bakiroo: Давлат қишлоқ хўжалигидан буткул кетмагунча мажбурий меҳнат давом этади

1
708
Фото: labourcentralasia.org

Бир йил аввал мажбурий меҳнат борасида ёзилган постга яна нима қўшимча қилиш мумкин.

Ҳа, формал равишда, пахта хом-ашёсига нисбатан давлат буюртмаси бекор қилинди. Лекин унинг ростанам бекор бўлганига амалда жуда кўплаб саволлар сақланиб қолган.

Ўтган бир йилда давлатнинг кластерларга босими кучайди, қатор кластерлар айни экин мавсумида қақшатилиб кластерлик ҳуқуқи, пахта заводлари тортиб олинди. Ўрнига эгаси номаълум кооперациялар ташкил этилди. Эгаси номаълум-ми демак, тийиқсиз ҳоким назоратида дегани. Менежер эмас, зўравон бўлган ўзбек ҳокими бор жойда эса албатта мажбурий меҳнат бўлади.

Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш бўйича бир йил аввал қабул қилинган стратегиядан кейин туғилган умидлардан ҳозир заррача нур қолгани йўқ.

Бу йилги мавсумда мажбурий меҳнат қандай шаклда амалга оширилиши ҳам олдиндан сезилмоқда. Бу ҳақда бирон ёзма ё расмий топшириқ берилмайди. Ҳаммаси оғзаки ва гибрид шаклда амалга оширилади. Агар миси чиқса, берилган бирон бир топшириқ тан олинмайдиган методичка қўлланилади (Бу борада ҳокимлар ўта тажрибали).

Масалан, вилоят ва туманлар ҳокимликларининг тақсимотига кўра мулкчилик шаклидан қатъий назар ҳар бир ташкилот теримга одам ажратиши керак бўлади. Бу тақсимотларнинг ҳеч бирига ҳокимлар имзо чекмайди, лекин бажариш мажбурий. Аксар ҳолларда теримга ажратилиши керак бўлган одамлар сони ташкилот ходимлари сонидан кўпроқ. Хўш, нима бўпти. Топади. Харажатиниям қилади.

Оғзаки топшириқдан кам одам чиқарган ташкилотларга ходимларини мажбурий меҳнатга мажбурлаган дея айблов ёпиштириш билан дағдаға қилиш, ўрнига одам топиб бермаган ё пулини бермаганларни ёмонотлиқ қилиниши каби абсурдларига ҳам гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Тинимсиз чет элликлар олдида ўзимизни оппоқ қилиб кўрсатишга уринавермай, тушунишимиз керакки, Давлат қишлоқ хўжалигидан буткул кетмагунча мажбурий меҳнат давом этади.

Олма теримида мажбурий меҳнат йўқ. Нега, чунки бу жараёнда давлат йўқ.

Қовун полизида мажбурланганни кўрмайсиз. Чунки қовун полизига ҳоким аталмишларнинг бехосият оёғи босилмайди.

Бодринг, карам, пиёз, гилос, боринг-ки, мева-сабзавот етиштиришда самарадорлик бор, манфаатдорлик, иштирок этувчиларнинг розилиги бор. Чунки бу занжирларда давлат йўқ.

 

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

1 Фикр

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг