АҚШ Конгрессменлари Хитойнинг Шарқий Туркистон вилоятидан маҳсулотларни импорт қилишни тақиқлашга овоз беришди

0
243
Фото: Al Arabiya

22 сентябрь куни АҚШ парламентининг қуйи палатасида фаолият олиб борувчи республикачи ва демократлар Хитойнинг Шарқий Туркистон вилоятида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни импорт қилишни тақиқлаш бўйича қонунни маъқуллаб овоз беришди. Улар бу ҳаракатлари билан Шарқий Туркистонда яшовчи уйғурларни мажбурий меҳнатга жалб қилинишини тўхтатишга ваъда беришди.

АҚШдаги бизнесменларнинг қаршиликларига қарамай Шарқий Туркистондан маҳсулотлар экспортини тақиқлашга Конгрессменларнинг 406 нафари «ҳа» деб жавоб берган бўлиб, фақатгина 3 киши бунга қарши чиққан. Маълумотларга кўра, Шарқий Туркистонда 1 миллиондан ортиқ уйғурлар ва туркий тилларда сўзлашадиган бошқа мусулмонлар лагерларга ташланган.

“Даҳшатли томони шундаки, Шарқий Туркистонда мажбурий меҳнат орқали ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўпинча Америкага олиб келинади. Биз Хитой ҳукуматига шуни аниқ айтишимиз керак: Энди бу зулмлар тўхтатилиши шарт” дейди Конгресс спикери Ненси Пелоси.

Энди “Уйғурларнинг мажбурий меҳнатини олдини олиш акти” деб номланган ушбу ҳужжат кучга кириши учун у Сенат томонидан маъқулланиши керак. Бу ҳодиса 3 ноябрдаги сайловлардан олдин юз бериши мумкин.

АҚШ аллақачон қуллик йўли билан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни импорт қилишни тақиқлаб бўлган. Лекин, ушбу қонун Шарқий Туркистон иқтисодиёти мажбурий меҳнатга боғланганини таъкидлаб, бу ердан ҳеч қандай маҳсулотнинг АҚШга кириб келишига йўл қўймайди.

“Биз жим туролмаймиз. Биз мазкур золимларча олиб борилаётган ҳаракатларнинг тўхтатилишини ва Хитой ҳукуматини бунинг учун жавобгарликка тортишни талаб қилишимиз керак” дейди республикачи Крис Смит.

Шарқий Туркистон дунёдаги энг кўп пахта ишлаб чиқариладиган ҳудудлардан бири ҳисобаланади. Экспертларнинг ҳисоб-китобига кўра, АҚШга импорт қилинадиган кийим-кечакларнинг камида 20 фоизи таркибида Шарқий Туркистонда ишлаб чиқарилган пахта ипи мавжуд.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг