Жерик нима?

0
604
Ўзбек тилининг аксарият ҳудудларида, шеваларда сақланиб қолган  “жерик”  деган сўз бор. Бу сўз аслида соф туркий сўз бўлиб, қипчоқ лаҳжасидаги  “же”(е),  “жемоқ”(емоқ) ўзагидан олинган.  “Жерик” сўзи,  ич-икмоқ, кўз-икмоқ, уз-ликмоқ каби, бирон бир ҳолатга ҳаддан ташқари қарам бўлиш, унинг таъсирига тушиш ёки унга бўлган ихтиёрсиз истакни билдиради. Жерик аёлларнинг ҳомиладорлик пайтида алоҳида бир таомга бўлган ихтиёрсиз истагини англатади. Ўзбек тилида “жерик” сўзи ўрнига “бошқоронғу” сўзи ишлатилади. Аммо бу муомалада бор холос, ўзбек тилининг имло луғатида эса йўқ.

“Жерик” сўзи олтой, қирғиз, қозоқ, татар ва бошқа кўплаб тилларда ҳам бадиий адабиётда, ҳам ўзаро муомалада фаол қўлланилади. Турк тилида эса бунинг ўрнига “aşermek”  сўзи ишлатилади. 

“Жерик” сўзи ўзбек тилининг қипчоқ лаҳжасида ҳам ҳозирги кунгача қўллаб келинади. Мисол:
“Алининг аёли олмага жерик бўпти”
“Аёл жерик бўлса жеп тўймас”
“Аёлнинг жериги бўлса, ичида шериги бор”

Баъзан бадиий ижодда ҳам бу сўзни учратиб қоламиз:  “Латофат кўк помидор, умуман нордон нарса деса ўзини томдан ташлагудай аҳволда эди. Нимага жерик бўлганини эрига айтишга эса истиҳола қилиб юрганди. ”( Абдуқаюм Йўлдошев. Ким ўғри?.  Ҳикоя)

Ёки қозоқ адабиётида: “Әрқайсысынан бір асап, бәйбіше басты жерікті. Таржимаси: “ҳар қайсисидан бир ошаб,  бойбича босди жерикни” (Алпамыс батыр)

Ўзбек тили жуда бой тил. Фақат бу бойликлар шеваларда сочилиб ётибди. Уни териб хазинага қўшиш учун эса баъзан истиҳола ҳам қиламиз. Аммо бугун тилимиз биздан шижаотни талаб қилиб турибди. Шундай экан, имло луғатимизда бўш турган жойга “жерик” ни қўшиб тўлдириб қўйсак ёмон бўлмасди.

Савол: “Жерик” сўзи сизда сақланиб қолганми? Агар шундай бўлса, қайси вилоят, қайси туманда?

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг