«Синган ойна» назарияси

0
628
Фото: www.facebook.com

1969 йилда Стэндфорд университети профессори Филипп Зимбардо ижтимоий психология йўналишида ўзига хос эксперимент ўтказди.

У иккита бир хил машина танлаб, уларни мутлақо ҳар хил жойларда қолдирди: биттаси Нью Йоркнинг муҳтож туманларидан бири бўлган Бронскда, иккинчиси Калифорниянинг бой туманларидан ҳисобланган Пало-Альтода.

Бир неча соат ичида Бронскдаги автомобиль талон-тарож қилинди. Пало-Альтодагиси эса бус-бутун эди.

Жиноятнинг сабаби этиб бемалол муҳтож тумандаги аҳолининг камбағаллиги, эҳтиёжмандлигини кўрсатиш мумкин эди, албатта. Бироқ, экспериментни давом эттиришга қарор қилишди.

Пало-Альтодаги автомобиль ўз ҳолида ҳафта мобайнида турганидан сўнг, тадқиқотчилар машина ойналаридан бирини синдиришди. Вазият ўзгарди. Ўғрилик ва талон-тарож қилиниш натижасида автомобиль худди Бронскдаги каби йўқ қилинди.

Бунга нима сабаб? Сокин туманда унутиб қолдирилган, ойнаси синган машина мана шундай жараёнларга сабаб бўлиши мумкин экан-да.

Демак, бу камбағаллик натижаси эмас. Бу инсон хулқи билан боғлиқ. Ташландиқ машинадаги синган ойна бефарқлик ва қонунсизлик ҳиссини уйғотади. Машинага қилинган ҳар бир босқин ушбу хулосани мустаҳкамлайди.

Кейинги экспериментлар шуни кўрсатдики, маълум бинонинг бирор ойнаси синса-ю, таъмирланмаса, тез орада қолганларини ҳам синдиришади. Агар жамиятда тартибсизлик ва қонунсизлик аломатлари пайдо бўлиб, бу ҳеч кимни қизиқтирмаса, тез орада жиноятчилик урчиб кетади.

«Синган ойна» назарияси ҳукумат томонидан ҳаракатсизлик, оддий халқ томонидан эса тартибни сақлаш бўйича уйғунлик бўлмаганида жамият ривожланмай қолишининг сабабларини тушунишга ёрдам беради. Бошқарув заифлиги, ҳамма учун аниқ-тиниқ қоидалар йўқлиги – ҳаёт йўлларидаги боши берк стратегиядир.

Интернет сарҳадларидан Гавҳар Насруллоҳ таржимаси.

Муаллифдан:

Ушбу назария ҳақида, хусусан ўтган асрнинг 90-йилларида қандай қилиб Нью Йорк шаҳридаги тартибсизликларга барҳам берилгани ҳақида ҳам маълумотлар кўп экан. Айнан метрополитенда кузатилган кўплаб жиноят ва тартибсизликлар, метро вагонларига чизиб ташланган граффитиларни йўқотиш, кейинги босқичда эса, чиптасиз йўловчиларни камайтиришга қаратилган чоралар катта натижалар бергани кўрсатилган. Яъни, биз учун арзимас, майда-чуйда бўлиб кўринган кичик бир эътиборсизлик маълум маънода бошқаларини етаклаб келади.

Аҳамиятсиз кўринган кичик тартибсизликка барҳам бериб, биз ёқимсиз воқеалар занжири ҳосил бўлишига йўл қўймас эканмиз.

Бундай ёндашув оилавий масалаларда, фарзанд тарбиясида, ишхона ва меҳнат муносабатларида, умуман ҳаётнинг ҳар жабҳасида қўлланилса ҳам фойда келтирадиган ёндашув бўлади, шубҳасиз.

Суратда Санкт-Петербург шаҳридаги ташландиқ кинотеатрнинг синган ойналари акс этган.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг