Исроил-БАА-Баҳрайн: Иброҳим аҳдлашуви Фаластинга хиёнат, Эрон учун янги бош оғриғими?

0
223
Фото: REUTERS

Исроил-БАА-Баҳрайн: Янги тинчлик битими Фаластинга хиёнат, Эрон учун янги бош оғриғими? Битимга бош қўшган учовлон-чи, улар нималарга кўз тикишмоқда?

Исроил ва Бирлашган Араб Амирликларидан юқори мартабали делегациялар сешанба куни АҚШ воситачилигида тузилаётган тинчлик битимига Оқ уйда имзо чекди.

Баҳрайн Tашқи ишлар вазири тадбирда иштирок этиши ва Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш учун шартномага имзо чекиши кутилаётгани ҳақида ўтган ҳафта Президент Дональд Трамп эълон қилган эди.

Мана нима учун битимлар муҳим аҳамиятга эга:

1. Кўрфаз давлатлари савдо ва бошқа соҳаларда имкониятларга эга бўлади

Битим ҳарбий қудрат ва дам олиш ҳамда бизнес масканига айланган, амбицияси юқори Амирликлар учун имкониятлар эшигини очади.

Афтидан, америкаликлар БААга у аввал орзу қилиши ҳам қийин бўлган ҳарбий қуролларни ваъда қилиш эвазига битим имзоланишини қулайлаштирган. Бу қуроллар F-35 қирувчи учоғи ва EA-18G Growler электрон уруш учоғидир.

БАА ўзининг яхши қуролланган ҳарбий кучларини аллақачон Ливия ва Яманда ишлата бошлаган. Аммо унинг энг жиддий эҳтимолий душмани Эрон бўлиб, у кўрфазнинг шундайгина нариги соҳилида жойлашган, холос.

Исроил ҳам, АҚШ ҳам Эрондан ҳадиксирашда муштаракдир. Баҳрайн ҳам шу жумладан. 1959 йилгача Эрон Баҳрайнни қонунан ўз ҳудуди, деб даъво қилар эди. Баҳрайннинг сунний етакчилари мамлакат аҳолисининг аксарини ташкил қилувчи шиаларни Эроннинг бешинчи колоннаси, деб қарайди.

Ҳар икки кўрфаз давлати анчадан бери Исроил билан муносабатларини яширмай қўйган. Улар ошкора савдоларни йўлга қўйиш илинжида эди. Исроил эса дунёнинг энг ривожланган юқори технология секторларидан биридир.

Ковиддан аввалги вақтларда исроилликлар кўрфазнинг саҳролари, соҳиллари ва супермаркетларини айланишга жуда ўч эди. Бу ҳар жиҳатдан яхши бизнес.

2. Ҳудудий ихоталаниб қолган Исроил ўзини эркинроқ ҳис қилади

БАА ва Баҳрайн билан муносабатларни нормаллаштириш исроилликлар учун чинакам муваффақиятдир.

Бош вазир Бенямин Нетаняҳу яҳудий ва араблар ўртасидаги «Темир девор» ҳақидаги 1920 йилларда биринчи марта ишлаб чиқилган стратегияга қаттиқ ишонади.

Ғоя шуки, Исроилнинг қудрати алал-оқибат арабларни унинг мавжудлигини тан олишдан ўзга чоралари йўқлигига ишонтиради.

Исроилликлар Яқин Шарқда ихоталанган ҳолда яшашни ёқтиришмайди. Иордания ва Миср билан тинчлик ҳеч қачон илиқ бўлмаган. Улар босиб олинган ҳудудлардан ва Қуддусдан узоқда жойлашган кўрфаз давлатлари билан муносабатларга умид билан қарайдилар.

Эронга қарши иттифоқни кучайтириш яна бир катта ютуқдир. Нетаняҳу Эронни Исроилнинг биринчи рақамли душмани, деб билади, ҳатто баъзида Эрон етакчиларини нацистларга ҳам қиёслайди. У БАА билан эҳтимолий қурол-яроғ бўйича аввалги шикоятларини ҳам ҳозир тилга олмай турибди.

Нетаняҳу, шунингдек, қамоққа тиқилишига сабаб бўладиган даражадаги коррупция айбловлари билан маҳкамага юз тутмоқда. Унинг коронавирус пандемиясига қарши чораси аввалига яхши бошланиб, кейин муваффақиятсизликка учради. Мухолифлари унинг Қуддусдаги қароргоҳи олдида ҳафталик акциялар ўтказмоқда.

Оқ уйдаги тадбир бундан ҳам яхшироқ вақтда бўла олмас эди.

3. Доналд Трамп ташқи сиёсатдаги кескин ўзгариш билан мақтана олади

Битим АҚШ президенти учун бир неча жиҳати билан омад келтиради.

Бу битим Трампнинг Эронга қарши «максимал босим» стратегиясига янада кучлироқ қувват беради. Айниқса, сайлов йилида Трамп ўзини дунёнинг энг яхши музокарачиси сифатида кўрсатиши учун бу битим боп восита бўлиши мумкин.

Donald Trump after announcing that Israel and the UAE have agreed to normalise relations (13 August 2020)
Reuters

Трампнинг Исроил учун ёки Бенямин Нетаняҳу ҳукумати учун қилган ҳар бир иши унинг электоратидаги муҳим қатлам – насроний евангилист сайловчилари олдидаги қадрини оширади.

Кўрфаз араблари Исроил билан муносабатларини яширмай, ошкора амалга ошира бошласа, Эронга қарши «Америка дўстлари» иттифоқи ҳам бемалолроқ ишлашни бошлайди.

Президент Трампнинг «аср битими» деб номланган Исроил ва фаластинликлар ўртасидаги тинчлик битимини имзолашга муваффақ бўлинмади.

Аммо «Иброҳим аҳдлашуви» – Исроил БАА битими шундай номланмоқда – Яқин Шарқдаги кучлар нисбатини жиддий ўзгартиради ва Трамп уни ташқи сиёсатдаги тўнтариш деб атамоқда.

4. Фаластинликлар ўзларига ҳиёнат қилингандек ҳис этмоқда

Улар яна ёғоч қошиқларни ушлаганча қолишди, «Иброҳим аҳдлашуви»ни xиёнат деб атаб, уни қораладилар.

Бу битим Исроил билан нормал муносабатлар учун тўлов фақатгина Фаластин мустақиллиги бўлиши мумкинлиги ҳақидаги арабларнинг узоқ турган келишувини бузади.

Бироқ Исроил Араб давлатлари билан янги муносабатларга замин ҳозирлар экан, фаластинликлар шарқий Қуддус ва Ғарбий қирғоқда ишғол остида қолмоқда.

Palestinian Authority President Mahmoud Abbas puts his hand on his head during a meeting of the Palestinian leadership (18 August 2020)
Фаластин лидерлари янги битимни қоралашди/ Reuters

БААнинг амалдаги раҳбари, Абу Даби валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Зайд ан-Наҳяннинг айтишича, битим учун у талаб қилган бадал Исроилнинг Ғарбий қирғоқнинг бошқа ҳудудларини босиб олмаслик ваъдасидир.

Аммо Бош вазир Бенямин Нетаняҳу ҳам халқаро босимлар туфайли бунга ҳозирча кўниб турган эди. Амирликлар унга бу сиёсий боши берк кўчадан чиқиб олишига кўмак таклиф қилгани айни муддао бўлди.

Баҳрайн ҳам битимга қўшилар экан, фаластинликларнинг асабий ҳолати янада зўрайиши тайин.

Бу Саудия Арабистонининг розилигисиз бўлмасди. Саудийлар Фаластин мустақиллигини талаб қилган Араб тинчлик лойиҳасининг муаллифи эди.

Подшоҳ Салмоннинг мусулмонларнинг икки энг муқаддас маскани ходими мақоми унинг таъсирини кескин оширади. Унинг Исроилни бирдан тан олиши эҳтимоли жуда оз.

Унинг ўғли ва вориси Муҳаммад бин Салмон бу борада отасидек ўжар бўлмаслиги мумкин.

5. Эрон янги стратегик бош оғриғи орттириб олди

Битимни Эрон етакчилари бир овоздан қоралади.

Бу шунчаки риторика эмас. «Иброҳим аҳдлашуви» уларга қўшимча ташвиш бўлди.

Президент Трампнинг иқтисодий санкциялари аллақачон иқтисодий муаммоларни яратиб улгурган. Энди эса бунга стратегик бошоғриғи ҳам қўшилди.

Iranian students burn Israeli flags during a protest outside the UAE embassy in Tehran, Iran (15 August 2020)
Янги битим Эронда намойишларга сабаб бўлди/ЕРА
Исроилнинг ўзидаги авиабазалар Эрондан анча олисда. БАА эса кўрфаз сувининг нариги томонида, холос. Агар Эроннинг ядро нуқталарини бомбалаш масаласи яна ўртага чиқса, бу жуда катта роль ўйнаши мумкин.

Исроил, АҚШ, Баҳрайн ва БАА олдида янги турдаги вариантлар пайдо бўлди.

Эронликлар эса манёвр қилишлари учун макон янада қисқарганини ҳис қилмоқда.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг