Ўқитувчилар қўрқоқ эмас

0
489
Фото: www.facebook.com

Аксар замондошларимиз ўқитувчиларни қўрқоқ деб билади.

Мен эса бу фикрга қўшилмайман! Чунки ўқитувчилар аслида яхши хулқли, жўмард, меҳрибон, ҳалим ва бироз эҳтиёткор бўлади.

Ўқитувчилар аввалдан жамиятнинг энг зиёли қатлами бўлиб келган, ҳозир ҳам шундай, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.

Халқ таълими тизимда ишлайдиган ўқитувчиларга келсак, уларнинг қўрқоқ номини олишига улар ишлаб келаётган тизим сабабчидир. Орада ўқитувчилар учун шундай ёмон йиллар бўлди, уларнинг дардини фақат тизимнинг ичида юрганлар билади. Ўқитувчини таламаган идора, сўкмаган раҳбар қолмади. Аммо қанча қийин бўлмасин, улар мактабни, болаларни ташлаб кетмади.

Тасаввур қилинг, бундан 15 йил аввал аҳвол қанақа эди?!. Агар бирон мактаб ўқитувчиси ҳаққини талаб қилиб президентга ёки вазирликка шикоят ёзса нима бўларди? Шу куни ўша ўқитувчи туҳмату қарғишларга кўмиларди, маломатлар гирдобида қоларди.

ХТВ тизимнинг беш зарбли болғаси бор.

Вазирликка битта ариза келса йиғилишда вазирлик биринчи зарбани бошқарма бошлиғига беради: Қаёққа қараяпсан? Нега вилоятингдан шикоят чиқади?

Изза бўлган бошқарма бошлиғи аламини (иккинчи зарбани) халқ таълими бўлими мудиридан олади: «…сени, деб Тошкентда тикка турдим, изза бўлдим. Нега туманингдан шикоят чиқади?»

ХТБ мудири учинчи зарбани кўпнинг ичида мактаб директорига беради: «… ўқитувчинг нимага шикоят қилади? Қаёққа қараяпсан?»

Эртасига бутун туманда шов-шув бошланади: «… ким экан? Қайси мактабдан? Кимни ёзибди? Нима депти?»

Тўртинчи зарба энг ёмони бўлади. “Ёзувчи” чиққан мактабга дарров текширув ташланади. Бутун мактаб алғов-далғов бўлади. Ўқув-тарбиявий йўналиш, маънавий маърифий йўналиш ағадар тўнтар қилинади: Давомат, иш режа, конспект, ўз устида ишлаш, яна бир бало ҳужжатлар ямлаб ташланади. Унинг устига СЭС, РЭС, дизинфекция ташкилотигача келиб босади. Етимхонага ўт кетса етиб боролмайдиган “пожарний”нинг вакили ҳам ўша куни ўз вақтида етиб боради.

Бешинчи зарба тўртинчидан ҳам ёмон, сочма ўқдай бўлади. “Ёзувчи” – ўқитувчига энди ҳамкасбларининг ҳамлалари бошланади:

– Э, ёзмай ўл! Тинчгина юр, шунча балони бошлаб келдинг.
– Сени, деб бўлди ҳаммаси!
– Мард бўлиб ёзган мактабни ҳимоя қилишни ҳам ўйлаши керак эди.
-………………….
-…………………

Эртасига бу иш маҳалла, хотин-қизлар қўмитаси, педкенгашларда кўрилади. Аммо бирон киши, “ўз ҳаққини ҳимоя қилиб юқори ташкилотларга ариза киритиш ҳар бир шахснинг конституцион ҳуқуқи” деб айтмайди.

Бу беш зарбли “зарба”га чидаб бериш қийин.

Шунинг учун ўқитувчига “пахта тер”, деса теради, “кўча супур” деса супуради, ойлигидан олиб қолишса индамайди.

Шунинг учун, тўғри тушунинглар Қобул Дўсовнинг ўқитувчилар фойдаси учун қилган чиқишларига ҳам лайк босмайди. Зарил кептими?

Аммо ўқитувчи қўрқоқ эмас.

Тўғри тушунинглар!!!!!!!

«Кўрганим йўқ, эшитмадим, ҳеч нарса демадим»

Мен ҳам қўрқаман!

 

Муаллиф: Анвар Бўронов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг