Германия таълимини олиб Гестапо жосуси бўлишда айбланган жадид Ҳамро Абдуллаев (видео)

0
565
Ҳамро Абдуллаев отилганида 31 ёшида эди/ СУРАТ МАНБАСИ, BAHROM IRZAYEV

Тоғлиқ, тошлиқ-қизғин қумлар устидан,

Саҳросидан ҳам чўлидан, даштидан,

Чопа-чопа, қизиқишиб кетамиз,

Қўл ушлашиб, ўйноқлашиб, кетамиз.

Дарёларин, денгизларин, кўлларин,

Биз босмасдан, қўймайдирмиз йўлларин,

Ўрмонлардан, тўқайлардан кетамиз,

Шерлар билан сўроқлашиб кетамиз.

Харобалар, вайроналар кўкидан,

Ҳайқиришган бойқушларнинг ўкидан,

Қўлда яроқ, ёйлар билан кетамиз,

Тикка жарнинг сойи билан кетамиз.

Девлар янглиғ чизилишган тоғларнинг,

Қор ҳам дўли босган гўзал боғларнинг,

Қайғусидан уча-уча кетамиз,

Бир йўл қўймай кўча-кўча кетамиз.

Сувсизликдан сўлган яшил япроқлар,

Ер остида қуруб қолган япроқлар,

«Тўғри йўл» деб, янги йўлга кетамиз,

Юртимиз деб жанг йўлига кетамиз.

Рафиқ (Намангон). Тўғри кетамиз (Четларда ўқиғувчиларга) «Фарғона», 1923 йил 19 февраль сони

Европада таҳсил олган туркистонлик талабалар сони бошқа миллатлар талабалариникидан анча кам эди
Европада таҳсил олган туркистонлик талабалар сони бошқа миллатлар талабалариникидан анча кам эди/ СУРАТ МАНБАСИ, BAHROM IRZAYEV

Ўзбекистонда 31 август Қатағон қурбонларини ёд этиш куни этиб белгиланган. Би-би-си келгуси йилда 100 йиллик санаси кутилаётган мазкур воқеъликлар олдидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Баҳром Ирзаев билан хорижда таълим олган ўзбек ёшлари ва уларни ватанда кутган қатағонлар ҳақида навбатдаги туркум мақолаларни эътиборингизга ҳавола этади.

Ҳамро Абдуллаев 1907 йилда Тожикистоннинг Кулоб шаҳрида дунёга келган. Унинг отаси Бухоро амирининг фармони билан Кулобга йўлланган бек эди. У вафот этганида Ҳамро ҳали ёш бола эди. Онаси боқувчисидан айрилгач, фарзандлари билан Бухорога қайтиб келди ва Ҳамро 1919 йилгача Бухорода онасининг қарамоғида яшади. У болалигидан интилувчан бўлгани сабаб жадид мактабига ўкишга кирди.

«Ёш бухороликлар» аъзоси бўлиб, 1920-22 йилларда Бухородаги ёшлар ташкилотида фаолият олиб борди. Жадидларнинг «Ёш бухороликлар» партияси дастлаб махфий жамият шаклида тузилганди.

Унга тараққийпарвар зиёлилар, савдогарлар билан бир қаторда шаҳардаги камбағал оилалар вакиллари ҳам кирган. Улар бошида мавжуд амирлик тузуми доирасида демократик ислоҳотлар ўтказиш, конституциявий монархия ўрнатиш орқали амирнинг мутлақ ҳокимлигини чеклаб қўйиш тарафдори бўлишган.

«Ёш бухороликлар»нинг мақсади янги усул мактабларини очиш, болаларнинг саводини тезроқ чиқариш, ижтимоий онгини ўстириш, мактаб, мадраса, ўқув тизимини ислоҳ қилиш билан бирга ёшларни ўқиш ва ишлаш учун хорижга ҳам йўллаш эди. Ёш Ҳамронинг дунёқараши ҳам ана шу ғоялар билан шаклланганди.

1922 йилнинг кузида Германияда таҳсил олиш учун танланган ёшлар орасидан 15 яшар Ҳамро ҳам ўрин олди. У дастлаб бошқа кўплаб ўсмир ватандошлари билан Кёслинда икки йиллик умумий таълим олди ва ўрта маълумотини тасдиқловчи шаҳодатномани қўлга киритди.

Ватанида қишлоқ хўжалик соҳаси оқсаётгани сабаб замонавий технологиялар ва унумдорликни тушунадиган зироат мутахассисларига кескин зарурат пайдо бўлганди. Буни яхши англаган Ҳамро 17 ёшига тўлар экан, Хелмштедт шаҳридаги қишлоқ хўжалик институтига кириб ўқишга қарор қилди.

Уч йил институтда таълим олди ва Германия далаларида амалиётни ўтаб 1927 йилда олий маълумотли бўлиб дипломни қўлга киритар экан, хурсандчилигининг чеки йўқ эди.

Аммо, бу вақтга келиб Германияда ўқиётган ёшларга энди умид билан эмас, балки шубҳа билан қараш кучайганди. СССР ҳукуматининг қайта-қайта қилинган босимлари ва Германияга юборган вакиллари зуғуми билан талабалар ўқишни битирган ё битирмаганига қарамай мажбуран ватанга қайтарила бошланганди. Яхшиямки, Ҳамро дипломни олиб улгурди.

Ҳамро қишлоқ хўжалиги мутахассислигини олган Хелмштедт шаҳри
Ҳамро қишлоқ хўжалиги мутахассислигини олган Хелмштедт шаҳри/ СУРАТ МАНБАСИ,GETTY IMAGES

1927 йилда у Саттор Жаббор, Тўлаган Мўмин, Абдуваҳҳоб Муродий ва Муродийнинг немис турмуш ўртоғи Марта билан бирга Тошкентга қайтдилар. Аммо Ватанда уни фақат қийинчиликлар кутаётган экан.

Германиядан олий маълумот билан қайтган Ҳамродан ёши катта ажойиб агрономлар Олимжон Қодирий ва Абдуваҳоб Муродийларнинг ишсиз ва «ишончсиз»лар қаторида ўрин олганини кўрган 20 яшар Ҳамро ҳам тушкун кайфиятга тушиб қолди.

Бир муддат иш қидирганидан сўнг Ҳамро ниҳоят Бухоро яқинидаги Ромитонда Машина-трактор станциясига агротехник бўлиб ишга киришга муваффақ бўлди. Бироқ, немис таълимини олган йигитчага ишончсизлик ортаверар экан, у бир неча маротаба ишдан олинди.

Олий маълумоти бўлса ҳам сарсон қилинган Ҳамро умидсизликка тушмай, 1930 йилда Тошкентдаги Ўрта Осиё пахтачилик институтига ўқишга кириб ўз билимини исботлашга ва мустаҳкамлашга қарор қилди. Институтнинг Олий агрономлик курсларини у 1932 йилда «пахтакор агроном» мутахассислиги билан тамомлади.

Ҳамро Абдуллаевнинг "пахтакор-агроном" мутахассислигини тасдиқловчи дипломи
Ҳамро Абдуллаевнинг «пахтакор-агроном» мутахассислигини тасдиқловчи дипломи/СУРАТ МАНБАСИ,BAHROM IRZAYEV

Аммо, Ҳамро ва унинг Германияда бирга ўқиган дўстларига нисбатан таъқиб кучайганди. Ҳамро ўзи билан ўсмирлигида Кёслинда бирга бўлган болалар орасидан ватанга диплом билан қайтган ягона йигит бўлгани учун терговчилар унга алоҳида эътибор қаратдилар.

1937 йилда ҳибсга олиниб даҳшатли қийноқларга солинган Бадеъ Абдулла мажбуран имзо чеккан «иқрорномалар»да Ҳамро Абдуллаев бутун бошли жосуслар етакчиси дея тасвирланди. «Ҳамро берган 10 минг сўмга бошқаларни ҳам ёлладим» каби сохта баённомалар семиз-семиз делоларга тикилаётганди. Бадеъ Абдулла Германияда бирга ўқиганида ўз акасидек кўрган Ҳамро ҳақида кейинроқ мана буларни ёзган:

«15 кун давомида уйқу бермай, мени тик оёқда турғазиб таҳқирлашди. Ақлдан озиш даражасига борганимда, бир қатор қоғозларни имзолатишди. Мен ҳеч қачон жосус бўлмаганман! Ҳамро ўз иши билан, мен ўзимнинг ишим билан эди, биз деярли 12 йилдирки учрашганимиз йўқ. Мен ўшанда унга тухматлар ёзилган қоғозларни имзолаганман! Ҳозир юзлаштиришларини талаб қилсам, улар рад этишмоқда!» (1940 йил)

1938 йил 12 январида ЎзССР Ички ишлар халқ комиссалиги (ИИХК) Самарқанд бошқармаси бошлиғи Сергей Калмыков Бадеъ Абдулла иши доирасида Ҳамро Абдуллаевни Германиянинг махфий Гестапо хизмати агенти, ҳамда 1936 йилда террористик гуруҳ тузган жосус дея қамоққа олишга қарор чиқарди. Бироқ, қора булутлар пайдо бўлишини сезган Ҳамро Сталинобод (бугунги Тожикистон пойтахти Душанбе)га кўчиб ўтган ва немис тили ўқитувчиси бўлиб ишлаётганди.

Ҳамро ўрганган фанлар
Ҳамро ўрганган фанлар/ СУРАТ МАНБАСИ,BAHROM IRZAYEV

ЎзССР Ички ишлар комиссарлиги 1938 йил 22 январь санаси билан Сталинободга хат йўллади. Айни шу куни Ҳамро қўлга олиниб, у яшаган Сталинобод эркаклар билим юртининг 8-ётоқхонасида тинтув ўтказилди. Хонаси қулфланиб, олинган 14 та олмон тилидаги мутахассислигига оид китоблари, паспорти, галтук, кўйлак, туфли, соатларигача хатланиб, Самарқандга олиб келинди.

Турмуш ўртоғи 20 ёшли Муаззам Нарзуллаева ва эндигина 10 ойлик бўлган қизи Муҳаббат унинг ортидан йиғлаб кўчада қолиб кетдилар. Ҳамро бу машъум кунларда энди 31 ёшини қаршилаб, оталик бахтини сеза бошлаган эди.

Ҳамронинг соати, фотоаппарати, этиги, костюм-шими, пальтоси ва ҳатто уйидаги одеяло каби қиймати бор жиҳозлар махсус дўконга топширилиб арзон нархларда пулланди. Аммо, энг ачинарлиси, Ҳамро Абдуллаевнинг қишлоқ хўжалиги ва замонавий технологиялар ҳақида ёзган ёзишмалари, блокноти, фотоалбомлари ёқиб юборилди.

Самарқандга келтирилган Ҳамро Абдуллаев 1938 йил 27 январь кунидан даҳшатли қийноқлар остида сўроқ қилина бошлади. Унга мажбуран имзолатилган сўроқ баённомаларида қуйидагиларни ўқиймиз. Унга кўра, Ҳамро Германияда вақтидаёқ Бухоронинг Лаби Ҳовузи атрофида яшаган «Курт Вилли» исмли асли немисни топиш вазифасини олган.

Германиядан қайтгач у гўёки 10 кун Самарқандда бўлиб, сўнг Бухорога келган. У халқнинг кайфияти, коллективлаштиришга нисбатан салбий муносабати ҳақида «Курт Вилли»га мунтазам маълумот етказиб турган. 1930-31 йиллар Ромитондаги деҳқонларнинг колхозга қарши фаол норозилик намойишлари ҳақидаги материаллар немисларга гўёки айниқса маъқул бўлган.

Ҳамро каби Германиядан агроном бўлиб қайтган ва отилган Олимжон Қодирий аёли Асия ва қизи Гулнор ва ўғли Қаҳрамон билан
Ҳамро каби Германиядан агроном бўлиб қайтган ва отилган Олимжон Қодирий аёли Асия, қизи Гулнор ва ўғли Қаҳрамон билан СУРАТ МАНБАСИ,BAHROM IRZAYEV

«Менга энди немис жосуслари Бадеъ Абдулла, Усмон Омон, Неъмат Нарзуллаев ахборот берар эдилар. Тошкентда 1-Ҳовуз боғ кўчасида яшаган Кивам Кирам умумий раҳбар эди. Ўзи Хелмут Шредердан махсус топшириқлар олиб турган. Усмон Омонни мен Тошкентга ва Хоразмга ишга йўллаганман.

1936 йил Йўлдош Охунбобоевни ўлдириш ниятида Бадеъ Абдулла ва Усмон Омоновлар билан террорчи гуруҳ тузганман, Саттор Жаббор қамоққа олинганини эшитиб Сталинободга қочиб кетдим,» қабилидаги далилсиз ва узундан-узоқ сўроқ баённомаларига Ҳамронинг имзоси олинди.

1938 йил февраль ойида Ҳамро Абдуллаев 1922-27 йиллар Германияда тузилган аксилинқилобий «Озод Туркистон» аъзоси бўлишда, Бошқиртистон ва Ўрта Осиёда мустақил буржуа давлат тузишни режалашда, 1927 йилдан Гестапога ёлланиб Германия фойдасига жосуслик қилишда, 1936 йил террорчи ташкилот тузиб беш кишини ёллашда расман айбланди. Ҳамро Самарқанддаги турмада суд ҳукмини кута бошлади. Уни на ўзи, на бошқа кимса энди ҳимоя қила оларди.

Икки марта сургун қилинган хоразмлик ўқитувчи Марям Султонмуродова
Икки марта сургун қилинган хоразмлик ўқитувчи Марям Султонмуродова СУРАТ МАНБАСИ, BAHROM IRZAYEV

1938 йил 12 апрель куни унинг айблов баённомаси ЎзССР Ички ишлар халқ комиссарлиги раҳбарияти ва ЎзССР Прокурори Борис Шейдлин томонидан тасдиқланди. Унда Ҳамро Абдуллаев ЎзССР Жиноий Кодексининг 60-моддаси (аксилинқилобий ташкилотга аъзолик), 62-моддаси (жосуслик) ва 64- моддаси (террористик амал уюштириш) билан айбланди.

1938 йил 14 октябрь куни бошқа Германияда таҳсил олган талабалар қаторида Ҳамро Абдуллаевнинг иши ҳам кўриб чиқилиб, у шу куннинг ўзида отиб ташланди.

Орадан 50 йил ўтиб, 1989 йилда Туркистон Харбий округи прокурори томонидан Ҳамро Абдуллаев сталинча қатағон сиёсати қурбони деб тан олинди ва оқланди. Унга қўлланган барча қийноқлар тан олиниб, қўйилган айбловлар ёлғон бўлгани ниҳоят эътироф этилди. Бироқ, бу, таъбир жоиз бўлса, хушхабарни етказиш учун унинг турмуш ўртоғи Муаззам Нарзуллаева ва қизи Муҳаббатхонни топишнинг иложи бўлмади.

 

Баҳром Ирзаев, Қатағон қурбонлари хотираси музейи катта илмий ходими, тарих фанлари доктори

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг