“Ислом ёвуз ва ибтидоий дин”: Швецияда яна Қуръонни ёқиб юборишди

0
694
Фото: Mads Claus Rasmussen/EPA

Даниянинг Страм Курс номли партияси аъзолари Швецияда Қуръон нусхасини ёқиб юборди. Бундай ҳодиса бир неча кун аввал ҳам Швециянинг Малмо шаҳрида юз берганди.

Страм Курснинг етакчиси Расмус Палуданнинг интернет тармоғига жойлаган видеосида бир кишининг Швеция пойтахти Стокголмнинг Ринкеби маҳалласида мусулмонларнинг муқаддас китобини ёқаётгани намойиш қилинди. Ринкебида катта миқдордаги мусулмонлар ва мигрантлар истиқомат қилади.

“Бугун Страм Курс Швециянинг Ринкеби маҳалласида Қуръонни ёқиб юборди. Кўплаб жиноятчилар биз бу ишни қила олмаслигимизни айтишганди. Лекин, биз буни амалга оширдик. Ислом ёвуз ва ибтидоий дин ва унга Дания, Швеция ёки ҳеч қайси ривожланган жамиятда жой йўқ” деб ёзди Палудан Фейсбукда.

Мазкур партия аввалроқ полициядан Ринкебида Қуръонни ёқишга рухсат сўрган, аммо, рад жавобини олганди. Шунигдек, Страм Курс партияси 12 сентябрь куни Стокголмнинг атрофидаги бешта ҳудудда исломга қарши намойишлар уюштиришни режалаштираётганини маълум қилган.

Euronewsнинг маълумотларига кўра, Швециянинг мусулмон жамоалари аъзолари 8 сентябрь куни йиғилиш ўтказиб, шу ҳафта охирида бўладиган намойишларда қандай йўл тутиш кераклигини муҳокама қилишган.

“Дўстона ва тинч ҳолатдаги ҳаракатларни амалга оширишга келишилди. Бу ҳолатга кескин жавоб қайтариш керак эмас. Бунинг ўрнига унга шунчаки кўз юмган маъқул” дейди имом Маҳмуд Ҳалфи. Унинг айтишича, мусулмон ташкилотлари 12 сентябрь шанба куни Стокголмдаги масжидларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун чекловлар ўрнатилиши бўйича Швеция полицияси билан алоқага чиққан.

Швецияда бундан бир ҳафта олдин ҳам Қуръон ёқилган видеолавҳалар тарқалганди. Бу ҳодиса Малмо шаҳридаги мигрантлар истиқомат қиладиган Розенград маҳалласида юз берган. Мазкур ҳодисадан кейин 300 нафар атрофидаги мусулмонлар намойишга чиқишди. Оқибатда, камида 10 киши ҳибсга олинган ва бир неча полиция ходими жароҳатланганди.

Страм Курснинг етакчиси Палудан Малмода Қуръон ёқилганидан кейин сўзга чиқиши режалаштирилганди. Лекин, унинг Швецияга киришига йўл қўйилмаган. Исломофобик ҳаракатлари билан танилган Палудан ўтган йили ҳам чўчқа гўштига ўралган Қуръонни ёқишга уриниб, масс медианинг эътиборини тортганди.

Палудан шу йилнинг июнь ойида нафратли нутқлари учун Данияда уч ойлик қамоққа ҳукм қилинган.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг