Биз қанчалар итоаткормиз

0
263
E – тадқиқот ўтказувчи шахс, T – буйруққа итоат этувчи ўқитувчи, L – ўқувчи-актёр

Бу борада Йель Университети профессори, социолог, психолог Стенли Милгрэм эксперимент ўтказган ва 1963 йили “Итоаткорлик: хулқ-атвор кузатуви” (“Behavioral Study of Obedience”) номли мақолада, бироз ўтиб эса “Ваколатли шахсга итоат этиш: экспериментал кузатув” («Obedience to Authority: An Experimental View», 1974) китобида батафсил ёзиб ўтган.

Ўз экспериментида Милгрэм қуйидаги саволга жавоб топишга ҳаракат қилган: ўзининг хизмат вазифасига тааллуқли бўлганлиги туфайли оддий одамлар ўзи каби одамларга қай даражада оғриқ етказишга қодир?

Унда ушбу савол пайдо бўлишига эса Иккинчи Жаҳон уруши даврида олмон фуқаролари миллионлаб одамларни концентрацион лагерларда йўқ қилиб юборишгани сабаб бўлган.

Эксперимент натижалари шуни кўрсатдики, обрўли шахсларга бўйсуниш зарурлиги бизнинг онгимизга шундай чуқур ўрнашганки, кучли руҳий қийинчилик ва ички норозиликка қарамай, одамлар буйруқни бажаришда давом этар экан.

Милгрэм биринчи синовни АҚШда ўтказганидан сўнг, кейинги синов учун Германияга боришга қарор қилган эди, чунки у ердаги одамлар нисбатан бўйсунувчан, деб ҳисоблаганди. Бироқ Коннектикут штати, Нью-Хэйвэн шаҳрида ўтказилган синовдан сўнг, бошқа жойга боришга зарурат йўқлигини тушунди. “Мен шунчалар итоаткорлик кўрдимки, – деган эди Милгрэм, – экспериментни Германияда такрорлашга эҳтиёж сезмадим”.

Лекин эксперимент барибир кейинчалик Голландия, Германия, Испания, Италия, Австрия ва Иордания каби мамлакатларда такрорланди. Бу ҳақда бир нечта китобларда ёзилган.

Эксперимент тавсифи

Ушбу эксперимент қатнашчиларга оғриқларнинг хотирага таъсири сифатида таништирилган. Тажрибада синовчи, синалувчи ва актёр қатнашган. Синалувчига актёр – “ўқувчи” узун рўйхатдаги сўз бирикмаларининг ҳаммасини ёдлаб бўлмагунича ёдлаши кераклиги айтилар, синалувчи – “ўқитувчи” эса унинг хотирасини текшириши ва ҳар бир хато учун уни тобора юқорироқ ток кучланиши билан жазолаши керак бўлар эди.

Эксперимент бошида ўқитувчи ва ўқувчи роллари қуръа ташлаш йўли билан ажратиб олинарди. Лекин қуръа шундай ташкил этилардики, ҳар бир синалувчи чекига ҳар гал ўқитувчи роли тўғри келарди. Шундан кейин “ўқувчи”ни электродли стулга ўтиргизилар, ва “ўқитувчи”да ишонч пайдо бўлиши учун уларнинг ҳар иккисига 45 В кучланишдаги ток юборилар эди.

Кейин “ўқитувчи” бошқа хонага чиқар ва “ўқувчи”га эслаб қолиши учун оддий вазифалар бера бошлар, “ўқувчи”нинг ҳар бир хатоси учун, гўёки уни жазоловчи тугмани босар эди (аслида “ўқувчи” ролида қатнашаётган актёр ҳар сафар ўзини ток зарбини қабул қилаётгандек кўрсатар, лекин унга ҳеч қандай ток етиб бормас эди. Табиийки, тажрибада қатнашаётган кўнгилли буни билмаган). 45 В дан бошлаб, “ўқитувчи” ҳар бир хатодан сўнг кучланишни 15 В дан ошириб бориб, 450 В гача етказиши керак эди.

Кучланиш “150 вольт”га етганда актёр-“ўқувчи” экспериментни тўхтатишни талаб қила бошлар, бироқ эксперимент ўтказувчи “ўқитувчи”га: “Экспериментни давом эттириш зарур. Илтимос, давом этинг” деб такрорлаб турарди. Кучланиш юқорилагани сайин актёр ўзини янада кўпроқ азоб чекаётгандек, бироздан сўнг қаттиқ оғриқ сезаётгандек тутар, кейин эса экспериментни тўхтатинглар, дея бор овозида бақира бошлар эди. Агар синалаётган шахсда иккиланиш сезилса, тадқиқотчи эксперимент учун жавобгарликни тўлиқ зиммасига олишини айтиб, уни ишонтирар ва давом этиш кераклигини эслатарди. Шу билан бирга, синалувчи вазифасини бажармаган тақдирда қандайдир таҳдидга дучор бўлиши айтилмаган ёки яхши бажарганида мукофотланмаслиги ҳам аниқ эди.

Натижалар ушбу экспериментга алоқадор барчани, ҳатто Милгрэмнинг ўзини ҳам лол қолдирди. 40 иштирокчидан 26 нафари, яъни 65% синалувчи, тадқиқотчи тадқиқотни якунлаш кўрсатмасини бермагунича, кучланишни 450 Вольтгача олиб чиқиб, жабрланувчини қийнашда давом этди. Синалувчилардан бирортаси “ўқитувчи” ролида иштирок этишни рад этмагани уларни ундан ҳам кўпроқ ташвишга солди. Ҳатто кечроқ ҳам, улар бу вазифадан воз кечиш истагини билдирмади. Синалувчилардан бирортаси 300 В кўрсаткичгача тўхтамади, ҳатто жабрланувчи: “Мен саволларга бошқа жавоб бера олмайман. Тўхтатинг!”, деб қичқирганида ҳам.

Умумий натижа қуйидагича эди: 300 В гача ҳеч ким тўхтамади, ундан кейинги босқичда беш киши итоаткорликни тўхтатди, тўрт киши – 315 В дан кейин, икки киши 330 В дан кейин, бир киши 345 В дан кейин, яна бир киши 360 ва яна биттаси 375 В дан кейин тўхтади. Қолган 26 киши эса шкала охиригача – 450 В гача давом этишди.

Тахминлар

Экспериментни бошлашдан бир неча кун аввал Милгрэм психология йўналишида Йель Университети битирувчилари бўлган ҳамкасбларидан тадқиқот режаси билан танишиб чиқиб, тахминий натижани айтишларини илтимос қилган эди. Кўплаб психологлар барча қатнашчилардан фақат бир ёки икки фоизигина охирги нуқтагача етиб боради, деб тахмин қилди.

Шунингдек, сўровномада 39 нафар психиатр ҳам қатнашиб, 20%дан ортиқ иштирокчи 225 В гача давом этмаслигини, қолганлари бошидаёқ “мағлуб” бўлишини тахмин қилди.

Барча прогнозларга тескари бўлган бу қадар натижани ҳеч ким кутмаган эди. Аксинча, кўплаб синалувчилар “ўқувчи”нинг бақир-чақирларини, оёқлари билан столни тепиб кўрсатган қаршилигини эшитиб туриб, ҳатто овозлар тиниб қолганидан кейин ҳам, уни жазолашда давом этди.

Синалувчи томонидан кўрсатилган шафқатсизлик сабабини қидириб, бир неча тахминлар олға сурилди:

1. Синалувчи буйруқ берувчи шахс Йель Университети профессори бўлгани учун, яъни унинг салобати босгани туфайли шундай йўл тутган;

2. Барча синалувчилар эркак киши бўлгани учун, агрессив ҳаракатларга мойиллик туфайли шундай қилган;

3. Синалувчилар жабрланувчига етказаётган азият кўламиини етарли даражада тушунмаган;

4. Синалувчилар шунчаки садист бўлиб, кимгадир зиён етказишдан роҳатланган.

Бироқ кейинги экспериментларнинг бирортасида бу тахминлар ўз тасдиғини топмади.

Университет профессори кейинги экспериментни бир бинони ижарага олган ва ўзини танитмаган ҳолда ўтказди. Натижада катта фарқ кузатилмади.

Эксперимент аёллар орасида ҳам ўтказилди, натижа эса мутлоқ ўзгармади.

Синалувчилар ток кучланиши қанчалар азият етказишини тушуниш-тушунмаслиги юзасидан сўровнома ўтказилганда аён бўлдики, улар буни яхши тушуниб турган.

Уларнинг психологик жиҳатдан соғлом бўлгани, яъни, ҳеч бирида садизмга мойиллиги йўқлиги ҳам махсус сўровномалар натижасида аниқ бўлди. Милгрэм бу борада “улар сиз ва биз каби одамлар” деган эди.

Қўшимча экспериментлар натижалари

2002 йилда Мериленд Университетидаги Томас Бласс Psychology Today журналида Милгрэмнинг бу борада АҚШ ва бошқа мамлакатлар бўйлаб такрорланган барча экспериментлари натижаларини эълон қилди. Аниқланишича, вақт ва жойдан қатъи назар, 61 % дан 66 % гача синалувчилар қийноқ тугмаларини охирги босқичгача босишда давом этган.

Агар Милгрэм ҳақ бўлиб, синов иштирокчиларининг бари сиз ва биз сингари одамлар бўлса, у ҳолда уларни бундай йўл тутишга нима мажбур қилди?

Милгрэм ваколатли шахсларга сўзсиз бўйсуниш зарурияти онг остимизга мустаҳкам ўрнашиб қолганлигини таъкидлайди. Унинг фикрича, экспериментларда одамларнинг бошқаларга, айниқса ваколатли раҳбарларга (бу ҳолда оқ халат кийган тадқиқотчига) очиқ қаршилик кўрсата олмаслиги муҳим рол ўйнаган.

Милгрэм ўз тахминлари тўғрилигини тасдиқловчи жиддий сабаблар келтиради. Унинг айтишича, тадқиқотчи синовни давом эттириш буйруғини беришдан тўхтаганида, синалувчилар тезроқ ўйиндан чиққан. Улар вазифани бажаришни хоҳлашмаган ва ўз қурбонларининг азобланишини кўриб, тадқиқотчидан тадқиқотни тўхтатишни ўтиниб сўрай бошлаган. Тадқиқотчи рухсат бермаса, барибир синовни давом эттиришган. Бироқ шу билан бирга синалувчилар терга ботиб кетар, қаршилик сўзларини шивирлашар, кафтлари мушт бўлиб тугилар, лабларини қон чиқиш даражасида тишлашар, баъзилари эса асабий кулишарди. Экспериментни кузатган бир кузатувчи қуйидагиларни сўзлайди:

Мен лабораторияга келишган, яхши кийинган ва ўзига ишонган бир тадбиркор табассум билан кириб келганини кўрдим. Лекин йигирма дақиқадан сўнг у бутунлай бошқача қиёфага кирди. У тинимсиз қалтирар, дудуқланар, қўлларини асабий ишқалар эди. Ҳаттоки мушти билан ўзининг пешонасига урар ва: “Эй Худо, мен нималар қиляпман ўзи. Келинг тўхтата қолайлик”, деб пичирларди. Шундай бўлсада, тадқиқотчининг буйруқларига сўзсиз бўйсунар ва тугмаларни босарди.

Милгрэм яна бир нечта эксперимент ўтказди ва хулосалари аниқлигига янада амин бўлди.

Кейинги тадқиқотларда буйруқ берувчи сифатида синалувчининг ўзи билан бир хил даражадаги шахс танланди. Бу ҳолда синалувчилар унга бўйсуниши анча камайди.

Бир хил ваколатга эга икки тадқиқотчи танланиб, бири қийноқни давом этишни, бири тўхтатишни талаб қила бошлаганида, синалувчилар тўхтатишни буюрган шахсга итотат этишди.

Хулосалар

Милгрэмнинг фикрича, олинган маълумотлар қизиқ феномен мавжудлигининг далили бўла олди: “Ушбу тадқиқот нормал ҳолатдаги, кап-катта одамларнинг ваколатли шахс буйруқларига бўйсуниб, қанчалар “узоққа” бора олишга сўзсиз тайёрликларини кўрсатади”. (Milgram, 1974).

Ваколатли шахслар, биздан юқорироқ мансабда турувчи раҳбарлар устимиздан қанчалар ҳукмронлик қила олишлари мумкинлигини энди тушунгандирсиз. Демак, оддий одамлар камроқ азобланиши учун ваколатли лавозимларга инсофли, виждонли, диёнатли одамлар танланиши мақсадга мувофиқ экан-да…

Интернет маълумотлари асосида Гавҳар Насруллоҳ тайёрлади.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг