«Баклашка» териб уч боласини боқаётган аёл ёхуд метин ирода соҳибаси (видео))

0
473
Фото: www.youtube.com

Бир миллатнинг бир вакилига берилган синов, бутун миллатга берилган синовдир. Бир инсон ҳаёт йўлларида синалар экан, у билан бир қаторда ўша миллатнинг мурувватлилиги, шафқатлилиги ва барча инсонийлик ҳислатлари синовдан ўтади. Инсоннинг инсонлиги – унинг иймони билан ўлчанади. Барча эъзгу ҳислатларнинг умумий номи – Инсонийликдир.

Ўзганинг қайғусини ўз қайғусидек қабул қилиб, кўмакка муҳтож инсонларнинг муаммоларига бефарқ бўлмаган саҳоватпеша, виждони уйғоқ инсонлар талайгина.

Аммо, бир инсоннинг қайғусига қайғу қўшиб, ўз ҳуқуқларини билмаган оми одамларни ўз манфаатлари йўлида у эшикдан бу эшикка сарсон қиладиган виждони мудроқ инсонлар ҳам йўқ эмас орамизда.

Бир аёл шу аҳволга келиб қолишигача йиллар давомида наҳотки ҳеч ким хабар топмаган бўлса?!

Ота-онаси, қўни-қўшни, маҳалла кўй, «маҳалла» вакиллари қаерга қараябти?!

Аввало воқеликнинг бундай тус олишининг туб илдизига назар ташласак оила нотинчлиги, ўзаро келишмовчиликларни асос қилсак мутлақо тўғри бўлади. Оила пойдевори бузилиб, вазият шу ҳолга келгунга қадар маҳалла вакиллари қаерга қараган? Бир инсоннинг яшаб турган маҳаллада йўқ бўлиб қолиши нима учун ҳеч кимни қизиқтирмаган?!

Ота-онанинг ўз фарзандига таълим-тарбия бериш ҳақидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида белгилаб қўйилган. Унга кўра болалар вояга етгунга қадар ота-оналар ўзларига юклатилган мажбуриятларни бажаришга мажбурдирлар.

«Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги БМТ Конвенциясининг 18-моддаси 1-бандига биноан, ушбу мажбурият улар қаерда бўлишидан қатъий назар, ота-она учун умумий ва мажбурийдир. Унга кўра вояга етмаган фарзанди тарбияси ва келажаги учун жавобгар ҳисобланиб, соғлиги, аҳлоқи, жисмоний ва руҳий камолоти учун ғамхўрлик қилиши шарт.

Лекин опамиз ҳатто ўрта таълимни битира олмаган (ачинарлиси, ўзи хоҳласа ҳам ўқий олмаган) бўлса, қайдан билсин ўз ҳуқуқларини?!

Ота-оналик, фарзандлик меҳри қонунлардан олинмайди аслида.

Тақдирнинг ҳукми ила оилавий муносабатларга дарз кетиб, опамиз пойтахтга келди ҳам дейлик, бу каби инсонларнинг ҳуқуқий билими етарли эмаслиги у қадар катта фожеа эмас, аммо, «олий маълумотли», бирор «кресло» эгалари қайси қонунга асосланиб табақаликка йўл қўйди экан?

«Сени бу ерда нима ишинг бор, нега келдинг вилоятинга бор» каби саёз фикрларини қайси ҳуқуқларидан фойдаланиб айтди экан?!

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддаси:

Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар.

Наҳотки бу ҳақда билишмаса?!

Майли, бу масаланинг ҳуқуқий томони. Олдингда бир инсон кўмакка муҳтож бўлиб турганда қўл узатиш ўрнига, ўлганига ишонмай тепкилаб кўргандай гап эмасми уларнинг ишлари?!

Бир аёл кечалари бекатларда ухласаю, тунги участка нозирлари ўз ишларига масъулият билан қарашар экан, наҳотки кўрмаган бўлсалар?

Бу кўриб кўрмасликка олишми ёки «сен менга тегма, мен сенга тегмайман» қабилида йўл тутишми?!

Наҳотки бир ҳуқуқини билмайдиган аёл учун, виждонан бўлса ҳам масъул ташкилот ва қўмиталарга йўналтирилмаган.

Бир инсоннинг адолатга бўлган ишончи сиз сабаб ўлса, виждонингиз қийналмайдими?

Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бўлган Аммор Ибн Ёсир (Розияллоҳу анҳу) шундай деганлар:
Уч хислатни ўзида мужассам қилган кишининг иймони мукаммал бўлгайдир:
– инсофли ва адолатли бўлмоқ;
– барчага салом бермоқ;
– камбағаллигида ҳам садақа бериб турмоқ.

Мудроқ виждонингизни уйғотинглар, эй ахли инсон.

Опамиз ҳаётнинг паст-у баланд йўлларидан юрар экан, энг машаққатли дамларда ҳам мустаҳкам иродаси, сабр-у қаноати, қолаверса, меҳрли инсонларнинг кўмагида яшаш учун ўзида куч топа олибдилар. Чидаб бўлмас дамларда ҳам ўзининг меҳнати ила уч фарзандни едириб-ичирибдилар.

Чин маънода метин ирода соҳибаси десак муболаға бўлмайди.

Шу ўринда айтиш жоизки, саҳоватпеша инсонларнинг моддий кўмаги билан бир қаторда тегишли муассалар томонидан уларнинг илм-у ҳунар ўрганишлари учун шароит яратиб бериши энг тўғри йўлдир. Зеро, «Балиқ берсанг бир кун тўяди, балиқ тутишни ўргатсанг бир умр» деб бежизга айтишмаган. (Хитой халқ мақоли)

Илм-у ҳунар ўрганиш учун бир қадам ташласа келажаги учун бир қадам одимлаган бўлар эди. Тегишли муассасалар томонидан шу масала кўриб чиқилса, бандлик билан таъминланса, ишонаманки шунча қийинчиликларга чидаган опамиз буни ҳам эплайдилар.

Болага илм-у ҳунар ўргатиш учун аввало онага илм ўргатиш керак, шундагина Ўзбекистонда кўчаларда баклашка териб юрадиган болалар эмас, билимли болалар, билимли мутаҳассислар кўпаяди.

Бу билан уларни айблаш фикридан мутлақо йироқман. Фарзандларнинг ҳам, онасининг ҳам айби йўқ мутлақо. Шафқатсиз инсонларнинг меҳрсизлиги, эътиборсизликлари шу йўлдан юришга мажбур қилган уларни. Шундай бўлсада ўғирлик кўчаларидан юрмаган, нопоклик кўчаларига кирмаган улар. Уларнинг ҳам яхши яшашга, яхши боғча-мактабларда таълим олишга ҳаққи бор албатта. Меҳрсизлик, шафқатсизлик ва албатта йўқчилик фарзандларнинг ҳам онаси юрган йўллардан юришга мажбур қилмасин. Агар ҳозир эътибор берилмаса, агар ҳозир ёрдам берилмаса фарзандларда ҳам онасининг тақдири такрорланмаслигига ким кафолат бера олади?

Бир миллатнинг қулаши учун билимсиз инсонлар кўпайишининг ўзи етарли эмасми?

Бир онага таълим бериш, ҳунар ўргатиш орқали унинг учта фарзандига қолаверса, бутун бир авлодга таълим берилган бўлар эди. Ўзбекистон келажаги билимли ёшлар қўлида. Аммо бунга эришиш учун кўчаларда юрган болаларнинг нима билан бандлигига, билим олиш ҳақидаги конституциявий ҳуқуқи тўлиқ таъминланиши устидан назоратга эътиборсизлик қилиш ярамайди.

Тан олишимиз керак, ҳар бир нарса бориб моддий манбаларга тақалар экан, яхшилар кўмаги ва тегишли ташкилотлар ташаббусини бу борада кутиб қоламиз. Уларнинг ёрдами ила опамиз ҳам илм-у ҳунар ўрганиш учун бир қадам ташласалар, фарзандлари ҳам уларнинг ёрдамида илм олишга қизиқардилар, ИншаАллоҳ. Сиз кучлисиз, ҳаракат қилсангиз албатта ҳаммаси яхши бўлади.

«Сен ўзингни ўзгартир, тақдир ҳам ўзгаради» (Португалия мақоли) деб тўғри айтилган аслида. Тақдир сизни ўз измига солса, сиз уни ўзгартириш учун тақдирингизни ўз измингизга солишга ҳаракат қилинг.

Сиз ўзингиз нимага лойиқлигингизни тан олсангизгина, ён атрофдагилар тан ола бошлайди.

Доим ўзингизни фақат яхши нарсаларга лойиқлигингизга ишонинг.
Қадрингиз ва қаддингиз доимо баланд бўлсин азиз аёллар!

 

Тошкент Давлат Аграр Университети
2-босқич талабаси
Юлдашева Ирода Абдунайимовна

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг