаклида ўтказишни талаб қилди. «Биз ҳамма ҳақиқатни эшитишини истаймиз, – деди Василий Небензя. Ўз нутқида у сўнгги пайтларда «террорчилик ҳужуми» ни  содир бўлгани ва унинг оқибатида ДХР бошлиғи А. Захарченко вафот этганлигини эслатиб ўтди. «Шубҳасиз, бу қотиллик минтақадаги вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган», – деди Небензя. «Украина томони унга алоқадор деб ҳисоблаш учун жиддий сабаблар бор». Россия дипломатининг сўзларига кўра, 11 ноябрда бўлиб ўтадиган сайловлар «Захарченконинг қотиллигидан кейин ҳокимият вакумини тўлдириш керак».

Донбассдаги сайловлар ноқонуний ва Минск шартномаларини бузганлиги ҳақидаги иддаоларга жавобан Небензя, Минск келишувларига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлаб, гап муниципиал сайловлар хақида кетмоқда, дея жавоб берди. «Одамлар фақат яшаши керак ҳамда Киев блокадаси шароитида ва Украина раҳбарияти томонидан куч ишлатишнинг доимий таҳдидлари билан минтақада ҳаёт фаолиятини таъминлаши керак», дея қўшимча қилди Россия элчиси.

Украинанинг БМТдаги доимий вакили Владимир Елченко, «можарони ҳал қилинишининг калитлари Москвада», деди. «Россия Федерацияси Украинанинг Конституциясини, сайловлар деб аталаётган ишлар Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятлари муайян ҳудудларида муваққат маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш районлари тўғрисидаги қонунини бузаётганлигини ва Минск келишувларининг жумлаларига ва руҳига қарши чиқаётганини яхши билади», – деди Ельченко. У Россияни «ҳарбий тажовуз ва Украина ҳудудининг бир қисмини ишғол қилиш» да айблади ва «бу сайловлар Россия томонидан қуролли тажовузнинг янги босқичи учун платформа бўлиши мумкин», дея таҳминларини гапириб ўтди.

Украинанинг доимий вакили, «Москва юборган ва тайинлаган қўғирчоқлар эмас, балки Донбасс маҳаллий жамоаларининг манфаатларини фақат қонуний сайланган шахслар ифодалайди», деб таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, агар сайловлар ЕХҲТ нормалари ва халқаро экспертларнинг назорати остида Украина қонунчилиги доирасида ўтказилса, сайловлар қонуний деб тан олиниши мумкин.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг