Маориф вазири Шерматов экс-депутат Қобил Дусовни судга берди

0
478
Фото: www.facebook.com

Шу йилнинг 11 августида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ижтимоий тармоқлар орқали жамоатчиликка ўткир танқидий чиқишлари билан таниқли депутат Қобил Дусов устидан фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судига даъво аризаси киритди.

Даъво аризасига кўра, депутат халқ таълими соҳасини ютуб тармоғи орқали кескин танқид остига олган.

Натижада Шерматов раҳбарлик қилаётган тизимнинг ишчанлик обрўйига путур етган, унинг шаън ва қадр-қиммати топталган. Депутат ўз чиқишида халқ таълими соҳасини коррупцияга ботганлиги, бундай тизимда фаолият олиб бориш ва коррупцияга қўл уриш хоинлик эканига урғу берган.

Билишимча, вазир ўлароқ Шерзод Шерматов дунё кўрган, ўз ҳамкасблари орасида билимдонлиги, ислоҳотпарварлиги билан ажралиб туради. У АҚШнинг Йел университети битирувчиси, хорижий тилларни пухта ўзлаштирган шахс. Ҳатто унинг ижтимоий тармоқ фаолига зимдан ҳужум қилмай, ўз шаънини суд орқали ҳимоя қилишга ҳаракат қилаётгани таҳсинга сазовор. Ҳамма вазир ҳам судлашиб юрмайди, зимдан ишини бажариб қилиб қўя қолади.

Аммо даъво аризасини ўқиб, шу соҳанинг нонини еб юрган одам сифатида ажабландим. Тушунишимча, Қобил Дусов вазирнинг шахсиятига тегмаган. Тизимни танқид қилган, таълим соҳасига яна-да талабчанроқ ёндашган. Ҳатто бу гаплари учун минглаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг олқишларига сазовор бўлган. Бир сўз билан айтганда кўпчиликнинг дилидаги сўзларни бироз эҳтирос билан гапирган.

Судга бериш, шаънини ҳимоя қилиш вазирнинг ҳаққи, бунга гап йўқ. Аммо даъво аризасида собиқ депутатнинг чиқишини ўзига хос талқин этгани вазирга ярашмабди.

Масалан, тизимдаги айрим кадрларга нисбатан депутатнинг хоин сўзини ишлатишни жосуслик сифатида талқин қилиб, яхшигина қовун туширган. Ёки вазир назарида депутатнинг чиқишидаги чақириқлар гўё Жиноят Кодексининг конституцион тизимни ағдаришга уриниш бўлиб кўринади.

Вазир даъво аризасида вазирликнинг ишчанлик обрўйига путур етганини иддао қилади.

Ҳолбуки, биз Дусовнинг чиқишидан сўнг таълим тизими қулагани, болаларнинг мактабга келмай қўйгани ёки ўқитувчиларнинг иш ташлаганини кўрмадик. Яъни, ишчанлик обрўйи (агар бор бўлса)га нимада путур етганини билмай қолдик.

Дусов бугун Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятидан ҳуқуқий кўмак сўради. Суҳбат чоги билдикки, суд шу пайтга қадар унинг ижтимоий тармоқдаги чиқиши юзасида суд адабиётшунослик экспертизаси тайинламаган. Шундай бўлса-да,судья икки мажлисдан сўнг маҳкамани битирмоқчи эмиш. Ана шу жиҳати хавфли: шунинг учун ҳам бугунги постни ёзмоқдаман. Кўринишидан Дусовни айбдор қилишади…

Дусовнинг эҳтиросли чиқишини кўриб, президент Мирзиёевнинг айрим соҳа эгаларига нисбатан хоин, каламуш деган чақириқлари эсимга тушиб кетди. Лекин ўша соҳа эгаларининг ҳеч бири судга бормади, президентга эътироз билан чиқмади. Менимча, сўз эркинглиги тамойили нуқтаи назарида Маориф вазирининг ҳаракатида ҳам жиззакиликдан бошқа нарса йўқ.

Яна бир гап. Депутат педагогларнинг маошлари камлиги устига унинг берилмаётгани, уларнинг мажбурий ишларга сафарбар этилаётганини ёзади. Педагогнинг тарафини олиш Шерматовнинг тарафини олиш эмасми?! Вазир бундан хурсанд булиши керакмасми?

Ҳа, айтганча, Шерматов марҳум публицист Маҳмуд Саъдийни ҳам тизимни чириган дегани учун судга берганди. Суд охирига етмади, вазир тизимнинг ҳақиқатан ҳам эрозияга учраганини билдими, даъвосини қайтариб олганди. Лекин Дусовга келганда бундай йўл тутилишини ҳамкасбларидан бирмунча пешқадам Шерматовдан кутмаган эдим.

Жамиятимиз депутат Дусовга жамоатчи ҳимоячи тайинлаган. Буёғини Алининг майдонида кўраверамиз…

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик”

жамияти раиси Абдурахмон Ташанов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг