Қамчиланувчи (калтакланувчи) бола ёки ғалати тарбия усули

0
262
Фото: t.me/gavhar_nasrulloh

XV-XVI асрларда инглиз шаҳзодалари қандай тарбияланганини биласизми?

Қироллар Худо томонидан сайланади, деган ақидага биноан, уларни махсус ҳақларга эга деб ҳисоблашган.

Айнан шу сабаб туфайли, қирол фарзандини қиролдан бошқа ҳеч ким жазолай олмас эди. Бироқ, қирол ҳамиша ҳам фарзанди ёнида бўлавермаган ва махсус ёлланган тарбиячи ва устозлар таълим тартибини режалаштиришда, уларга қулоқсизлик қилиб, шўхлик қилган шаҳзодани жазолашда қийналишган.

Хўш, шаҳзодани жазолаб бўлмаса, у ҳолда қандай йўл тутиш керак? Ахир бирор чора кўрилмаса, унинг тарбияси издан чиқади-ку.

Қамчиланувчи(калтакланувчи) бола туғилган онидан бошлаб шаҳзода билан тарбияланган. Табиийки, болаларда бир бирига нисбатан дўстлик, боғланиш, меҳр ришталари пайдо бўлган.

Шаҳзода қандайдир хатога йўл қўйса ёки жазога лойиқ иш қилса, унинг кўз ўнгида ёнидаги тенгдоши калтакланган. Бундан мақсад шаҳзоданинг виждонини уйғотиб, унда афсус ва ачиниш ҳисларини пайдо қилиш эди: тўполон қилган — у, жазоланадиган бошқа — биров.

Шундай йўл тутилса, шаҳзода аввалги ёмон ҳаракатини такрорламаслигига ишонишган.

Калтакланадиган болалар обрўли оилалардан танлаб олинар, уларнинг ҳаёти анчайин мураккаб кечар эди. Аммо, шу билан бирга, у қирол оиласида, шаҳзода билан бир хил шароитларда, яхши устозлардан таълим олиб улғаярди. Агар шаҳзода оғир-босиқ бўлса, уларнинг жазо олиш эҳтимоли шунга яраша оз бўлган.

Айрим шаҳзодалар келажакда ўз тенгдошларини унутишмаган, мисол учун Англия қироли Чарльз I ўзи билан бирга ўсган қамчиланувчи бола — Уильям Мюррейни биринчи Граф Мэнсфилд этиб тайинлаган.

 

Интернет материаллари асосида

Гавҳар Насруллоҳ тайёрлади.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг