Қозоқлар ҳақида айрим фикрлар

0
1527
Фото: www.facebook.com

Қозоқлар ўзбекларга энг яқин туркий халқ. Қозоқ уруғлари ўзбек уруғлари билан деярли мос келади. Дини, тили, антропологияси, этник хусусиятлари ва турмуш тарзига кўра ўзбеклардан унчалик фарқ қилмайди.

Аниқ фарқлар асосан XV асрдан кейин шаклланган давлатчиликлар маданияти доирасида юзага келган. Биз тиш тирноғимиз билан қаршилик қилиб ўзимизга яқинлаштиришни истамаётган Олтин Ўрда тарихини, жумладан Ўзбекхонни ҳам ўзиники деб билади.

Қозоқлар ўзини баланд тутишни яхши кўрмайди. Шунинг учун ўзбек миллатига нисбатан “ўз иним” деб эмас, “ўзбегим ўз оғам” деб мурожаат қилади.

Қозоқлар турклардан кейин иккинчи бўлиб барча туркий халқларни битта халқ сифатида тан оладиган, тарихини умумтуркий қарашда ўрганадиган миллатга айланган. Шунинг учун улар Тўмарису Широқ, Алпомишу Манас, Тўғрулбек Салжуқ, Ўзбекхон, Султон Боязид, Амир Темур, Бобур, Шайбонийхон, борингки ҳамма туркийлардан чиққан машҳур шахслар, афсонавий ёки ҳақиқий қаҳрамонларни ўз аждоди сифатида қабул қилади.

Қозоқларнинг тўрттаси тугал ўтириб, махфий суҳбат қилса, улардан биттаси туриб кетиб қолган учтасини сотмайди. Улар чақимчи, сотқин ва аризабозларни ёқтирмайди, икки орага қўшмайди. Замонавий жаргонда уларга нисбатан “чўрт” деган умумий лақаб берилган. “Чўрт”ларнинг жамиятда яшаши қийин. Кўпинча уларни дўппослаш ҳолатлари ҳам кузатилади.

Қозоқлар бир масала устида тортишиб қолса, баъзан дўппослашишгача борса ҳам тезда тарқалишади. Кек сақлаш уларда ҳам бор, аммо бошқа миллатларга нисбатан анча кам уруғ отган.

Қозоқлар ўз ота уруғини қаттиқ ҳурмат қилади. Эгзогам никоҳ сақланган. Яъни эркаклар ўз уруғидан бўлган аёлга уйланмайди. Дунёнинг икки четида яшайдиган қозоқнинг найман ёки бошқа уруғига мансуб йигит билан, найман қизни, агарки уларнинг аждодлари минг йил кўришмаган бўлса ҳам никоҳлаш маъқулланмайди. Агар сиз ўзбек бўлиб, уруғингиз уларники билан мос келса сизга ҳам шундай муносабатда бўлишади.

Қозоқларда мени лол қолдирган, миллий бирликни сақловчи ажойиб мақол сақланган:

Қол ұстасқан құламайды. Яъни: Қўл ушлашган қуламайди.

Қозоғистонда миллий ўзликни англаш (ұлттық өзін-өзі тану) масаласи долзарблигига кўра доим биринчи ўринда туради. Шунинг учун миллий бирлик масаласи конституцияга зид бўлмаган ҳолда илмий ечимини топган.

Миллий ғурур масаласи афсонавий шахслар номини улуғлаш ёки ҳовлиқма шеърхонлик билан эмас, конкрет тарихий фактлар ва этник қадр-қиммат доирасида ҳал этилган.

Қозоқлар Қозоғистоннинг титул миллати ўлароқ, миллий ва этник ҳақ-ҳуқуқларининг поймол бўлишига йўл қўймайди. Шунинг учун унча мунча миллатга хиёнат қилаётганларни ҳам “Сен ҳам қозоқмисан?!” деган танали савол анча чўчитиб, ўйлантириб қўяди.

Қозоқлар орасида ҳам ўғри, безори, каззоблар, фирибгар, порахўр ва бошқа ахлоқсизликлар кўп учрайди. Аммо улар жазоланиб қолишдан доим чўчиб туришади. Яъни айб иш доим оммавий нафрат билан қарши олинади.

Қозоғистоннинг шаҳарлари европалашган, у ерда она тилини билмайдиган қозоқлар ҳам кўп учрайди. Қишлоқларда миллийлик сақланган. Жанубий вилоятларда миллий маданият шимолга нисбатан анча яхши ривожланган.

Қозоғистонда ислом маърифий йўналишга тушган. Китоб дўконларида қуръон, тафсир, маънолар таржимаси, ақийда китобларини бемалол топса бўлади.

«Асыл Арна» исломий – маърифий телеканали фаолият кўрасатади. Олий диний таълим бериш Миср давлати (Нұр-Мүбарак Египет ислам мәдениеті университеті) билан ҳамкорликда йўлга қўйилган. Деярли ҳамма катта шаҳарларда мадрасалар ёки Қуръон ўқитиш марказлари бор. Мадрасаларга 5-синфдан қабул қилинади, у ерда исталган давлатдан келган ҳанафий мазҳабидаги домла дарс бериши мумкин. Масжидларда ҳам диний таълим берилади. Озгина диний илмга эга бўлганларга ҳам катта ҳурмат билан қаралади.

Қозоғистонда кекса намозхонлар ибодатларида бир мунча ширк аралаштиришади. Исломгача бўлган одатларни исломий маросимларда қўшиб ишлатишади. Дуоларда ҳам ширк сезилади.

Аммо ёшлар бутунлай бошқача. Қозоқ ёшлари бугунги кунда тавҳид нима эканлигини яхши билади. Мен бу ҳақда бир қозоқ биродаримиздан сўрган эдим, ажойиб тарзда жавоб берди:

“Мечетларда, шопан ата қолдасин, ата-бабамиздинг арваи қолдасин!, деб жататан имамлар жўқ бўп кетгеннан сўнг, орнина ғалим имамлар келип, бари жақсиланиб кеттиғўй”.(масжидларда чўпон ота қўлласин, ота-бобомизнинг арвоҳи қўлласин, деб дуо қиладиган имомлар кетиб, ўрнига олим имомлар келгач бари яхшиланиб кетди)

Қозоқ олимларининг кўпчилиги фазилатли шайхимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни ўзига устоз деб билади. Унинг китоблари Қозоғистонда севиб ўқилади. Қизиқарлиси, қозоқ биродарларимиз кўпроқ исломий китобларни рус тилида ўқишади ва ҳайрон қоларлиси, рус тилида жуда яхши тушунтириб ҳам бера олишади.

Қозоғистонда масжидларга ҳам эътибор жуда катта. Намозхонлар таҳорат олиши ва ибодат қилиши учун қулай шароитлар яратилган. Намозхонлар сони эса сезиларли даражада кўпайган. Бу албатта биринчидан исломнинг маърифий йўлга тушганлиги билан боғлиқ бўлса, иккинчидан Қозоғистон халқининг тийнатидаги эзгу хоҳиш-истаклари билан боғлиқдир. Қувонарлиси, бугун Қозоғистон масжидларига келаётган намозхонлар орасида ёшлар қарияларга нисбатан мутлақ кўпчиликни ташкил этади.

Қозоғистон мусулмонларида диндан чиқишга ва динга қарши чиққанларга қатъий нафрат шаклланган. Бунда қозоқларнинг асрлар давомида мусулмонлар ва кофир қавмлар орасида қалқон (буфер) вазифасини ўтаб келганлиги сезилиб туради. Ҳамон хитой, мўғул, ойрот, қалмиқ каби халқларга нисбатан нафрат инстинкти ҳамон одамлар руҳиятида сақланиб қолган.

Мухтасар қилдим!

Анвар Буранов

(Контекст энди ёзилаётган “Қозоқлар” номли китобдан олинди)

 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг